“The Boston Consulting Group” компанияси стратегик консалтинг соҳасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан ҳамкорлик қилади

“The Boston Consulting Group” компанияси стратегик консалтинг соҳасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан ҳамкорлик қилади

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев стратегик консалтинг соҳасидаги етакчи компаниялардан бири бўлган “The Boston Consulting Group” раҳбарлари, жумладан Бошқарув директори, Марказий Осиё ва Каспий ҳудудларидаги BCG раҳбари Нуриев Рза ва Бошқарув директори Владимир Рогов билан учрашди.

Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизмати хабар қилди.

Учрашув доирасида хорижий томон нефть ва газ соҳасида амалга оширилаётган трансформация ислоҳотлари ҳамда бунинг натижасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан эришилган ютуқлар, режалаштирилган ишлар ҳамда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, “Ўзбекнефтгаз” АЖда бугунги кунда трансформация соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бўлиб, тизимга жаҳон стандартларини жорий этиш бўйича 3 йиллик режа ишлаб чиқилди.

Бошқарув раиси томонидан, бурғилаш ва қудуқларни мукаммал таъмирлашнинг операцион самарадорлигини ошириш йўлида ҳам қатор муваффақиятларга эришилгани таъкидланди.

Ўз навбатида, “The Boston Consulting Group” компанияси мутасаддилари стратегик консалтинг соҳасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдиришди.

Дунёнинг барча минтақаларида, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам саноатнинг асосий тармоқлари етакчилари учун бундай лойиҳаларни амалга оширишда маслаҳатчиларнинг катта тажрибаси қайд этилди.

Учрашув якунидан томонлар маслаҳатчиларнинг “Ўзбекнефтгаз” АЖни қисқа ва узоқ муддатли ривожлантиришга оид фикрлари ва таклифларини батафсил ўрганиб чиқиш бўйича келишувга эришдилар.

Маълумот учун, “The Boston Consulting Group” биринчи стратегик маслаҳатчи ҳисобланади. Бугунги кунда BCG кўплаб бизнес раҳбарлари ва нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилмоқда.

Компаниянинг асосий вазифаси – бизнесни бошқариш ва ривожлантириш бўйича маслаҳат бериш: янги стратегияларни ишлаб чиқиш, иш самарадорлигини ошириш, янги технологиялар ва концепцияларни ўзлаштириш.

Компания “McKinsey & Company” ва “Bain & Company” билан бир қаторда “бошқарув консалтингининг катта учлигига” киради.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар