Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги талаб даражасини баҳолади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги талаб даражасини баҳолади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан кўчмас мулк бозоридаги талаб ўзгариши мунтазам равишда таҳлил қилиб келинмоқда.

2021 йилнинг июль ойида Ўзбекистонда 18,1 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари тузилди, бу 2020 йилнинг мос даврига (16,1 минг) нисбатан 12,5%га кўпдир. Шу билан бирга, жорий йилнинг июнь ойига нисбатан кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 16%га камайди.

1-расм. Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши индекси

Лекин, жорий июль ойи кўрсаткичларини ўтган йилнинг июль ойи билан таққослаш унчалик ҳам тўғри бўлмайди, чунки 2020 йил июль ойи локдаун ҳолати жорий этилган эди.

Кўчмас мулк бозорида битимлар сони камайишининг асосий сабаблари – эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви бўлиб, бунинг натижасида потенциал харидорлар ҳозирги бозор шароитларида битимлар тузишни фойдасиз ҳисоблаб, ноаниқликлар тарқалишини кутишади. Шу билан бирга, таъкидлаш керакки, карантин чекловлари бутун мамлакат бўйлаб амал қилмоқда, бу ҳам иқтисодиётга босим ўтказишда давом этмоқда. Бу Марказ томонидан ўтказилган параллел тадқиқотда ҳам қайд этилган, хусусан кичик ва ўрта бизнес вакилларининг 17 фоизи пандемиянинг товарлар/хизматларга бўлган талабга салбий таъсирини қайд этган.

Кўчмас мулк бозорида талабнинг сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлган бошқа омиллар орасида аҳолига берилган ипотека кредитлари сонининг камайиши ҳам бор.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, жорий йилнинг июль ойида ипотека кредитлари сони 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 4,3%га камайган. Июнь ойида эса пасайиш 53% ни ташкил этди.

Умуман олганда, 2021 йил 7 ойида берилган ипотека кредитлари сони ўтган йилнинг шу даври билан таққосланганда 19,2 фоизга камайди.

2-расм. Аҳолига берилган ипотека кредитлари

Манба: Ўзбекистон Марказий банки маълумотлари асосида ҳисоб-китоблар

Ҳудудларга келадиган бўлсак, жорий йилнинг июнь ойига нисбатан барча ҳудудларда талабнинг пасайиши кузатилди. Энг юқори пасайиш суръатлари Бухоро (27,3%), Наманган (22,1%), Қашқадарё (20,7%), Навоий (18,1%), Самарқанд (17,8%) вилоятларида қайд этилди.

3-расм. 2021 йилнинг январь-июль ойлари учун вилоят бўйича аҳолига берилган ипотека кредитлари ҳажми ва сони

Манба: Ўзбекистон Марказий банки маълумотлари асосида ҳисоб-китоблар

Шу билан бирга, 2021 йилнинг июль ойида берилган ипотека кредитлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Қашқадарё (60,1%), Бухоро (40,3%), Жиззах (39,9%), Сирдарё (34,1%), Сурхондарё (29%) вилоятларида сезиларли даражада камайди.

Кузга бориб, таътил мавсумининг тугаши ҳамда фаол иш мавсумининг бошланиши билан кўчмас мулк бозорида талабнинг ошиши кутилиши мумкин. Шунингдек, оммавий эмлаш ҳам талабни тикланишига ёрдам беради.

Халилуллоҳ Ҳамидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Бош илмий ходими

тел: (78) 150 02 02 (410)

Тадқиқот ҳақида саволларингиз бўлса, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Жамоатчилик билан алоқалар хизматига мурожаат қилинг.

тел: (78) 150 02 02 (417)

телеграм: @Ziyo7282


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар