Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни Қашқадарё н GTL” заводига ташриф буюрди.
Бу жой атиги бир неча йил олдин қуруқ чўл эди. Қисқа вақтда бу ерда гигант корхона, кимё кластери қад ростлади. Унинг қурилиши давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келди. Президентимиз 2017 ва 2018 йилларда бу ерга келиб, жараён билан яқиндан танишган эди. Охирги йиллардаги пандемия шароитида ҳам иш тўхтовсиз давом эттирилиб, завод бугун қуриб битказилди.
Шавкат Мирзиёев мажмуа бўйлаб юриб, технологияларни кўздан кечирди.
Завод ҳам қиймати, ҳам миқёсига кўра улкан. Унинг қиймати 3 миллиард 420 минг АҚШ доллари, бинолар майдони 135 гектар. Қурилишда бир вақтнинг ўзида 13 мингдан ортиқ муҳандис ва ишчилар қатнашгани бу ерда нақадар кенг кўламли ишлар бажарилганини кўрсатади.
Бундай йирик мажмуа шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлатда – Қатар, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси ва Малайзияда барпо этилган, холос.
Заводда Япония, Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Россия, Хитой каби 24 та давлатдаги 130 га яқин етакчи корхоналарда тайёрланган 10 мингдан зиёд ускуналар ўрнатилган. Технологик ечимлар, ускуна ва жараёнларни қўллаш учун 140 та халқаро лицензия ва патентлар олинган. Уларнинг аксарияти дунёда ягона ва ноёб.
Завод йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газни қайта ишлаб, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрлаш қувватига эга. Яна шундай технологик имконият борки, мажмуа бешта режимда ишлай олади. Қайси маҳсулотга кўпроқ буюртма бўлса, шунга мослашиб, ўша товар ҳажми оширилади.
Президент мутасаддиларга геологик қидирув ишларини чуқурлаштириб, бу ердаги заводлар учун хомашё захирасини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
- Бу тармоқда ҳали режаларимиз кўп. Уларга кафолатланган хомашё керак. Илгари конни топдик - сотдик. Ҳозир ўзимизда қайта ишлаб, халқимизга манфаат келтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Келажакда бу ердаги маҳсулотларга талаб ошиб боради. Дунё «яшил иқтисодиёт»га ўтаяпти. Шунинг учун янги геофизик ускуналардан фойдаланиб, геологик тадқиқотларни чуқурлаштириш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Бундай улкан иншоотнинг ишлаши учун, албатта, катта ҳажмда энергия зарур. Заводда бу борада мустақил тизим барпо этилган. Яъни, иш жараёнида ҳосил бўладиган буғдан йилига 650 миллион киловатт-соат электр энергияси олинади. Бу орқали завод ўзини ўзи электр билан таъминлайди. Шунингдек, яқиндаги Шўртан газ-кимё мажмуаси ва энди қуриладиган корхонага ҳам қувват етказиб беради. Бунинг эвазига тежалган электр энергияси хонадонлар ва тадбиркорларга йўналтирилади.
Давлатимиз раҳбари заводнинг бошқарув марказида бўлди. У ерда ишлаб чиқариш, мониторинг ва хавфсизликни таъминловчи бутун тизим бошқариб борилади. Уни американинг Honeywell корпорацияси тренингида малака оширган ёшларимиз ишлатмоқда.
- Замонавий билимларни эгаллаб, чет тилларини ўрганиб, хорижда тажриба ошириб, мана шундай корхонада ишлаётганингизни кўриб, жуда хурсандман. Билимингиз - энг катта бойлигингиз. Мана, ҳозир қорақалпоғистонлик оператор йигит билан гаплашдим: ойлигим 15 миллион сўм деди. Бундай ёшларимиз кўпайишини истардим. Бунинг учун бошқа тенгдошларингизни ҳам илмга, ҳунарга ундаб, ортингиздан эргаштиринг.
Тошкент, Навоий, Фарғона, Бухоро вилоятлари ва Устюртда яна 5 та кимё технологик кластерини ташкил этишни бошлаганмиз. Уларда ким ишлайди? Сизларга ўхшаган ўзимизнинг қоракўзлар, - деди Президент улар билан суҳбатда.
Замонавий лаборатория, техник сув таъминоти иншооти ҳам кўздан кечирилди.
Завод атрофида ишлаб чиқаришни сателлит асосида ривожлантириш, ишчилар учун уй-жойлар, спорт ва маданият масканлари қуриш бўйича кўрсатмалар берилди.
Изоҳ қолдириш