Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази давлат харидлари порталида аукцион савдолар самарадорлигини баҳолади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази давлат харидлари порталида аукцион савдолар самарадорлигини баҳолади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Давлат харидлари махсус ахборот порталида (xarid.uz) 2020 йил январидан 2021 йил апрель ойлари оралиғида ўтказилган давлат харидлари таҳлили амалга оширилди.

Тадқиқотнинг мақсади давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан нархни пасайтириб бориш тартибидаги аукцион савдоларида харид қилинган товарларнинг ҳар бири кесимида харид жараёнининг самарадорлигини баҳолашдан иборат.

Тадқиқот қуйидаги йўналишларни ўз ичига олган:

Етказиб берувчилар ўртасида муайян маҳсулот даражасида рақобат ҳолатини таҳлил қилиш;

Аукцион савдолари орқали амалга оширилган давлат харидлари жараёнининг самарадорлигини баҳолаш;

Давлат буюртмачиларининг аукцион савдолардаги самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда Рейтингини тузиш;

МЕТОДОЛОГИЯ

Аукцион савдоларининг самарадорлиги индексини ҳар бир лот кесимида қуйидаги мезонларга кўра баҳоланади: шартнома қиймати, товар гуруҳларининг вазн коэффициенти, бошланғич нархнинг пасайиши (фоизда), иштирокчиларнинг сони, шартноманинг бажарилиш ҳолати, харидларнинг шубҳалилик даражаси.

Тадқиқот методологиясига асосан товарнинг бошланғич нархи ўхшаш товарларга белгиланган нархлар диапазонининг ўрнатилган юқори ва пастки квантил чегараларидан чиққан ҳолда ўрнатилса ёки бошланғич нархнинг пасайиши белгиланган диапазоннинг ўрнатилган юқори ва пастки квантил чегараларидан ташқарида рўй берса харид жараёнининг шубхалилик даражаси юқори баҳоланади. Тадқиқотда квантил чегаралар ва аномалияларни аниқлашда мураккаб алгоритмлардан фойдаланилган.

Тадқиқотда Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси (ЎзРТХБ) томонидан тақдим этилган маълумотлардан фойдаланилди. Таҳлил жараёнида маълумотлар қайта ишланиб, адабиётлар шарҳи, экспертлар хулосалари ва Ўзбекистонда давлат харидлари жараёнининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мураккаб кўрсаткичлар шакллантирилди.

АМАЛИЙ АҲАМИЯТИ

Тадқиқот иши давомида олинган натижаларни қуйидаги йўналишларда қўллаш мумкин:

Аукцион савдолари шаклидаги давлат харидлари жараёни механизмининг самарадорлигини ошириш;

Аукцион савдоларида етказиб берувчилар ўртасида рақобат даражаси суст бўлган товар гуруҳларида рақобатни рағбатлантириш;

Давлат харидларини режалаштиришда масъул шахсларининг малакасини ошириш;

Аукцион савдолар натижасида тузилган шартномаларнинг бекор бўлиш ҳолатларини камайтириш;

Давлат харидлари махсус порталида қўшимча қулайликлар яратиш орқали давлат харидларига тайёргарлик кўришни соддалаштириш;

Давлат харидларини янада самарали ташкил этиш орқали давлат ва жамият ресурсларини тежаш.

НАТИЖАЛАР

2020 йилнинг январь ойидан 2021 йилнинг апрелигача бўлган даврда давлат харидлари порталида 5 330 та бюджет ва 1 347 та корпоратив буюртмачилар томонидан 131 759 та аукцион савдолари ўтказилиб, шартномаларнинг умумий қиймати 3,9 трлн. сўмни ташкил этган.

Аризалар сони ва шартнома миқдори ўртасида тескари боғлиқлик мавжуд: қанча кўп ариза бўлса, нарх шунча паст бўлади, бу эса давлат ресурсларини тежашга олиб келади.

Бюджет буюртмачилари эълон қилган аукцион савдоларига ўртача 5 та етказиб берувчи (корпоратив буюртмачиларда 4 та) иштирок этган ва 13 та нарх таклифи (корпоратив аукционларда 10 та) берилган.

Қуйидаги товар гуруҳларида энг юқори нарх пасайиши кузатилди:

«Канцелярия буюмлари» - 38%,

«кийим, пойабзал ва кўрпа-тўшак анжомлари» - 38%,

«спорт анжомлари ва жиҳозлари» - 34%,

«овоз ёзиш техникаси ва жиҳозлари» - 32%,

«мусиқа асбоблари» - 32%.

Нархлар пасайиши нисбатан паст бўлган товар гуруҳлари:

«биологик фаол қўшимчалар» - 5%,

«стоматология учун протез ва ортопедик хом ашё» - 7%,

«дастурий маҳсулот» - 9%.

Мазкур савдоларнинг ҳар бирида ўртача 2 та етказиб берувчи иштирок этган.

АУКЦИОН САВДОЛАРИНИНГ САМАРАДОРЛИГИ ИНДЕКСИ

Тадқиқот давомида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Аукцион савдоларининг самарадорлиги индексини ишлаб чиқди. Мазкур индекс давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан харид жараёнларини ташкил этиш ва амалга ошириш натижалари самарадорлигини баҳолайди.

Индексни баҳолаш мезонлари иқтисодиёт (аукцион миқдори, аукционнинг бошланғич қиймати ва нархнинг пасайиши, вазн коэффициентлари), рақобат даражаси (иштирокчилар сони), режалаштириш ва шубҳали харид (бошланғич нархнинг пасайиши белгиланган диапазоннинг ўрнатилган юқори ва пастки квантил чегараларидан ташқарида, бир неча карра фарқ билан рўй бериши), зиддият (шартноманинг имзолангандан сўнг бажарилиш ҳолати).

Индекс юқоридаги мезонлар асосида маълумотларни ягона кўрсаткичга бирлаштиради ва унинг қиймати -7 ва 7 оралиғида ўзгаради: ўта паст самарадорлик (-7 дан -3,5 гача), ўртача паст (-3,5 - 0), паст (0 - 2,3), ўртача (2,3 - 4,6) ва юқори самарадорлик (4,6 - 7).

Кўриб чиқилаётган даврда Индекснинг ўртача қиймати 2,09 ни (бюджет буюртмачилари учун 2,28, корпоратив буюртмачилари учун 1,86) ташкил этди, бу паст самарадорлик гуруҳига тўғри келади. Қайд этиш лозимки индекс қиймати жорий йилнинг январь ойидан апрель ойига қадар 2,09 дан 1,77 гача пасайган. Бу асосан муваффақиятли бажарилган шартномалар улушининг 79% дан (2020 йилдаги ўртача кўрсаткич) 73% гача пасайиши билан боғлиқ. Бу рақам бюджет харидларида 84% дан 73% гача пасайган.

Индекс ҳар бир маҳсулот турини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир лот учун ишлаб чиқилган.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, мусиқа асбоблари (0,92), овоз ёзиш ускуналари ва жиҳозлари (1,07), кийим-кечак, пойабзал ва кўрпа-тўшак анжомлари (1,13), спорт анжомлари ва ускуналари (1,23), термопласт қувурлар ва арматура (1,36) энг кам самарадорлик билан харид қилинган товарлар ҳисобланади.

Давлат буюртмачилари рейтинги

Тадқиқот муаллифлари индекс қийматларини умумлаштириб, 10 дан ортиқ аукцион савдоларини эълон қилган (1596 та бюджет ва 617 та корпоратив буюртмачилар, 236 та Республика даражасидаги буюртмачилар) самарадорлик Рейтингини тузди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Review.uz веб-сайтда рейтинг иштирокчилари – давлат буюртмачиларининг тўлиқ рўйхати билан танишишни таклиф қилади (https://review.uz/oz/post/reyting-gosudarstvennx-zakazchikov-v-uzbekistane-za-2020):

Бюджет буюртмачилари ўртасида рейтингнинг пастки қисмида қуйидагилар ўрин олган:

Бухоро вилояти кардиология диспансери (1596-ўрин, шартномаларининг 67% бекор қилинган), Юқори Чирчиқ тумани Болалар-ўсмирлар спорт мактаби (1595-ўрин), Сирдарё вилояти тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш бошқармаси (1594-ўрин, савдоларнинг 18% ида буюртмачиларга нисбатан юқори нарх таклиф этилган), Самарқанд вилояти Халқ депутатлари Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (1593-ўрин, савдоларнинг 47% ида бошланғич нархнинг пасайиши аномал тус олган), Ўзбекистон тумани Мактабгача таълим бўлими (1592-ўрин) ва Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармаси (1591-ўрин).

Корпоратив буюртмачилар орасида «Агробанк АТБ Термиз филиали» (617-ўрин), «Toshrangmetzavodtools» МЧЖ (616-ўрин, савдоларининг 44% ида бошланғич нархнинг пасайиши аномал тус олган), Бухоро вилояти «Иссиқлик манбаи» ОАЖ (615-ўрин, савдоларининг 89% ида нисбатан юқори нарх таклиф этилган), Тошкент шаҳар кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси (614-ўрин) ва «АТБ Халқбанк Навоий филиали» (613-ўрин) энг паст рейтингга эга бўлди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, савдолар жараёнида ўртача 18% ҳолатларда бекор қилинган.

Хусусан, шартномаларни бекор қилиш даражаси «Агробанк АТБ Термиз филиали»да - 100%, «Toshrangmetzavodtools» МЧЖ - 94%, Тошкент шаҳар кичик саноат зоналарини дирекцияси бошқарув дирекциясида - 74% ва Бухоро вилояти «Иссиқлик манбаи» АЖ - 68%ни ташкил этган.

Республика даражасидаги буюртмачилар орасида Ёшлар ишлари Агентлиги (1387-ўрин), Инновацион ривожланиш вазирлиги (1496-ўрин), Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Ядро энергетикасини ривожлантириш агентлиги (1541-ўрин), Давлат тест маркази (1543-ўрин), А. Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси (1560-ўрин) рейтингнинг пастки қисмидан жой эгаллади.

Хусусан, Миллий кутубхона томонидан имзоланган 67 та шартномадан 28 таси (42%) бекор қилинган. Савдоларнинг 43% ида етказиб берувчиларга, нисбатан юқори нарх таклиф этилган. Шунингдек, Давлат тест маркази билан имзоланган шартномаларнинг 37% бекор қилинган бўлиб, савдоларнинг 30% да нархларнинг пасайиши белгиланган квантил чегараларидан четга чиққани кузатилган.

Республика даражасидаги буюртмачиларнинг 61% нинг самарадорлиги пастлиги аниқланган бўлса, вилоят ва туман/шаҳар даражасидаги буюртмачилар учун бу рақам мос равишда 52% ва 45% ни ташкил этди.

Соҳалар бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш (2,56 - ўртача самарадорлик), ўрта таълим (2,50), соғлиқни сақлаш (2,41), ободонлаштириш (2,40) ҳамда ирригация ва қишлоқ хўжалиги (2,28) соҳасида буюртмачиларнинг аукцион савдолардаги самарадорлиги нисбатан юқори эканлиги аниқланди.

Энг паст самарадорлик эса архив (1,62), бандлик ва меҳнат муносабатлари (1,73), энергетика (1,85), иқтисодиёт ва молия (1,9) соҳаларида кузатилди.

Таъкидлаш лозимки, тадқиқотнинг биринчи босқичида давлат харидлари жараёнларини ташкил қилиш ва амалга ошириш натижаларининг самарадорлиги фақат аукцион савдолари маълумотлари асосида баҳоланди. Келажакда, тендер, танлов ва тўғридан-тўғри харидлар жараёнининг самарадорлигини таҳлил қилиш режалаштирилган.

1 расм. тоифалар бўйича имзоланган шартномаларнинг умумий суммаси

2 расм. Самарадорлик индекси динамикаси.

Ҳасанжон Мажидов, етакчи илмий ходим CERR

Бахтиёр Исмаилов, етакчи илмий ходим CERR

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар