Бахмал туманида заъфарон етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш учун 30 миллион доллардан зиёд маблағ ажратилади

Бахмал туманида заъфарон етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш учун 30 миллион доллардан зиёд маблағ ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев 15 февраль куни Жиззах вилоятининг инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Тоғли ҳудудларда доривор ўсимликлар етиштириш, уларни қайта ишлаб, экспорт қилиш давлатимиз раҳбари кўрсатиб берган улкан имкониятлардан бири. Бугунги кунда мамлакатимизда шу соҳага ихтисослашган 7 та кластер фаолият юритмоқда. Хусусан, “BMB Trade Group” кластери томонидан Бахмал туманида заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш йўлга қўйилмоқда. 30 миллион доллардан зиёд қийматдаги ушбу лойиҳа натижасида 200 киши ишли бўлади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида чорвачилик, паррандачилик, гўшт ва сутни қайта ишлаш, ипак мато ишлаб чиқариш каби бир нечта лойиҳалар мўлжалланган.

Тақдимотда ушбу лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги, молиялаштириш манбалари ва инфратузилма масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятининг салоҳияти бундан анча катта эканини, кўплаб йирик лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини таъкидлади. Тўқимачиликда маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги ўзлаштирилаётган ерларда талаб юқори мева-сабзавотлар етиштириб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ерости маъданларини ўзлаштиришга хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича топшириқлар берилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар