Ўзбекистондаги учта соҳада коррупцияга қарши курашиш масаласи таҳлил қилинди

Ўзбекистондаги учта соҳада коррупцияга қарши курашиш масаласи таҳлил қилинди

29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлиси ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Мажлисда таълим, қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупция қарши курашиш бўйича фаолият юзасидан Бош прокурор ўринбосари Э.Т.Юлдашевнинг ахбороти эшитилди.

Жумладан, олий таълим муассасаларида жамоатчилик кенгашлари шакллантирилиб, коррупция муҳитини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш учун аноним сўровлар ўтказиш йўлга қўйилди. Тўғридан-тўғри муассаса раҳбарияти ёки вазирликка электрон шаклда мурожаат қилиш (шу жумладан аноним тарзда) имконияти яратилди.

Капитал қурилиш соҳасида эса “Қурилишдаги назорат” қуйи тизими Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилиб, қурилиш назоратини амалга ошириш жараёнида электрон ҳужжат алмашинувини босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида мижозларни овқат билан таъминлаш, кир ювиш, бино ва иншоотларни сақлаб туриш, шунингдек, уларни муҳандислик-техник тизимларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ҳамда тиббий буюмларни зарарсизлантириш хизматлари аутсорсингга ўтказилди.

Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида янги замонавий электрон тизимини жорий этиш, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари имкониятларидан тўлақонли фойдаланиб, тарғибот-ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш, коррупция иллатини батамом йўқ қилиш мақсадида ҳамжиҳатликда комплекс назорат чораларини кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар