2024 йил учун кўчмас мулк бозори таҳлили – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи

2024 йил учун кўчмас мулк бозори таҳлили – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2024 йилда Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги вазият таҳлил қилинди.

Йил давомида кўчмас мулк бозорида олди-сотди шартномалари сони 5,8%га камайиб, 256,5 мингтани ташкил этди.

2024 йил давомида (март ойидан ташқари) битимлар бўйича фаоллик нисбатан барқарор сақланиб, ойига 20-24 мингта атрофида сотув битимлари рўйхатдан ўтказилди.

Ҳудудий динамика

Ўтган йилда ҳудудлар кесимида кўчмас мулк битимлари сонида сезиларли пасайиш Навоий (17%), Тошкент (14,5%) ва Бухоро (9,7%) вилоятларида кузатилди.

2024 йилда Тошкент шаҳрида жами 71,2 мингта олди-сотди битимлар рўйхатдан ўтказилиб, 2023 йилга нисбатан 8,7%га пасайган.

Андижон ва Хоразм вилоятларида сотув ҳажми 7%га ошиб, олди-сотди шартномалар сони мос равишда 17,5 минг ва 13,5 мингтага етди.

Иккиламчи бозордаги уй жой нархлари

2024 йилда иккиламчи бозорда уй-жой нархлари ўсиши секинлашиб, 6,2%ни ташкил қилди (2023 йилда ўсиш - 17,5%).

Йилнинг биринчи ярмида нархлар ўсиш суръати ойига ўртача 0,6%, иккинчи ярмида эса 0,4%ни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида иккиламчи уй-жой нархлари ўсиши Сирдарё (15,1%), Бухоро (12,4%) ва Жиззах (9,8%) вилоятларида нисбатан юқори кузатилди.

2024 йилда Тошкентда иккиламчи уй-жой нархлари 2,3%га пасайиб, декабрь якунига келиб ўртача нарх 1 кв.м. учун 1,1 минг долларга тушган.

Шунингдек, иккиламчи уй-жой бўйича юқори нархлар Самарқанд ва Тошкент вилоятларида сақланиб қолган бўлса (ўртача нарх мос равишда 750 ва 660 доллар), нисбатан арзон нархлар Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган (327 доллар).

Уй-жой ижара бозори

2024 йил якунига кўра Тошкент шаҳрида 1 кв. м. учун ижара нархи ўртача 8,2 долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 11,1%га тушган.

Нархларда энг катта пасайиш Олмазор туманида кузатилиб, ижара нархи 17%га арзонлашган. Шунингдек, Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларида ижара нархи 15,4%га пасайган.

Юқори ижара нархлари Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида кузатилиб, ижара нархи 1 кв. м. учун ўртача 10 долларни ташкил қилса, энг мақбул ижара нархлари Учтепа, Сергели ва Бектемир туманларида кузатилган (ўртача нарх 6,5 доллар атрофида).

Маълумот учун: Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, унда бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорларидаги фаоллик динамикаси тақдим этиб борилади.

Жалолиддин Усмонов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар