Йил бошидан кўчмас мулк бозори ўз мавқеини мустаҳкамламоқда – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи

Йил бошидан кўчмас мулк бозори ўз мавқеини мустаҳкамламоқда – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи

Январь ойидан кўчмас мулк бозорида фаоллик тикланаётганини кузатиш мумкин. Мазкур ойда олди-сотди шартномалари сони 25,5 мингтани ташкил этиб, ўтган йил январь ойига нисбатан 17,4%га кўпайган.

Ҳудудий динамика

Йил бошидан кўчмас мулк олди-сотди динамикаси айрим ҳудудларида ижобий тенденцияни кўрсатди. Энг сезиларли ўсиш Жиззах вилоятида қайд этилиб, сотувлар 44%га ошган, шунингдек, Навоий вилоятида 36%га ўсган.

Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозори умумий ҳажмининг 28%ни ташкил этиб, битимлар сони 18%га ўсган.

Иккиламчи бозордаги уй жой нархлари

Январь ойида республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари ўртача 0,3%га ошиб, ўтган йилга нисбатан 4,6%га ўсди.

Йиллик ҳисобда ҳудудлар кесимида уй-жой нархларининг юқори ўсиши Сурхондарё (11,4%), Жиззах (10,4%) ва Фарғона (8,4%) вилоятларида кузатилди.

Январь ойида Тошкент шаҳрида ўртача уй-жой нархи деярли ўзгармаган. Пойтахт туманлари кесимида нархлар пасайиши Сергели (- 1,8%), Юнусобод ( - 1,7%) ва Мирзо-Улуғбекда ( – 1,5%) қайд этилган.

Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳрида уй-жой нархи 2,3%га пасайган.

Уй-жой ижара бозори

Январь ойида Тошкент шаҳридаги ижара бозорида фаоллик бироз пасайган. Ўртача ижара нархи 8,1 долларни (бир квадрат метр учун) ташкил этди.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10 долларни ташкил этади.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ижара нархи ўтган йилга нисбатан 10,7%га пасайган. Энг катта пасайиш Чилонзор (17,4%), Олмазор (16,7%) ва Яшнобод (14,3%) туманларида қайд этилган.

Маълумот учун: Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, унда бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорларидаги фаоллик динамикаси тақдим этиб борилади.

Жалолиддин Усмонов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар