Ўзбекистонда коронавируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида карантинга олиш тартиблари эълон қилинди

Ўзбекистонда коронавируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида карантинга олиш тартиблари эълон қилинди

1 мартдан бошлаб Ўзбекистонга коронавирус COVID-19 касаллигининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тартиблар тасдиқланди.

Тартибга мувофиқ, эпидемия хавфи юқори бўлган давлатда бўлиб, Ўзбекистонга тўғридан-тўғри ёки бошқа давлатлар орқали кириб келаётган ҳар қайси давлат фуқароси карантинга олинади. Агарда, фуқаролар COVID-19 коронавирус касаллиги қайд этилмаган бошқа давлатларда 14 суткадан ортиқ вақт мобайнида истиқомат қилиб, сўнгра Ўзбекистонга кириб келаётган бўлса, уларга нисбатан карантин ва чекловлар жорий этилмайди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ахборотига кўра, охирги икки ҳафта мобайнида Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея, Эрон Ислом Республикаси, Италия, Афғонистон Ислом Республикаси, Японияда бўлиб, Ўзбекистонга кириб келувчи барча фуқаролар карантинга олинади.

Аммо ушбу тартибда истисно ҳам мавжуд: расмий ва ҳукумат делегациялари аъзолари, шунингдек, хизмат ва дипломатик паспорт эгалари, авиакомпаниялар учувчилари ва экипаж аъзолари, локомотив бригадалар, темир йўл транспортининг транспорт фаолияти билан боғлиқ шахслар ва халқаро автоуловларда юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчилар қайд этилган давлатда бўлганда ҳам карантинга олинмайди.

Карантинга олинган шахслар 14 кун мобайнида жамиятдан тўлиқ ажратиб олинади. Карантин тугагандан кейин (шифохонадан чиққандан кейин), 10 кун мобайнида тиббиёт ходими томонидан телефон орқали сўраш ўтказади.

Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Италия, Афғонистон, Япония, Франция, АҚШ, Германия, Сингапур, Испания, Гонконг, Макао, Тайвандан тўғридан-тўғри ёки бошқа давлатлар орқали уюшмаган ҳолда кириб келган фуқаролар, агар охирги ташрифидан 14 кундан кам вақт ўтган бўлса, уй карантинига олинади. Улар икки ҳафта яшаш жойида (уй, меҳмонхона, ётоқхона ва бошқа) доимий равишда изоляцияда бўлиши лозим, оила аъзоларидан ташқари кишилар билан мулоқотда бўлмасликлари, аҳолининг оммавий тўпланадиган жойларига боришига рухсат этилмайди.

Таиланд, Озарбайжон, Буюк Британия, Малайзия, БААдан келган фуқаролар, хусусан, экипаж аъзолари, локомотив бригадалари, темирйўл транспорти фаолияти билан боғлиқ шахслар ва халқаро автоуловларда юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчилар яшаш жойларидаги даволаш-профилактика муассасалари шифокорлари томонидан 14 кун мобайнида тиббий кузатувга олинади. Уларга аҳоли оммавий тўпланадиган жойларга бормаслик, одамлар билан мулоқотни мумкин қадар камайтириш тавсия қилинади.

Баҳрайн, Кувайт, Арманистон, Беларусь, Уммон, Покистон, Грузия, Чехия, Ироқ, Ливан, Канада, Литва, Эстония, Руминия, Греция, Нидерландия, Норвегия, Австрия, Дания, Швециядан келган фуқароларнинг соғлик ҳолати юзасидан эса дистансион мониторинг олиб борилади — агар уларнинг охирги ташрифидан 14 кундан кам вақт ўтган бўлса, улардан телефон орқали хабар олинади. Айни вақтда, уларга ҳам аҳоли оммавий тўпланадиган жойларга бормаслик, одамлар билан мулоқотни камайтириш бўйича тавсиялар берилади.

Карантиндаги шахслар томонидан интизомни бузиш ҳолатлари кузатилса, қонуний жавобгарликка тортиш белгиланган. Масалан, уларнинг тартиббузарлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси («эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш») ва Жиноят кодексининг 195-моддаси («мансабдорлар томонидан атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик»), 257−1-моддасида («санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш») назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар