«Ўзавтосаноат» ва «Совкомбанк» ҳамкорлик шартномасини имзолади

«Ўзавтосаноат» ва «Совкомбанк» ҳамкорлик шартномасини имзолади

«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти ва «Совкомбанк» ИЧАЖ (Россия Федерацияси) ҳамкорлик шартномасини имзолади, деб хабар бермоқда «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати.

Шартнома предмети UzAuto корхоналарига банк хизматларининг тўлиқ спектрини тақдим этиш, шу жумладан, кредит бериш, вақтинча бўш маблағларни жойлаштириш, ҳужжатли воситаларни тақдим этиш ва қимматли қоғозларни жойлаштиришни ташкил этиш соҳасида компаниялар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни таъминлашдан иборат бўлди.

Хамкорлик шартномаси 2021 йил 5-7 апрел кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган «ИННОПРОМ» халқаро саноат кўргазмаси доирасида имзоланди. Шартномани имзолаш маросимида «Ўзавтосаноат» АЖ Бошқарув раиси Шавкат Умурзаков ва «Совкомбанк» ИЧАЖ Бошқарув раиси Дмитрий Гусев иштирок этдилар.

Томонлар шунингдек, айланма капитални молиялаштириш, «Ўзавтосаноат» АЖ таркибидаги корхоналарни техник қайта жиҳозлаш ва компаниянинг инвестиция лойиҳалари соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва бизнез ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар. Бундан ташқари, ҳамкорлик бўш пул маблағларини жойлаштириш бўйича ҳамкорликни биргаликда ривожлантиришни назарда тутади.

«Совкомбанк «Ўзавтосаноат» АЖ холдинг компанияси билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиш тажрибасига эга. 2019 йилда банк холдинг компаниясининг тузилмавий корхонаси «UzAuto Motors» АЖга синдикатлаштирилган кредит беришда иштирок этган. Биз янги шартномани ўзаро муносабатларни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш сифатида қараймиз», – деб таъкидлади Совкомбанк бошқарув раиси Дмитрий Гусев.

Маълумот учун: «Совкомбанк» ИЧАЖ корпоратив ва хусусий мижозларга, молия институтлари ва институционал инвесторларга кенг кўламли банк, молия ва инвестиция маҳсулотлари ҳамда хизматларини тақдим этувчи Россия Федерациясининг энг йирик хусусий молия институларидан бири ҳисобланади. Банк ички молия бозорида кучли мавқега эга бўлиб, корпоратив молиялаштириш, жамоат қарз воситаларини чиқариш ва активларни бошқаришни ташкил этишда етакчилардан бири ҳисобланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар