Тўлов-контракт миқдорини оширмайдиган ОТМлар рўйхати маълум қилинди

Тўлов-контракт миқдорини оширмайдиган ОТМлар рўйхати маълум қилинди

Тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган 10 та олий таълим муассасасида 2020/2021 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорини оширмасликка қарор қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 1 январдан бошлаб, тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган 10 та олий таълим муассасалари рўйхати тасдиқланганди.

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасалари руйхати:

  • Самарқанд давлат чет тиллар институти;
  • Самарқанд иқтисодиёт ва сервис университети;
  • Тошкент давлат юридик университети;
  • Тошкент давлат иқтисодиёт университети;
  • Тошкент молия университети;
  • Тошкент давлат шарқшунослик институти;
  • Тошкент фармацевтика институти;
  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
  • Урганч давлат университети;
  • Тошкент темир йўл муҳандислари институти.

Хабарга кўра, Президентнининг 12 июндаги давлат ажратадиган квотаси тўғрисидаги қарорида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасаларига ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосда ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилган эди.

Таъкидланишича, 19 июнь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтган 10 та ОТМ раҳбарлари иштирокида мажлис ўтказилди ва унда Президентнининг юқорида қайд этилган қароридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосда ўқитиш қийматини белгилаш масаласи муҳокама қилинди.

«Пандемия шароитидан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, талаба-ёшларнинг таҳсил олиши учун қулай шароитларни яхшилаш мақсадида 2020/2021 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорини оширмасликка қарор қилинди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, бир йиллик шартнома қиймати меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб белгиланишини инобатга олиб, ушбу миқдор ўзгарганда масалани қайта кўриб чиқишга келишиб олингани маълум қилинди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар