Автомобиллар импортига акциз солиғи бекор қилиниши натижасида бюджетга 3,6 млн доллар келиб тушмаган

Автомобиллар импортига акциз солиғи бекор қилиниши натижасида бюджетга 3,6 млн доллар келиб тушмаган

Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлар қисмининг 2020 йил ижроси бўйича дастлабки натижаларини эълон қилди.

Таъкидланишича, 2020 йилда акциз солиғи тушумлари 11,7 трлн. сўмни ташкил этган. 2020 йилда жами бюджет даромадларидаги ушбу солиқнинг улуши 8,8% ни ташкил этган.

Акциз солиғининг 10,8 трлн. сўми солиқ идоралари томонидан ва 0,9 трлн. сўми божхона органлари томонидан ундирилган. Шунингдек, 2019 йилнинг мос даврида 9,5 трлн. сўм (ички акциз) ва 0,8 трлн. сўм (импорт) ташкил қилган.

Солиқ тушумларининг асосий қисми

Акциз солиғи тушумларининг асосий қисми табиий газ, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. 2020 йилда табиий газ тушумлари миқдори 3,6 трлн. сўм (ички акциз солиғи тушумларининг 33,3%и), тамаки маҳсулотлари учун – 1,5 трлн. сўм (13,9%), алкоголь маҳсулотлари – 1,4 трлн. сўм (13%)ни ташкил қилган.

2019 йилда табиий газ бўйича ушбу кўрсаткич 2,6 трлн. сўм (27,3%), тамаки маҳсулотлари учун – 1,4 трлн. сўм (14,7%) ва алкоголь маҳсулотлари – 1,3 трлн. сўм (13,7%)ни ташкил қилган.

Давлат бюджетига 38 млрд доллар кам тушган

2020 йил 1 августдан бошлаб автотранспорт воситалари импортига акциз солиғи бекор қилинган. Бунинг натижасида, бюджетга 38 млрд. сўм (3,6 млн доллар) келиб тушмаган. Ушбу даврда автотранспорт воситаларига акциз солиғи тушумлари 41 млрд. сўмни ташкил этган.

Пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллабқувватлаш мақсадида, 2020 йил 31 декабрига қадар акциз солиғи ставкаларининг индексацияси бекор қилинган. 2020 йил 1 апрель ва 1 октябрдан кўзда тутилган акциз солиғи ставкаларининг индексацияси амалга оширилмаган.

Шундай қилиб, алкоголь, алкоголли маҳсулотлар, шу жумладан, шароб ва пиво учун, шунингдек бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчига сотиш учун 2020 йил 1 январь ҳолатига белгиланган солиқ ставкалари сақлаб қолинган. Натижада 500 млрд. сўмдан ортиқ маблағ келиб тушмаган.

2021 йил 1 январдан бошлаб озиқ-овқат ва электротехника маҳсулотлари, гилам, пластмасса буюмлари ва бошқа маҳсулотлар импорти учун акциз солиғи бекор қилинди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар