Биржада бензин ва цементнинг бошланғич нархи кўтарилди, олтиннинг сотуви максимал кўрсаткич қайд этди

Биржада бензин ва цементнинг бошланғич нархи кўтарилди, олтиннинг сотуви максимал кўрсаткич қайд этди

2020 йилнинг 1-18 декабрида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг очиқ биржа савдолари орқали 2,8 трлн сўмлик товар ресурслари сотилди. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 33% га кўпдир. Сотувчи ва харидорлар шаффоф биржа савдоларида эркин иштирок этишди.

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдолари орқали 100,3 минг тонна техник пахта чигити ва 7,1 минг тонна пахта ёғи сотилди. Ўтказилган савдолар натижасида пахта ёғининг ўртача нархи жорий йилнинг ноябрь ойига нисбатан 3,7% га пасайиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 12 578,6 минг сўмни ташкил қилди (1 литри – 11 572,3 сўм).

Декабрь ойида биржа савдоларига 315,3 минг тонна цемент маҳсулотлари қўйилган бўлиб, бу жорий йилнинг ноябрь ойига нисбатан қарийиб икки маротабага камдир. Шу билан бирга, цементнинг ўртача бошланғич нархи сотувчи корхоналар томонидан ўртача 455,1 минг сўмдан 472,8 минг сўмга, яъни 4% га кўтарилди. Натижада цементнинг декабрь ойидаги ўртача нархи жорий йилнинг ноябрига нисбатан 6% га ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 559,5 минг сўмни ташкил қилди.

Худди шундай АИ-80 русумли автомобиль бензини сотувчиларининг бошланғич баҳоси ҳам ноябрь ойига нисбатан 8,5% га кўтарилиб, ўртача 5 691 минг сўмни ташкил қилди. Ўз навбатида бензиннинг биржадаги нархи мос тарзда 8% га ўсди ва маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 731,7 минг сўмни ташкил этди (бензиннинг бир тоннаси ўртача – 1293-1370 литр).

Шунингдек, декабрь ойида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида олтиннинг сотуви бўйича максимал кўрсаткич қайд этилди. Хусусан, биржа савдолари орқали 75 кг олтин сотилиб, қимматбаҳо металлнинг бир грамми ўртача 615,9 минг сўмни ташкил қилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар