Жорий йилнинг 12 июль куни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов "Мерос" жамғармаси (АҚШ) делегацияси вакиллари, Халқаро савдо-иқтисодиёт маркази директори Терри Миллер ва “Иқтисодий эркинлик” индексининг муҳаррири ва тадқиқот раҳбари Энтони Ким билан учрашди.
Муҳокама учун асосий мавзулардан Ўзбекистоннинг «Index of Economic Freedom - 2021» (Иқтисодий эркинлик индекси) ҳисоботидаги эришган натижалари бўлди.
Иқтисодий эркинлик индекси 1995 йилдан бери "Heritage Foundation" тадқиқот маркази томонидан The Wall Street Journal билан ҳамкорликда тузилган.
Индекс 0 (энг паст) дан 100 (энг юқори) гача бўлган миқёсда дунё давлатларини мулк ҳуқуқи, суд тизимининг самарадорлиги, ҳукуматнинг иштироки, солиқ юки, давлат харажатлари, молиявий соғлиқни сақлаш, бизнес эркинлиги, меҳнат бозори эркинлиги, пул эркинлиги, савдо эркинлиги, инвестиция эркинлиги ва молиявий эркинлик каби 12 таркибий кўрсаткичларига бўлинган тўртта асосий йўналишда баҳолайди.
Иқтисодий эркинлик индекси рейтингида Ўзбекистон сўнгги йилларда эътиборга молик натижаларга эришди, чунки мамлакат 2018 йилдаги 152-ўриндан 2021 йилда 108-ўринга кўтарилди. Тўрт йил давомида ўсиш 44 позицияни ташкил этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори О. Ҳакимов меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди.
Музокаралар давомида томонлар бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, давлатнинг жаҳон миқёсидаги, жумладан, Марказий ва Жанубий Осиёдаги янгиланган ташқи сиёсатини муҳокама қилдилар, ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини батафсил кўриб чиқдилар.
Ўз навбатида, Америка томони Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар ва ислоҳотлар жуда муҳим ва ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидлади.
Учрашув давомида Марказ директори О. Ҳакимов меҳмонларга Марказнинг бугунги тадқиқотлари ҳақида маълумот берди. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) доирасида интеграция жараёнларининг таъсирини ва батафсил таҳлилини баҳолаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, меҳмонлар ушбу тадқиқотларга алоҳида қизиқиш билдиришди. Хусусан, тадқиқотчилар ЕОИИга аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодиётига қандай-ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини сўрашди.
Ташриф чоғида Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари, шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, минтақавий ва глобал савдо-иқтисодий тузилмалар билан ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида америка вакиллари томонидан Ўзбекистон иқтисодиёт ва ЯИМ бўйича энг тез суръатлар билан ўсиб бораётган мамлакатларидан бири эканлиги ҳамда шу билан мазкур индекс кўрсаткичларининг жадал ўсиши алоҳида қайд этилди. Ўзбекистонда давлат тасарруфидаги корхоналарни хусусийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга меҳмонлар томонидан алоҳида қизиқиш билдирилди.
Учрашув якунлари бўйича 2021 йилда ИТИМ тадқиқот дастури асосида томонлар ўртасида янада яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Изоҳ қолдириш