24 июнь куни “БРИКС плюс” форматидаги Глобал тараққиёт масалалари бўйича Хитой томони раислигида ўтган онлайн форумда дунёнинг 18 мамлакатидан давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан бир қаторда Аргентина Президенти Альберто Фернандес, Индонезия Президенти Жоко Видодо, Жазоир Президенти Абдулмажид Таббун, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Россия Президенти Владимир Путин, Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Бразилия вице-президенти Гамильтон Моурау, шунингдек, Камбоджа, Малайзия, Таиланд, Фиджи ва Эфиопия ҳукуматлари раҳбарлари иштирок этди.
Хавфсизлик ва барқарорлик борасидаги кўп томонлама ҳамкорлик, савдо ва инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, юқори технологиялар ва инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ва логистика, экология, гуманитар соҳаларда амалий шерикликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида “БРИКС плюс” форматидаги мулоқотнинг Барқарор ривожланиш кун тартибини илгари суришда инклюзив шериклик учун зарур платформа сифатида алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш мақсадида “БРИКС плюс” ишбилармон доиралари форумини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов ушбу платформа Ўзбекистон учун қандай аҳамиятга эганлиги борасидаги ўз мулоҳозаларини билдирди.
“Ўзбекистон Президенти ўз нутқида барқарор ривожланиш мақсадларига биргаликда эришишда халқаро ҳамкорликни устивор йўналишларини кўрсатиб ўтди.
Янги ишлаб чиқариш ва савдо логистикаси занжирларини яратиш, саноат кооперацияси лойиҳалари, инфратузилмаларни модернизация қилиш, технологиялар ва инновацияларни жалб қилиш масалаларига алоҳида тўхталди. Шунингдек, сунъий интелект, рақамлаштириш, биотехнологиялар ҳатто буюмлар интернети каби соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгани суришда тадбиркорлара қатламини кенг жалб қилиш масалалари тилга олинди. Бунда ишбилармонлик мулоқоти платформаси, БРИКС плюс бизнес форумини ишга тушириш билан боғлиқ муҳим ташаббуслар, ундан ташқари глобал тендиенцияларни ҳисобга олган ҳолда бугунги кунда инсон капитали билан боғлиқ масалалар алоҳида таъкидланди. Бу айтайлик Олий таълим, касб-ҳунар таълимдаги ҳамкорлик, Университетлар лигасида Ўзбекистон университетларини иштирок этиши каби масалалар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилди. Шу билан бирга бу йил Ўзбекистон ШҲТ (Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти) раислигини инобатга олган ҳолда, БРИКС плюс ва ШҲТ ўзаро фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурди”, дейди Марказ эксперти.
Президент Шавкат Мирзиёев нутқи якунида “БРИКС плюс” шаклидаги мулоқотнинг ўтказилиши тезкор равишда умумий таҳдидларнинг олдини олиш, глобал барқарорлик ва мамлакатларимизнинг изчил тараққиётини таъминлаш йўлида иштирокчиларнинг интилишлари муштараклигини яна бир бор намойиш этганини таъкидлади.
Изоҳ қолдириш