Сурхондарёда янги ташкил этилган туманга ҳоким, прокурори ва ички ишлар бошлиғи тайинланди

Сурхондарёда янги ташкил этилган туманга ҳоким, прокурори ва ички ишлар бошлиғи тайинланди

Сурхондарё вилоятида қайтадан ташкил этилган Бандихон туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов, вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, тумандан сайланган Халқ депутатлари вилоят Кенгаши, туман Кенгаши депутатлари, фаоллари ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

8 йил аввал тугатилган туман қайта ташкил этилди

Сурхондарё вилоятида бундан 28 йил муқаддам ташкил этилган Бандихон тумани тугатилиб, қўшни туманларга қўшилганига 8 йил бўлди. Бироқ, шу даврда ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан анча ортда қолиб кетди. Аҳолининг турмуш шароитида туб ўзгаришлар сезилмади. Хусусан, 76 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда 41 та умумтаьлим мактаби, учта ўрта махсус, касб-ҳунар таьлими, 1 та тиббиёт, 3 та мактабгача таьлим муассасаси мавжуд бўлиб, шу йилларда мазкур соҳаларда бирорта янги муассаса қурилмаган. Йўллар ўнқир-чўнқир бўлиб қолган. Маданият, спорт, тадбиркорлик соҳалари ривожланмади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таьминлаш аянчли аҳволга келган.

Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига кўра туманда кўплаб тадбирлар амалга оширилади

Давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори билан қайта тикланаётган туманни 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури қабул қилинди. Кейинги 2-3 йил ичида ҳудудда саноат, хизматлар ва сервис инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 130 га яқин лойиҳани амалга ошириш орқали 1 минг 200 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш, туман ҳудудидан ўтувчи давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларнинг 85 километр қисмини таъмирлаш, ички автомобиль йўлларининг 50 километр қисмига асфальт ва 309 километр тупроқли йўлларга шағал қоплама ётқизиш, 38,4 километр электр узатиш тармоқларини янгидан тортиш ва реконструкция қилиш, 15 дона трансформатор пунктларини ўрнатиш, 91 километр ичимлик суви тармоқлари, 11 дона сув қудуқларини қуриш ва таъмирлаш сингари кўплаб тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Туманнинг қайта тиклангани бу ерда ягона бошқарувни йўлга қўйиб, аҳоли учун ижтимоий-маиший қулайликлар яратишда муҳим ўрин тутади.

Сессияда ташкилий масала кўрилди

Қизириқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Чориев Ўткир Абдузоирович Бандихон тумани ҳоким этиб тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига асосан, Худоёров Анвар Эшмуродович Бандихон тумани прокурори этиб тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан, Бердиназаров Акмал Баратович Бандихон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи этиб тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг буйруғига асосан, Эшбоев Абдуалим Муҳаммадиевич Бандихон тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар