Марказий Банк, Cолиқ ва Божхона қўмиталари ҳамда Республика товар-хомашё биржаси томонидан тақдим этилган тезкор маълумотларга асосланиб, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилчилари ҳар ойда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама таҳлил қилиб боради.
Жорий йилнинг январь–ноябрь ойлари якунида солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,7%га ўсиб, барқарор ижобий динамикани намоён этди.
Тушумларнинг энг сезиларли ўсиши Навоий, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида қайд этилди, бу ҳудудларда ўсиш суръатлари ўртача 36% атрофида бўлди.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумлари 20,1%га, мол-мулк солиғи тушумлари 16,5%га, ер солиғи тушумлари эса 21,2%га ошди.
Божхона тўловлари йиллик ҳисобда 20,3%га ўсди. Энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё вилоятида 63,9% ва Қорақалпоғистон Республикасида 39% даражада қайд этилди.
Шунингдек, Тошкент, Навоий, Жиззах, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида барқарор ижобий динамика кузатилиб, мазкур ҳудудларда тушумлар ўртача 30%га ошди.
Ташқи иқтисодий кўрсаткичлар таҳлилига кўра, товарлар экспорти 12,4%га ўсди. Экспорт етказиб беришларида энг катта ўсиш Сурхондарё вилоятида қарийб 70% ва Самарқанд вилоятида 32,3% даражада кузатилди.
Параллел равишда кредитлаш ҳажмида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди. Қайд этилган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми 37,7%га ошди. Энг юқори ўсиш Сирдарё вилоятида 78,6% ва Наманган вилоятида 49,8% даражада бўлди. Шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида кредитлаш ўсиши 40%дан юқори бўлди.
Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасидаги битимлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 21,2%га ошди. Биржа фаоллиги кўпчилик ҳудудларда ўсди, айниқса Бухоро вилоятида фаоллик 35,9%га кўтарилди. Шунингдек, Жиззах, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида ҳам ўсиш қайд этилди, ўртача 33% атрофида.
Султонмурод Озодов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш