Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 15 сентябрь куни ташриф билан мамлакатимизга келди.
15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин музокара ўтказдилар.
Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқалар
Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқалар кенгайиб бормоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан товар айирбошлаш икки баробардан зиёд кўпайди, ўтган етти ойда эса ўзаро савдо 30 фоиздан ортиқ ўсди. Эътиборлиси, икки томонлама савдо ҳажмининг 70 фоизи юқори қўшилган қийматли маҳсулотлардан иборат.
Саноат кооперацияси жадал суръат билан ривожланмоқда. Кейинги йилларда кон-металлургия, ёқилғи-энергетика, кимё, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда 100 дан ортиқ қўшма лойиҳалар бошланди.
Томонлар, энг аввало, электроника, фармацевтика, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида индустриал-технологик шерикликни ривожлантириш бўйича комплекс ҳаракатлар режасини қабул қилишга келишиб олдилар.
Ушбу ташриф доирасида машинасозлик, кимё, нефть-кимё ва геология соҳалари бўйича 4,6 миллиард долларлик янги инвестиция битимлари имзоланаётгани қайд этилди.
Икки давлат раҳбарлари долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар
Ҳамкорликни кенгайтиришда ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим ўрин тутади. Биринчи ярим йилликда икки мамлакат ўртасида 50 га яқин ташрифлар бўлди.
Томонлар Ўзбекистон ҳудудларида қўшма саноат паркларини ташкил этиш, жорий йил октябрь ойида Ўзбекистон ва Россия ҳудудларининг навбатдаги форумини ўтказишга келишиб олдилар.
Шунингдек, Президентлар тадбирларга бой ва кенг кўламли маданий-гуманитар ҳамкорликни юксак баҳоладилар.
Россия олий таълим муассасаларининг хориждаги филиаллари сони бўйича Ўзбекистон етакчи ўринда туради. Сўнгги тўрт йилда юртимизда ушбу мамлакатнинг 12 та етакчи олийгоҳи филиаллари очилди ва жами 15 тага етди.
Туризм соҳасидаги алоқалар ҳам фаол ривожланмоқда. Жорий йилда Россиядан Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони пандемиядан олдинги кўрсаткичлардан ошди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Самимий ва дўстона ўтган учрашув якунида томонлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.
Мамлакатлар ўртасида ҳужжатлар тўплами имзоланди
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзоладилар.
Маросим Самарқанддаги самарали музокаралар якунида бўлиб ўтди.
Мазкур декларация Ўзбекистон ва Россиянинг кўп қиррали ҳамкорлиги ривожида янги босқич бошланганидан далолат беради. Унда ўзаро алоқаларга алоҳида эътиборга молик яқин ва жадал ҳамкорлик сифатида қаралиши қайд этилган.
Хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, атом энергетикаси, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни аниқ йўналишлар асосида ривожлантириш кўзда тутилган.
Умуман, Ўзбекистон–Россия муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий асосини 350 дан зиёд ҳужжат ташкил қилади.
Изоҳ қолдириш