11 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларни обод қилиш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир аввалида бошланган ислоҳотлар, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг барчаси инсон қадрини таъминлаш орқали аҳолини рози қилишга қаратилгани яна бир бор таъкидланди.
Жорий йилги дастурлар доирасида 4 100 та маҳаллани обод қилиш, боғча, мактаб, соғлиқни сақлаш, сув, электр, канализация билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишга бюджетдан қарийб 29 триллион сўм маблағ ажратилгани кўрсатиб ўтилди.
Бунинг натижасида:
- жойларда 580 та трансформатор, 20 минг километр тармоқлар янгиланиб, 413 та маҳалладаги 1,5 миллион нафар аҳолининг электр таъминоти яхшиланди.
“Аҳолини рози қилиш бўйича ҳали олдимизда кўплаб вазифалар турибди” – Президент.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ ҳудудларга ишчи гуруҳлар юборилиб, улар 9 370 та маҳалланинг ҳар бирига кириб, аҳолининг кайфиятини ўрганиб, уни қийнаётган муаммолар рўйхатини шакллантирди.
Аҳоли томонидан йўл, ичимлик суви, суғориш тизими, электр, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ 12 мингта масала ва таклиф кўтарилган.
“Барча ҳоким ва вазирлар эшитиб олсин. Президент сиёсати ва талаби шундай: ҳеч бир фуқаро ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак. Аҳоли кайфияти – ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси.
Катта-кичик бўладими, аҳолимиз кўтарган ҳар бир муаммога ўз вақтида муносабат билдириш, уларни босқичма-босқич ҳал қилиш барча даражадаги раҳбарларнинг энг устувор вазифаси бўлиши шарт ва зарур”, деди Президент.
Видеоселектор йиғилиши давомида Президентимизга Тошкентда ўтаётган дзюдо бўйича жаҳон чемпионати финалида ҳамюртимиз Музаффарбек Тўрабоев ўз рақибини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлгани ҳақида хабар берилди. Давлатимиз раҳбари ушбу янгиликни катта мамнуният билан қарши олиб, спортчимиз ва бутун халқимизни ғалаба билан табриклади.
Маҳаллаларни обод қилиш ва уларга инфратузилма олиб бориш дастурларини ишлаб чиқишда аҳоли кўтарган 12 мингта масалани ҳам ҳал қилишни ўз ичига оладиган янги тизим яратилади.
Энг аввало, 4 979 та маҳалладаги ички йўллар, ичимлик суви ва оқова тизими, электр энергияси ва газ таъминоти, боғча, мактаб ва спорт объектлари, ободонлаштириш, суғориш, кўчаларни ёритиш ва бошқа масалаларни ҳал қилишга бир ой муддатда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармаларига 1,7 триллион сўм йўналтириш топширилди. Эҳтиёжга қараб, йил якунига қадар яна 1 триллион сўм ажратилиши таъкидланди.
Жорий йилнинг иккинчи ярмида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 9 201 та маҳалла иштирок этиб, 38 мингта лойиҳага 8 миллион аҳоли овоз берди (биринчи ярим йилликда 4 мингта маҳалла қатнашган). Бу борада, Фарғона, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари аҳолиси фаол бўлди.
Овоз бериш якунларига кўра, 1 418 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, улар учун жами 1 триллион сўм маблағ ўтказиб берилди.
Президент “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлигини таъкидлади. Шу боис, бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилди.
200 дан ортиқ аҳоли қўллаб-қувватлаган маҳалла шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни жиҳозлашга келгуси йилда қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Бу орқали 195 та лойиҳа доирасида 600 та маҳалла аҳолиси қамраб олинади.
Шу билан бирга, келгуси йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига берилади. Умуман, келгуси йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилиши белгиланди. Бунда “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 триллион сўмга етказилади.
“Шунда адолат бўлади, одамлар ўзлари ҳисса қўшган лойиҳаларни албатта асраб-авайлайди”, деди Президент.
Давлатимиз раҳбари мутасаддилар эътиборини республика бўйича 1,5 мингта маҳалла аҳолиси бирорта лойиҳага овоз бермаганига қаратди. Яқинда маҳаллаларда раислар сайлови бўлиб ўтгани, янгидан сайланган раислар одамларга ваъдалар бергани, лекин тақдим этилаётган бу имкониятдан фойдаланмаётганини кўрсатиб ўтди. “Мудраб ўтирган” раисларни фаолликка чақириш, керак бўлса ўқитиш кераклиги таъкидланди.
Ҳар бир маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиши айтилди.
Келгуси йил 1 январдан бошлаб ҳар бир вилоятнинг биттадан туманида тажриба тариқасида аҳолининг мол-мулк ва ер солиғини ундириш маҳалланинг ўзига ўтказилади. Бунда:
- келгуси йил якунида ушбу тажриба барча ҳудудларда жорий қилинади.
Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг бориши ҳам кўриб чиқилди.
“Яшил макон” доирасида йил якунига қадар 75 миллион дона ва 2023 йил баҳор ойларида яна 125 миллион дона мевали ва манзарали кўчатлар экиш вазифаси қўйилди.
Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича долзарб 40 кунлик эълон қилинади.
Аҳоли хонадонларида ва дала четларида кўпроқ мевали дарахтлар ва сабзавот экишни фаол тарғиб қилиши кераклиги таъкидланди.
“Дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳаллаларимизнинг маданиятига айланиши лозим”, деди Президент.
Вилоят ҳокимларига куз мавсумида кам таъминланган 500 минг хонадонга 10 тупдан мевали дарахтлар кўчатини бепул тарқатиш топширилди.
Изоҳ қолдириш