Божхона постларида нормадан ортиқ товарларни вақтинча сақлаш тартиби белгиланди

Божхона постларида нормадан ортиқ товарларни вақтинча сақлаш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори (102-сон, 25.02.2021 й.) билан Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларига нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, давлат божхона хизмати органлари томонидан вақтинча сақлаш учун қабул қилинган барча товарларнинг вазни ва миқдори ўлчовдан ўтказилиши шарт.

Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ва уларнинг ҳужжатлари кўпи билан 30 календарь кун, тез бузиладиган товарлар эса кўпи билан 2 календарь кун мобайнида сақланади.

Сақлаш муддати уларни вақтинча сақлаш учун қабул қилинган куннинг кейинги кунидан ҳисобланади.

Фуқаролар томонидан маълум қилинган товарларнинг божхона қийматини тасдиқловчи товар ҳужжатлари тақдим этилмаган тақдирда, давлат божхона хизмати органи товарларнинг божхона қийматини мустақил равишда белгилайди.

Чегара божхона постлари томонидан вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларни сақлаганлик учун товарлар вақтинча сақловга олинган кундан эътиборан ҳар 100 кг.гача оғирликка (брутто) тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган ҳар бир календарь кун учун:

- дастлабки 5 кунда БҲМнинг 5 фоизи (12 минг 250 сўм) миқдорида, кейинги 10 кунда БҲМнинг 7 фоизи (17 минг 150 сўм) миқдорида, қолган кунларда БҲМнинг 10 фоизи (24 минг 500 сўм) миқдорида;

- тез бузиладиган товарларни вақтинча сақлаганлик учун БҲМнинг 15 фоизи (36 минг 750 сўм) миқдорида божхона йиғими ундирилади.

Товарларни қайтариш, ваколатли шахс (товарларнинг эгаси) томонидан далолатноманинг божхона органи томонидан тасдиқланган нусхаси ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этиш билан амалга оширилади.

Товарлар божхона йиғими тўлангандан ҳамда ҳужжатлар расмийлаштируви тугагандан кейин дарҳол қайтарилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар