Тошкент давлат стоматология институти Испанияда ўз филиалини очди

Тошкент давлат стоматология институти Испанияда ўз филиалини очди

Жорий йилнинг 30 октябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар» масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида республикадаги олий таълим муассасаларига бир қатор вазифалар белгиланган эди. Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат стоматология институти юқори малакали ва рақобатбардош тиббиёт кадрларни тайёрлашда, таълим ва фан соҳаларидаги хорижий илғор тажрибаларни ўрганиш ва татбиқ этишда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга катта эътибор бермоқда.

Жумладан, Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва уни минтақавий таълим сифатида танитишда, Испаниянинг Балеар университетининг АДЕМА стоматология университетида Тошкент давлат стоматология институтининг филиали ташкил этилди. Бу ҳақда Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати хабар қилди.

2020 йилнинг 18 декабр куни Испаниянинг Палма де Майорка провинцияси раҳбарияти, Испаниянинг соғлиқни сақлаш вазирлиги, Балеар университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мазкур келишув имзоланди.

Онлайн конференция тарзида ўтказилган музокарада Испания соғлиқни сақлаш вазири П.Гомес, Пальма де Майорка шаҳри мэри Х.Хила, Балеар университети Президенти Д.Карасско, Испаниянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Карлос Мартинес иштирок этишди.

Ушбу ҳамкорлик доирасида ҳар иккала олий таълим муассасаси томонидан ҳар йили 30 нафар педагоглар дарс машғулотларига жалб этилиши, стоматологиянинг олтита йўналиши бўйича испаниялик мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малака оширишлари учун курсларда ўқитишга келишиб олинди. Шунингдек, 2021 йилдан 100 нафар испаниялик талаба стоматология йўналиши бўйича малака курсларига қабул қилинади ва испаниялик беморларга Ўзбекистондаги тиббий туризм тизими салоҳиятидан фойдаланишга шароит яратиш каби йўналишлар белгилаб олинди.

Маълумот ўрнида: Испаниянинг Балеар университети 1978 ташкил этилган бўлиб, Балеар хукумати томонидан бошқарилади. Бугунги кунда 18.000 зиёд талабалар ижтимоий-гуманитар, тиббиёт, стоматология, техника, ахборот технологиялари каби йўналишларда таълим олишмоқда. Университет қошидаги 7 илмий лабораторияларида биологии, экология, рақамли тиббиёт ва генетика йўналишларда илмий-тадқиқот изланишлар олиб борилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар