2021 йил Ўзбекистонда қанча газ қазиб чиқарилади?

2021 йил Ўзбекистонда қанча газ қазиб чиқарилади?

2021 йилда Ўзбекистон 53,8 миллиард куб метр газ ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда душанба куни президент раислигида ўтказилган йиғилишда тақдим этилган тақдимот лавҳаларида айтилган.

Газнинг катта қисми «Ўзбекнефтгаз» корхонлари томонидан қазиб чиқарилиши режалаштирилмоқда — 34,1 млрд куб метр (64,3%). Шундан:

- 48,8% Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси,

- 26,3% Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси,

- 13,7% Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси,

- 10,9% Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси,

- 0,1% Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистонда газ қазиб чиқариш бўйича:

- иккинчи ўринни Россиянинг «Лукойл» компанияси эгаллаган — 13,8 млрд куб метр (25,7%),

- учинчи ўринда эса 2,1 млрд куб метр (3,9%) газ билан Uz-Kor Gas Chemical. Uz-Kor Gas Chemical таъсисчиси «Ўзбектнефтгаз» (50%) ва Kor-Uz Gas Chemical Investment (50%) компаниялари ҳисобланади. Kor-Uz Gas Chemical Investment компанияси Жанубий Кореянинг Корея газ корпорацияси (KOGAS), Lotte Chemical Corporation ва GSE&R компаниялари консорциуми томонидан тузилган.

Режага кўра, 1,4 млрд куб метр газ (2,5%) 2018 йилда тузилган Epsilon Development Company (АҚШ) компанияси томонидан қазиб чиқарилади. 2019 йилда Epsilon Development Company ва Epsilon Asia Limited (Гонконг) иштирокидаги халқаро консорциум 2019−2033 йиллларда Ўзбекистондаги газ ва нефть конларида ишлар олиб бориш учун 5,2 млрд доллар инвестиция киритган.

Компаниянинг сайтида Вазирлар маҳкамасининг 2019 йил 11 январдаги 19-сонли қарори билан конларда ишларни олиб бориш учун лицензия олинганлиги ҳақида айтиб ўтилган, лекин Қонунчилик маълумотлари миллий базасида бундай ҳужжат топилмади.

2021 йилда Ўзбекистонда газ қазиб чиқариш ишларига жалб қилиниадиган компаниялар рўйхати ва уларнинг ишлаб чиқаришдаги улуши қуйидагича:

Компания

Ишлаб чиқариш ҳажми

Улуш

Ўзбекистон бўйлаб жами

53,8 (млрд куб м.)

100%

«Ўзбекнефтгаз»

34,1

64,3%

Lukoil

13,8

25,7%

Uz-Kor Gas Chemical

2,1

3,9%

Epsilon Development Company

1,4

2,5%

Natural Gas-Stream

1,2

2,2%

New Silk Road Oil and Gas

0,37

0,68%

Jizzakh Petroleum

0,28

0,51%

Gazprom Uzbekistan

0,23

0,42%

Gazli Gas Storage

0,15

0,27%

Gissarneftgaz

0,12

0,23%

Kokdumaloq-gaz

0,026

0,04%

Шавкат Мирзиёев йиғилишда жорий йилда Ўзбекистон 917 миллион куб метр газ импорт қилганлигини маълум қилди.

«Бу жуда катта рақам. Иккинчидан, биз валютага импорт қиляпмиз. Келажакда нима бўлади?», деди у.

Президентнинг сўзларига кўра, нефть ва газ соҳаси учун сўнгги уч йилда ажратилган 1,4 млрд доллар ўз натижасини бермаяпти.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми ўтган йилга нисбатан 10,8 млрд кубометрга ёки 17,8 фоизга, яъни 60,5 млрд дан 49,7 млрд кубометргача камайди.

2021 йилги Давлат дастурига кўра, суюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи ва уни импорт қилиш учун талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бекор қилиш назарда тутилган. 1 августдан бошлаб йирик корхоналарга электр энергияси ва табиий газни импорт асосида сотиб олиш ҳуқуқи берилиши кўзланган эди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар