1,7 миллиард АҚШ долларлик 234 та келишув имзоланди

1,7 миллиард АҚШ долларлик 234 та келишув имзоланди
Самарқанд шаҳрида “Invest in Samarkand” I Халқаро инвестицион форум ва вилоят маҳаллий ишлаб чиқарувчиларининг “Made in Samarkand” миллий кўргазмаси бўлиб ўтди. Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбир вилоят иқтисодий имкониятлари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш салмоғини ошириш, Самарқанднинг инвестицион жозибадорлиги ва экспорт имкониятларини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Биринчи бор ташкил этилишига қарамай форум ишида 31 давлатдан 310 дан ортиқ вакиллар қатнашди. Форумнинг биринчи кунида инвестор ва тадбиркорлар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари Самарқанд вилоятидаги “Pure Milky”, “Agromir”, “SAG gilamlari”, “Afrosiyob jeans” каби корхоналарга ташриф буюриб, вилоятда тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар, инвестиция муҳити ҳақида маълумотга эга бўлди. Форумнинг иккинчи кунида эса асосий тадбирлар, яъни ялпи мажлис ва секция мажлислари бўлиб ўтди. Ялпи мажлисда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, хорижлик делегациялар вакиллари, Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган инвесторлар сўзга чиқдилар. Секция мажлисларида вилоят экспорт имкониятларини ошириш, минтақанинг капитал жалб этишдаги имконият ва жозибадорлиги, минтақа иқтисодиётида сайёҳлик индустриясини шакллантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини тўлдириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш каби масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, хорижий сармоядорлар билан “B2B”, “B2G”, “G2G” форматда мулоқотлар ва янги инвестицон лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Форум доирасида Ўзбекистоннинг Испания қироллигидаги элчихонаси ҳамкорлигида Самарқанд вилояти ҳокими ва Испания қироллик клуби – Мадриднинг “Реал” жамоаси раҳбари билан Самарқандда ушбу клубнинг академиясини очиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди. Йирик хорижий инвесторлар билан Самарқанд халқаро аэропортини қуриш ва ундан фойдаланиш, замонавий аттракционлар ва кенг форматли, IMAX кинотеатрли истироҳат боғи, автобус техника воситалари ишлаб чиқариш, “IT истироҳат боғи”, “Сити”, бизнес марказлари, сайёҳлик мажмуалари бўйича ва бир қатор ижтимоий-гуманитар лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Форум якунлари бўйича ўтказилган брифингда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов “Invest in Samarkand” I халқаро инвестиция форумида умумий миқдори 1,7 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 234 та келишув битимлари имзолангани қайд этди. Жумладан, 1 млрд. 543 миллион АҚШ доллари миқдорда 53 та инвестицион битимлар имзоланди. Шундан, маҳаллий тадбиркорлар инвестициялари қиймати 126,8 миллион АҚШ доллари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар қиймати эса 1 млрд. 416 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Хитой Халқ Республикасининг “Nanyang PuKang Yunlong Pharmaceutical co.ltd” корпорацияси ва Каттақўрғон шаҳридаги “PUKANG ZHIYAO” МЧЖ ўртасида фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича (“Маккажўхоридан доривор ёғ ишлаб чиқариш” лойиҳаси, қиймати 70 миллион АҚШ доллар) келишувга эришилди. Хитой Халқ Республикасининг “Huatong Cable inc” корхонаси ва “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ўртасида “Текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш” бўйича қиймати 30 миллион АҚШ долларлик лойиҳа имзоланди.Жанубий Кореянинг “М.Pharm Corp” ва Самарқанд туманидаги “Корейская страна” корхонаси фармацевтика соҳасида қиймати 20 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳани биргаликда амалга оширадиган бўлди. Шу билан бирга форум давомида умумий қиймати 181 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 61 та экспорт шартномаси имзоланди. Масалан, Самарқанд шаҳридаги “Зарафшон текстил” корхонаси ва Россия Федерациясининг “Август” корхонаси ўртасида трикотаж ва жинси маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 20 миллион долларлик битим тузилди. Тойлоқ туманидаги “Бро Бинс” корхонаси ва Туркиянинг “Шарк Йилдизи” ширкати ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 5 миллион долларлик шартнома имзоланди. Булунғур туманидаги “Самарқанд Гарден Пласт” корхонаси эса Афғонистоннинг “Мусин Амири” корхонаси билан 9 миллион долларлик ана шундай келишувга эришди. Умуман, форум давомида саноат йўналишида умумий қиймати 1 млрд. 70,3 миллион АҚШ доллари бўлган 46 та битим, хизмат кўрсатиш соҳасида 464,8 миллион долларлик 10 та битим, қишлоқ хўжалиги соҳасида 189,1 миллион долларлик 58 та битимлар имзоланди. – “Invest in Samarkand” I халқаро инвестиция форуми ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазмасидан кутилган натижаларга эришдик, деб айтишга тўла асосларимиз бор, – деди Э.Турдимов. – Шу боис келгусида бу форумни анъанавий ўтказишга қарор қилдик. Имзоланган битимларнинг қоғозда қолиб кетмаслиги, реал ҳаётда ўз аксини топишини таъминлашни ўз олдимизга мақсад қилиб белгилаб олганмиз. Бунинг учун йўл хариталарини тузиб, лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши учун зарур чора-тадбирларни кўрамиз.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар