Тадбиркорнинг ташриф қоғози
Таниқли тадбиркор Маҳмудов Миробид Одилхонович – бугунги мақомига тинимсиз меҳнати, фидокорона хизмати билан эришган инсон.
У 1966 йил ўрта мактабни битирган ва Одесса технологик озиқ-овқат ва совиткичлар саноати институтига ўқишга кирган. 1971 йил ўқишни тамомлаб, муҳандис-технолог мутахассислигини олган. 1971-1972 йиллар ҳарбий хизматда бўлиб қайтгач, Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги Киров номли давлат хўжалиги консерва заводида технолог лавозимида меҳнат фаолиятини бошлаган.
Миробид Маҳмудовнинг ўз мутахассислиги бўйича иш фаолияти шу заводда бошланди ва ҳозирга қадар мазкур соҳада ишлаб келмоқда. Кейинчалик заводда цех бошлиғи, бош муҳандис ва директор вазифаларида ишлаган. 1983 йилдан Андижон консерва заводи директори, Андижон вилояти “Мевасабзавотузумсаноат” бирлашмаси раиси, “МАСК” қўшма корхонаси бош директори, “Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг” компанияси раисининг ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. 2002 йилдан ҳозиргача “Тошкентвино комбинати” бош директори лавозимида ишлаб келмоқда.
Турмуш ўртоғи Дилфузахон ая билан уч қиз ва бир ўғилни элу юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашди. Ҳамма фарзанди олий маълумотли, улар турли соҳаларда самарали меҳнат қилишмоқда. 12 та невара ва 7 та чевараси бор.
Миробид Маҳмудов “Меҳнат шуҳрати” ордени, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фахрий Ёрлиғи, “Шуҳрат” медали ва вино саноати ривожига қўшган ҳиссаси учун Россия Федерациясининг “Golitsyn” медали билан тақдирланган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учрашувларида доимий иштирок этади.
– Бизнес карьерангизни қандай бошлагансиз? Ундан олдин бошқа иш билан шуғулланганмисиз? Нега айнан хомашёни қайта ишлаш соҳасида тадбиркор бўлишга қизиққансиз?
– Мен меҳнат фаолиятимда фақат қишлоқ хўжалиги хомашёсини қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланганман. Айни соҳада тадбиркор бўлишимнинг сабаби шундаки, мен ёшлигимдан юртимизда олма, узум, помидор каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўп миқдорда етиштирилиши, деҳқон уни жуда арзон сотиши, аҳоли бу маҳсулотлардан, асосан, ёзги ва кузги мавсумларда баҳраманд бўлиши, уларни узоқ муддат сақлаш қийинлиги, ҳосилнинг жуда оз қисми қайта ишланиши, кўпи исроф ва нобуд бўлиб кетишини кўриб улғайганман. Ўшанда мен келажакда ўз касбимни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, шу йўл билан улардан бир неча баравар қиммат янги товар яратиш ва аҳолини улардан олинган озиқ-овқат маҳсулотлари билан йил давомида узлуксиз таъминлаш масалалари билан боғлиқ ҳолда кўрганман. Худди шу ҳиссиёт мени Одесса технологик озиқ-овқат ва совиткичлар институтига ўқишга олиб келган.
– Бизнесингизнинг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумот берсангиз. Тадбиркорлик фаолиятингиз истеъмолчиларга қандай наф берди?
– Ташкилотимизнинг номи “Тошкентвино комбинати” деб аталгани билан аслида кенг тармоқли корхона ҳисобланади. Комбинат таркибида “Бектемир” (алкоголь, салқин ичимликлар ва минерал сув), “Янгийўл” (ароқ, ликёр-ароқ маҳсулотлари, коньяк, виски, вино, коньяк спирти), “Бахмал” (ароқ, вино, консерва), “Хўжаобод” (ароқ, вино), “Zomin Brewery” (пиво), Бектемир спирт, “Кампалия” шиша заводи каби тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар бор.
Жойларда узумни қабул қилиб олиб, унга дастлабки ишлов берадиган “Бахмал” (Бахмал тумани), “Улуғбек” (Олтинсой тумани), “Асака” (Асака тумани), “Дўстлик-1” (Бўстонлик тумани), “Дўстлик-2 ” (Янгиқўрғон тумани), “Қибрай” (Қибрай тумани), “Зангиота” (Зангиота тумани), “Абдураҳмонов” (Тошкент тумани), “Халқобод” (Янгийўл тумани), “Хўжаобод” (Хўжаобод тумани), “Чарос” (Паркент тумани), “Ҳосилот” (Қибрай тумани) узумни бирламчи қайта ишлаш пунктлари фаолият кўрсатади.
Янгийўл туманида “Тошкент трикотаж фабрикаси” ишга туширилди. Корхона 220 та янги иш ўрни яратди. Унга Япония, Германия, Италия, Хитой ва Туркиядан замонавий дастгоҳлар олиб келинди. Фабрикада ўнлаб турдаги сифатли ва бежирим кийим-кечак ҳамда бошқа тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Хўжаобод туманида йирик логистик марказ, Юқори Чирчиқ тумани Барданкўл МФЙда (600 тоннали), Тошкент шаҳрида (4000 тоннали) ва Зомин туманида (1000 тоннали) замонавий музлаткичлар қурилди.
Комбинат тизимида шишаларни дизайн қилиш цехи, хомашё ва тайёр маҳсулот ташишга мўлжалланган 100 та автомобилдан иборат махсус автопарк ҳам бор.
Комбинат ўз хомашё базасини яратишга ҳаракат қилади. Жумладан, Жиззах вилояти Зомин туманида жами 804 гектар экин майдони бор. Шундан 500 гектар токзор “Zomin Brewery” пиво заводига қарашли. Зоминнинг бошқа ҳудудида 273 гектар токзор ва 30 гектар мевали боғ ташкил этилган. Бахмал туманида 198 гектар токзор, 56 гектар мевали боғ, Бўстонлиқ туманида 18 гектар токзор, 10 гектар сабзавот плантациялари, Юқори Чирчиқ туманида 87 гектар олма ва 18 гектар гилос боғлари, Оҳангарон туманида 39 гектар олма ва 3 гектар сабзавот, Янгийўл туманида 30 гектар токзор, 248 га мевали боғ ва токзорлар барпо этилган. Улар томчилатиб суғориш тизими ва шпаллерлар билан жиҳозланган.
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида 64 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси, деҳқон (озиқ-овқат) бозори, Бектемир туманида умумий қиммати 65 млн доллар бўлган Food city йирик савдо мажмуаси (гипермаркет) барпо этилди.
Комбинат тизимида фаолият кўрсатаётган объектлар мева ва сабзавотни ўз вақтида ва сифатли қайта ишлаш, улардан юқори қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, озиқ-овқат маҳсулотлари билан аҳолини йил давомида узлуксиз таъминлаш, хорижга катта миқдорда тайёр маҳсулот экспорт қилиш имкониятини кескин оширди, минглаб янги иш ўринлари яратди, бюджетнинг йирик солиқ тўловчиларидан бирига айланди.
– Пластик идишдаги сув ичиш аллақачон оддий ҳолга айланиб қолди. Лекин айнан сиз Марказий Осиёда биринчи бўлиб ичимлик сувини пластик идишга қуйишни бошлагансиз. Бу лойиҳа қандай пайдо бўлганлиги ҳақида гапириб берсангиз.
– Тадбиркор ҳамиша янгиликка интилиб ишлаши керак. Қадимдан ўзбек тадбиркорлари бутун минтақада, қолаверса, Буюк ипак йўли бўйлаб ишбилармонлиги билан етакчи бўлиб келишган. Агар шундай қилмаса, унинг бизнеси тезда таназзулга учраши мумкин. Мен 1993-1997 йилларда Андижон шаҳрининг ёнгинасидаги Куйганёр қишлоғида жойлашган “МАСК” қўшма корхонаси бош директори бўлиб ишлаганимда шу ишни амалга оширганман. “МАСК” Ўзбекистон-Британия қўшма корхонаси, асосан, томат қайласи, кетчуп, газли ва газсиз сув тайёрлаш билан шуғулланарди. У пайтлар минерал сувлар фақат шиша идишларда қадоқланарди. Ишлаб чиқарувчилар ҳам, истеъмолчилар ҳам бунга аллақачон кўникиб бўлганди. Хорижга чиққанимда минерал сувни елим (пластик) идишга қуйилганлигини кўрдим. Менда ўша пайтдаёқ буни қўшма корхонамизда йўлга қўйиш ғояси пайдо бўлди. Бу бўйича ўрганишларимдан билдимки, Марказий Осиёнинг бирорта давлатида минерал сувни пластик идишга қўйиш усули ҳали йўқ экан. Агар буни амалга оширилса, юқори даромад олиб келиши аниқ эди. Бир неча ой жараёнга тайёргарлик кўрдик, кейин Италиянинг “ВИРМАУРИ” фирмасидан мазкур технология ва техника воситаларини олиб келиб, заводда ўрнатишга муваффақ бўлдик. 0,250 литр, 0,5 литр ва 1,5 литрлик пластик идишларга солинган сувлар сотувга чиқарилди. Пластик идишлар ва уларнинг қопқоқларини ишлаб чиқариш ҳам “ВИРМАУРИ” фирмаси билан ҳамкорликда Куйганёрда йўлга қўйилди.
Тан олиш керакки, бу лойиҳа ўта муваффақиятли бўлди. У Ўзбекистоннинг барча вилоятларида, айниқса, ўша пайтлар тоза ичимлик суви танқис бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида жуда машҳур бўлиб кетди. Маҳсулотнинг идиши ва уни узоққа ташиш харажатлари ҳам шиша идишга нисбатан анча арзон эди. Шу боис уни хорижга экспорт қилиш жуда қулай эди. Ўша пайтлар қўшни давлатларга “Tyan-Shan” минерал сувини жуда катта миқдорда сотганмиз. Бу бизнесни ҳамон давом эттириб келяпмиз.
Пластик идиш ҳақида гап кетаркан, комбинат ўз маҳсулотларини қандай қилиб ўзи ишлаб чиқараётган шиша идишларга қадоқлашни ташкил қилганлиги ҳақида ҳам сўз юритиш тўғри бўлади. Гап шундаки, авваллари алкоголь, салқин ичимлик ва минерал сувлар қуйиладиган шиша идишларнинг тури жуда кам, кўриниши хунук ва сифатсиз бўларди. Уларнинг ҳам катта қисми Россия ва бошқа давлатлардан олиб келинарди. “Тошкентвино комбинати” ушбу масалада ҳам мамлакатимизда жуда катта ўзгаришни амалга оширди. Комбинатда ишлаб чиқариладиган барча ичимликларни ўзимизнинг шиша идишларимизга қуйишни ташкил этдик. Идишлар бежирим, сифатли, ҳатто санъат асари даражасида чиройли қилиб ишлаб чиқарила бошланди. Шиша идишларга бўлган эҳтиёжимизни ўзимиз тўла қоплаганимиз импорт ўрнини босиб, илгари хориждан сотиб олишга сарфланаётган катта миқдордаги валютани тежаб қолиш имкониятини яратди.
– Бизнесингизнинг ижтимоий аҳамиятини қандай баҳолаш мумкин? Комбинатингиз эҳтиёжманд гуруҳларга нисбатан қандай ижтимоий сиёсат ўтказади? Ходимларингизнинг ижтимоий пакетлари ва даромад даражаси қандай?
– Бизнесимнинг ижтимоий аҳамиятини кўп томонлама баҳолаш мумкин. Аввало, комбинат ва унинг тизимига кирадиган корхона ва ташкилотларда кўпчилик юқори маошли иш билан таъминланган. Бундан ташқари, биз йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирамиз ва давлат бюджетига жуда катта миқдорда солиқ тўлаймиз. “Тошкентвино комбинати” раҳбарияти ишчи ва ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2023-2026 йилларга мўлжалланган Жамоа шартномасини тузган. Мазкур шартномада қатор молиявий чоралар белгиланган. Жумладан, ишчи ва ходимларга йилига бир марта меҳнат таътилига қўшимча имтиёзли таътил берилади.
Комбинат барча ходимларининг соғлиқларини назорат қилиш ва тиклаш мақсадида ўз ҳисобидан йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтказтиради. Ишчи ходимлар ҳар йили қишки ва ёзги махсус кийим-бош билан бепул таъминланади. Кам таъминланган ходимларга моддий ёрдам кўрсатилади. Туғруқ нафақаси тўланади. Ишчи-ходимларга Ўзбекистон Республикаси санаторийларида, фарзандларига болалар оромгоҳларида дам олиш шароитлари яратилади. Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида оила қураётган ишчи ходимларга қимматбаҳо совғалар берилади. Ходимлар фарзандларининг контракт пуллари тўлаб берилади. Байрамлар ташкил қилинади, барчага совғалар улашилади.
– Сиз катта тажрибага эга, халқаро даражадаги тадбиркорсиз. Шу боис, тадбиркор нуқтаи назаридан собиқ шўро, 2016 йилгача бўлган давр ва бугунги вазиятни қандай баҳолайсиз?
– Бу жуда оғриқли савол. Негаки, салоҳияти жуда юқори, лекин шўро даврининг тадбиркорлик олдига қўйган тўсиқлари туфайли “синган” жуда кўп танишларим бўлган. Ҳамма соҳада бўлгани каби шўролар ота-боболаримизнинг тадбиркорлик тафаккури ва салоҳиятини ҳам йўқ қилиш йўлини топди, йирик бойларимизнинг барча моддий бойлигини тортиб олиб, ўзларини жисмонан маҳв этди. Бойларнинг бир қисми хорижга чиқиб кетди. Ўртаҳол деҳқон ва ҳунармандларнинг ҳам молу мулкларини олиб қўйиб, ўзларини узоқ ўлкаларга сургун қилишди. Хуллас, асрлар давомида юксак тадбиркорлик салоҳияти билан оламни ҳайратга солиб келган халқимиз шўролар даврида бу хислатини йўқота бошлади.
Тўғри, мустақилликнинг илк даврида бу борада бирмунча ишлар қилинди. Лекин халқимизда тадбиркорлик тафаккурини қайта тиклаш масаласи кун тартибига қўйилмади. Тадбиркор бўлиш жуда мураккаб ишлигича қолаверди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ҳаракатлар стратегияси”да қайд этиб қўйилган “Агар халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган олижаноб ғояларининг аҳамиятини дунёқарашимизда инқилоб қила оладиган даражада юқори, деб ҳисоблайман. Президентимиз бу шиорни олға суриш билангина чекланиб қолмасдан, халқимизнинг тадбиркорлик тафаккурини қайтадан тиклаш ва юксалтириш борасида ҳам улкан амалий тадбирларни ҳаётга татбиқ этмоқда.
Бунинг учун, энг аввало, тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва тадбиркорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг бутунлай янги ва замонавий талабларга жавоб берадиган механизми яратилди. Шу мақсадда янги қонунлар ва тартиблар ишлаб чиқилди, мавжудларига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Тадбиркорликни бошлаш учун рухсатнома олиш тизими соддалаштирилди, кўпгина тадбиркорлик йўналишларига лицензия олиш умуман бекор қилинди. Авваллари тадбиркорликни бошлаш учун бир неча ой давомида ўнлаб ташкилотлардан йиғиладиган ҳужжатларни битта жойдан – Давлат хизматлари агентлигидан “ягона дарча” тамойили асосида қисқа муддатда олиш имконияти жорий этилди.
Тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш тизими яратилди. Тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди. Бугун Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча раҳбарлар тадбиркорларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашмоқда.
– Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича тайёрланган қайси фармон, қарор ва чора-тадбирлар сизнинг бизнесингизга самарали таъсир кўрсатди?
– Тадбиркорликни ривожлантириш, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хориждан ускуна ва жиҳозларни импорт қилишда бож тўловларидан озод қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича тайёрланган кўплаб фармон, қарор ва чора-тадбирлар бизнесимизга катта ижобий таъсир кўрсатди. Жумладан, 2016 йилгача бўлган даврда хорижга маҳсулот экспорт қилиш талаби қўйиларди, лекин экспортдан келган тушумнинг катта қисмини Марказий банк курси бўйича давлатга сотишга мажбур эдик. Яъни экспорт қилганимиз учун амалда жазоланардик. Бу каби тўсиқлар жуда кўп эди.
Янги Ўзбекистонда тадбиркорлик ва, айниқса, экспорт қилувчи ташкилотлар олдида турган барча тўсиқлар олиб ташланди, қулайликлар яратилди ва кўплаб имтиёзлар берилди. Натижада экспорт ҳажми ва географияси кескин ошди. Буни хорижга экспорт қилиш энг қийин бўлган маҳсулот тури бўлган алкоголь маҳсулотлари мисолида кўриб чиқайлик. 2016 йил комбинат четга 3,7 млн долларлик алкоголь маҳсулотлари сотди. Бу кўрсаткич миқдори йил сайин ошиб борди ва 2023 йил 12,7 млн долларга етди.
Комбинат маҳсулотлари АҚШ, РФ, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Исроил, Латвия, Эстония, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон. Туркманистон, Қирғизистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Маҳсулотларнинг сифати юқори, улар халқаро танловларда жуда кўп медаллар олган. Жумладан, Гуаньжоу халқаро конкурсида (2015 йил) “Фарғона” виноси олтин, “Тошкент” виноси кумуш, “Ялта. Олтин грифон-2015” халқаро конкурсида “Ўзбекистон” коньяги Гран-при, “Фарғона” ва “Кагор” винолари олтин медаллар билан тақдирланган. Комбинат маҳсулотлари халқаро ва миллий танловларда бундай мукофотларга жуда кўп марта сазовор бўлган. Хусусан, 2015 йил Хитойнинг Гуаньжоу шаҳридаги аукционда комбинатнинг “Фарғона” навли бир шиша виноси 3000 долларга сотилган. Демак, келгусида экспорт миқдорларини янада ошириш имкониятлари мавжуд ва улардан унумли фойдаланиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йилнинг 3 июнь куни имзоланган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида”ги фармони ҳам бизнинг бизнесимиз учун янада қулай шарт-шароитлар яратади. Чунки алкоголь ва тамаки маҳсулотларини рухсатсиз, яъни қалбаки ишлаб чиқариш истеъмолчилар соғлиғига ҳам жиддий зарар етказади. Мазкур фармонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасида самарали назорат тизимини жорий этиш, уларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, бизнесни юритиш учун соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари белгиланди. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ва айланмасининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш, бунга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида ваколатли органлар билан ҳамкорликни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Бугунги кунда қандай лойиҳаларни режалаштиряпсиз? 2024 ва 2030 йилларга мўлжалланган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар режаларингизга қандай таъсир қилади?
– Мамлакатимизда сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган улкан имкониятлардан фойдаланиб, қатор йирик лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз. Шулардан бири ҳақида кенгроқ ахборот бериб ўтишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Бектемир туманида “ECO MILL COMPANY” масъулияти чекланган жамиятини барпо қиляпмиз. Мазкур лойиҳа йилига 70 минг тонна донни қайта ишлаш қувватига эга тегирмон, 17 минг тонна турли хил қисқа макарон маҳсулотлари ва 4 минг тонна спагетти макарони ишлаб чиқариш қувватига эга. Мақсадимиз мамлакатимиз аҳолисига ва қўшни давлатларга экспорт қилиш учун юқори сифатли ун ва макарон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳисобланади. Асбоб-ускуналар юқори технологияли ва улар Туркиядан олиб келинади. Бу лойиҳани амалга ошириш учун бинолар бизда авввалдан борлиги учун унга ортиқча харажат қилмаймиз. Асбоб-ускуналар сотиб олиш ва уларни ўрнатишга 70 млрд сўм атрофида маблағ сарфлашни режалаштирганмиз. Юртимизда 2024 ва 2030 йилларга мўлжалланган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар бизни илҳомлантирмоқда ва келгусида амалга ошириш учун қатор лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз.
– Бизнесга кириб келаётган ёшларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
– Янги Ўзбекистонда тадбиркор бўлиш учун жуда катта имкониятлар яратилди. Давлат ўз бизнесини бошламоқчи бўлаётган ёшларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш тизимини барпо этди. Уларга старт капитали берилмоқда, кредит олишда имтиёзлар тақдим этилмоқда. Лекин давлат ҳар қанча ёрдам бермасин, инсон ўзи ҳаракат қилмаса, қаттиқ меҳнат қилмаса, тадбиркорликда катта натижаларга эришиш қийин.
Шунинг учун бу соҳада муваффақият қозониш учун одам, энг аввало, яхши билим олиши, тинмай ўқиши, изланиши керак. Хорижий тилларни билиш ҳам жуда муҳим. Чунки тадбиркор бизнесини халқаро миқёсга олиб чиқиши учун ҳеч бўлмаса, инглиз тилини ўрганиши керак. Алоҳида бир давлат, айтайлик, Корея билан ҳамкорлик қилиш нияти бўлса, корейс тили, тарихи, маданияти ва урф-одатларини билиши унинг ишига жуда катта ижобий таъсир кўрсатиши аниқ.
Бизнесда ёлғиз отнинг донғи чиқиши қийин масала. Яъни катта натижаларга кўпчилик бўлиб эришилади. Демак, билимли, савияли, изланувчан одамлардан жамоа тузиш ва уни оқилона бошқариш сирларини эгаллаш мақсадга мувофиқ. Бизнесда миллий қадриятларимизни чуқур билиш, уларга риоя қилиш жуда муҳим, лекин умуминсоний анъаналар, стандартларни билишнинг ҳам аҳамияти катта.
Яна бир ҳақиқатни ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг. Йиққан бойлигингиздан у дунёга бир мисқол ҳам олиб кетолмайсиз. Яхши даромад кўришингизда жамоангизнинг ёрдами катта эканини унутманг. Саховатли бўлинг, жамоа аъзоларига ҳамиша ёрдам қилинг, уларнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб туринг. Тадбиркор ҳеч қачон жамоасини ўз ҳолига ташлаб қўйиши мумкин эмас. Ўзида ана шундай хислатларни пайдо қила олган ёшларимизда муваффақиятли тадбиркор бўлиш имконияти юқори бўлади. Тадбиркорликни ривожлантириш давлатнинг энг устувор вазифаларидан бирига айлантирилган Янги Ўзбекистонда, албатта, муваффақиятларга эришасиз!
Одил Олимжонов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №7/2024
Изоҳ қолдириш