Тошкент метросининг «Юнусобод» йўлидаги 2 та янги бекат қуриб битказилди (фото)

Тошкент метросининг «Юнусобод» йўлидаги 2 та янги бекат қуриб битказилди (фото)

Тошкент метросининг «Юнусобод» йўналишидаги «Туркистон» ва «Юнусобод» бекатлари тўлиқ қуриб битказилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси томонидан маълум қилинди.

Компания томонидан хабар берилишича, узунлиги 2,9 километр бўлган «Туркистон» ва «Юнусобод» метро бекатларида қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишлари ниҳоясига етиб, «Шаҳристон» бекатига уланди. Метро поездларининг синов тариқасида ҳаракатланиш ишлари амалга оширилди.

«Тошкент метро лойиҳа» масъулияти чекланган жамияти лойиҳалари асосида бунёдкорлик ишлари бажарилган объектнинг умумий қиймати 103,8 миллион долларни ташкил этади.

Таъкидланишича, ушбу лойиҳанинг ерости туннель қисмини бурғулаш ишлари Германия технологияси асосида механизациялаштирилган комплекс ёрдамида амалга оширилган ҳамда юқори сифатли темир-бетон тюбинглар ўрнатилган. Ҳар бир бекат комплекс қурилишида монолит бетон услуби қўлланилган.

Ерости туннель қисмининг ўнг ва чап йўналиши бўйича бурғулаш ишлари 100 фоиз бажарилиб, «Шаҳристон» бекатига уланди. Туннель қисмининг икки йўналиши бўйича коммуникация (электр ва алоқа кабелларни тортиш) ишлари якунланди. «Туркистон» ва «Юнусобод» бекатларида қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишлари ҳам якунига етди ҳамда бекатларнинг 4 томонли пиёдалар ўтиш йўлаклари тўлиқ қуриб битказилди.

Шунингдек, ерости туннель қисми ва бекатларнинг ўнг ва чап йўналишларида 2,9 километрдан иборат темир йўлларни ётқизиш, электр ва алоқа ўтказгичларини ўтказиш ишлари бажарилиб, ушбу ётқизилган темир йўлдан метро поездлари синов тариқасида ҳаракатланди. «Туркистон» ва «Юнусобод» бекатлари безакларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қурилиш хом ашёларидан фойдаланиб, замонавий турникетлар, ерости туннель қисми ва бекатларида эса электр тежамкорли ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Имконияти чекланган, кўзи ожиз йўловчилар учун бекатлар платформасида махсус бўртиб чиққан тактил плиткалар ётқизилган. Шунингдек, бекатларга тушиш ва чиқиш зиналарида ногиронлар аравачаси билан кириб-чиқишда фойдаланиладиган замонавий қияли электромобил аравачалар ўрнатилган.

Маълум қилинишича, қурилиш ишларида Германия ҳамда Италия корхоналарида ишлаб чиқарилган замонавий қурилиш техникаларидан ҳам фойдаланилган. Хусусан, иккита 220 тоннали юкни кўтарадиган занжирли кран, учта 70 тоннали юқори аниқликдаги (телескопик) автокран, ишлаб чиқариш қуввати соатига 20 ва 40 куб метрни ташкил этувчи мобил бетон заводлари, металлопрокатга ишлов берувчи 14 та қурилма, иккита ўта оғир, 350 тоннали юкларни ташувчи автоулов ҳамда қурилиш қозиқлари қоқадиган ва бурғулаш ускуналаридан ерости бекати ҳамда йўналишларини қуришда фойдаланилган.

Таъкидланишича, «Туркистон» бекати ўзига хос кўркам дизайни бўйича Тошкент метрополитенининг ҳеч бир бекатини такрорламайди. Ушбу бекатнинг чап ва ўнг томонидан иккитадан, жами тўртта кириш йўлаги қурилди ва атрофи ободонлаштирилиб, замонавий мониторлар ўрнатилди.

Бекатнинг ички қисми оппоқ мармар плиталар билан безатилган бўлиб, 100 метрли перрон ва унда икки қатор оқ мармар тошлар билан пардозланган устунлар ўрнатилган. Бекат деворининг бир томонига Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Туркманистон давлатларининг диққатга сазовор жойлари, тарихий масканлари, иккинчи томонига эса Ўзбекистоннинг қадимий Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳамда Фарғона вилоятининг тарихий мақбаралари, муқаддас қадамжолари мозаика кўринишидаги суратларда ишланган.

Бекатнинг ҳар бир ҳудуди тўлиқ кузатув ва хавфсизлик камералари, кондиционерлар ҳамда ҳаво вентиляторлари ва товуш чиқарувчи техникалар билан жиҳозланган. Бекатларга кириш ва чиқиш ҳудудларида йўналиш белгилари ўрнатилган.

Қайд этилишича, «Юнусобод» бекати «Туркистон» бекатига нисбатан қурилиши ва безак бериш учун ишлатилган материаллар ранги ва кўриниши ҳамда дизайни бўйича бироз фарқ қилади. Икки бекат кўриниши ва фасади бир-бирини мутлақо такрорламайди. «Юнусобод» бекатининг ички қисми ҳамда 100 метрли перрон ўзига хос қия шаклида бунёд этилган. Перрон ўртасида бир қаторли нақшинкор устунлар бунёд этилган.

Бекатга кириш қисмида Тошкент шаҳрининг замонавий ва қадимий кўриниши акс этган тасвирий ойна кўринишидаги суратлар ўрнатилган. Бекатнинг икки томони эса олтита замонавий монитор билан жиҳозланган.

Юнусобод йўналиши янги бекатлар билан ҳисоблаганда саккизта бекатдан иборат: Аҳмад Дониш кўчасида қурилган «Тукистон», «Юнусобод» ҳамда мавжуд «Шаҳристон», «Бодомзор», «Минор», «Абдулла Қодирий», «Юнус Ражабий», «Минг ўрик». Ушбу йўналиш «Юнус Ражабий» бекатидан «Чилонзор» йўлининг «Амир Темур», «Минг ўрик» бекатидан эса «Ўзбекистон» йўлининг «Ойбек» бекатига уланади.

Маълум қилинишича, ушбу янги бекатлар фойдаланишга топширилгач, бир кунда «Юнусобод» бекатида қўшимча 5 минг йўловчига, «Туркистон» бекатида эса 2,5 минг йўловчига хизмат кўрсатилади.

Аввалроқ Тошкент ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган Дўстлик—Қўйлиқ метро линияси қуриб битказилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, «Юнусобод» йўлининг иккинчи босқичи ҳамда ерусти ҳалқа метро йўлининг биринчи босқичини 2020 йил мартида фойдаланишга топшириш режалаштирилганди.

Маълумот учун, «Юнусобод» йўлининг мазкур иккита янги бекатини қуриш ишлари чоғида 2019 йилнинг 18 декабрь куни тупроқ ўпирилиб тушиши оқибатида олти нафар ишчи ҳалок бўлган.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар