Ўзбекистонлик тадбиркорлар ўз маҳсулотларини Хитойнинг “Sam’s Club China” савдо марказлари тармоғида сотишлари мумкин

Ўзбекистонлик тадбиркорлар ўз маҳсулотларини Хитойнинг “Sam’s Club China” савдо марказлари тармоғида сотишлари мумкин
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тадбиркорларни маҳсулотларини Walmart шўба корхоналарида жойлаштиришга таклиф қилади.

Ўзбекистоннинг миллий маҳсулотларини Хитой бозорига экспортини ривожлантириш мақсадида Хитойнинг “Sam’s Club China” улгуржи ва чакана савдо марказлари тармоғи билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

“Sam’s Club China” савдо марказлари тармоғи АҚШнинг “Walmart Inc.”савдо тармоғига қарашли бўлиб, Хитойда фаолият юритаётган мазкур савдо тармоқлари учун халқ истеъмоли товарларини чет элдан импорт қилиш билан шуғулланади.

“Sam’s Club China” савдо марказлари тармоғи бўйича батафсил маълумотни веб-сайтидан олишингиз мумкин.

“Sam’s Club China” савдо марказлари орқали ўз маҳсулотларини Хитойда сотмоқчи бўлган тадбиркорлик субъектлари иловадаги сўровнома-анкетани тўлдирган ҳолда “Sam’s Club China” савдо марказлари тармоғига тақдим этишлари, маҳсулот етказиб бериш таклифлари саралаб олингандан сўнг, “Sam’s Club China” савдо маркази томонидан ҳамкорлик шартлари ва талаблари маълум қилинади.

Ҳозирда Савдо-саноат палатаси томонидан Хитойнинг “Sam’s Club China” савдо марказлари тармоғида ўз маҳсулотларини сотиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектларининг таклифлари йиғилмоқда.

Шу муносабат билан, Хитойнинг “Sam’s Club China” савдо марказлари тармоғида ўз маҳсулотларини сотиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектлари иловадаги сўровнома-анкеталарни тўлдириб, электрон кўринишда 2021 йил 1 апрелга қадар Палатанинг Экспортга кўмаклашиш бошқармаси expo@chamber.uz электрон манзилига тақдим этишлари мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар