Баҳодир Юсупалиев: “Спутник V” синовлари ижобий ўтса, вакцина Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши мумкин

Баҳодир Юсупалиев: “Спутник V” синовлари ижобий ўтса, вакцина Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши мумкин

“Спутник V” синовлари ижобий ўтса, вакцина Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши мумкин, деб маълум қилди Ўзбекистон Cоғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев.

Хориждан Ўзбекистонга олиб келинган "COVID-19"га қарши вакциналар ва уларнинг синов босқичлари ҳақида маълумот берар экан, Баҳодир Юсупалиев Европа давлатлари ва АҚШдаги коронавирус билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратди.

"Ўзбекистонда яна қайтадан касаллик авж олмаслиги, вазият барқарор бўлишини таъминлаб беришимиз шарт", дея таъкидлаган.

ССВ раҳбари ўринбосарининг фикрича, бунда энг асосийси Ўзбекистон аҳолисини ушбу инфекцияга қарши эмлаш масаласидир.

"Декабр ойи бошида Россия делегацияси Ўзбекистонга келди. Россия томони билан "Спутник V" клиник тадқиқотлар натижаларини ошкор қилмаслик тўғрисида келишув бор. Тегишли ҳужжатлар бизга тақдим этилди. Биз бу ҳужжатларни ўрганяпмиз. Унинг натижаларига кўра, вакцинанинг 3-босқич тадқиқотларини ўтказиш бўйича қарор қабул қилинади", деди Баҳодир Юсупалиев.

"Спутник V" векторли вакцина - у аденовирус асосида яратилганига эътибор қаратди.

"Буни ўрганиш асосида биринчи навбатда фуқароларимизнинг хавфсизлиги масаласи, уларда антитаначалар ҳосил бўлиш-бўлмаслиги ўрганилади", деган у. Таъкидланишича, агар бу вакцина ўзининг яхши томонларини кўрсатса, нафақат уни сотиб олиш балки Ўзбекистонда ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш масаласи қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 4 декабрь куни Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров Ўзбекистонга шахсан COVID-19га қарши "Cпутник V" вакцинаси намуналарини олиб келди. Намуналар улар синовлардан ўтказилиши учун Ўзбекистон томонига топширилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар