COVID-19 дан кейинги ҳаёт: Давлат ва Жамият

COVID-19 дан кейинги ҳаёт: Давлат ва Жамият

Дунё Иккинчи Жаҳон Урушидан кейинги энг жиддий трансформацияни бошдан кечирмоқда. АҚШда март ойининг ўртасидан буён 40 миллиондан ортиқ инсон ишсиз қолди.

Жаҳон Банкининг ҳисоб-китобларига кўра, шу йилнинг охиригача дунё бўйича 40 миллиондан 60 миллионгача инсон кунига 1,90 АҚШ долларидан камга топадиган экстремал қашшоқлар сафига қўшилиши кутилмоқда. 2015 йил кўрсатгичларига кўра 734 миллион киши, яъни дунё аҳолисининг деярли 10 дан бири ушбу экстремал қашшоқлик даражасида яшаган.

Инсониятнинг бугунги ҳолати Ажемўғлу ва Робинсон (А&Р) таъбири билан "критик лаҳза"га (critical juncture) мисол бўла олади. (А&Р га кўра, "критик лаҳза" ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги туб институционал ўзгаришларга имкон берадиган, аммо буларни қайси тарафга ўзгартириши ноаниқ бўлган ҳодисадир.) Бундай критик лаҳзаларда жамиятлар улардаги институтлар, куч-қудрат структуралари, сиёсий лидерлар ва бошқа омилларга боғлиқ равишда бир-биридан тубдан фарқ қилувчи траекторияларга йўналадилар. Тарихий ва бугунги шарт-шароитлар иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий оқибатлари бир-биридан кескин фарқ қиладиган тўрт хил сценарийнинг мумкин эканлигини кўрсатади.

  1. "Фожеали эски ҳаммом, эски тос" (tragic business as usual) сценарийси.

Бунда биз амалда расвоси чиққан сиёсий ва иқтисодий институтларимизни ислоҳ қилиш ёки эндемик (туп қўйиб, палак ёзган) иқтисодий ва ижтимоий тенгсизликлар муаммосини ҳал қилиш учун бирор жиддий ҳаракат қилмаймиз. Бу ҳолатда биз на турли қарорлар қабул қилишдаги махсус билим ва тажриба ҳамда илм-фаннинг ролини мустаҳкамлашнинг, на иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий тизимларимизнинг мослашувчанлигини оширишнинг уддасидан чиқа оламиз. Агар лидерларимиз муаммонинг жиддийлигини тушуниб етишмаса ёки биз улардан зарурий ўзгаришларни талаб қилиш йўлида бирлашолмасак, ушбу сценарийнинг амалга ошиши, яъни мавжуд ботқоқликдан чиқолмаслигимиз эҳтимоли юқори.

  1. "Хитойсимон" давлат (China-lite) сценарийси.

Ҳозирда кўп мамлакатлар бошидан кечираётган "Ҳоббс моменти"да ушбу сценарийнинг эҳтимоли аста-секин ортиб бормоқда. Англиядаги Фуқаролар Уруши (1642-1651) даврида ёза туриб, Томас Ҳоббс ҳар қандай инсонлар жамияти шахсларни бир-биридан ҳимоя қилиб туриш учун қудратли давлатга (левиафан) муҳтож эканлигини айтган эди. Ҳоббснинг иддао қилишича, жамият ўз иродасини ушбу левиафанга таслим этибгина равнақ топиши мумкин. Бу сценарийга кўра, Ғарбдаги демократик мамлакатлар шахсий ҳаёт ва аҳоли устидан назорат каби хавотирларидан қисман воз кечиш ҳамда хусусий компаниялар устидан давлат назоратини кучайтириш билан Хитойга "тақлид" қиладилар. Давлат аппаратининг кенгайиб, жамият устида қулоч ёзиб боришга бўлган майли эса охир-оқибат "фожеали эски ҳаммом, эски тос" сценарийси каби аянчли эндшпилга (endgame) олиб келади.

  1. "Рақамли қуллик" (digital serfdom) сценарийси.

Ушбу сценарийга кўра, давлат ва жамоат институтлари ўз ўрнини технологик ҳукмронликка бой беради. Масалан, АҚШда Apple ва Google каби технологик гигантларнинг кишиларни касалликка текшириш, "контакт-трэйсинг" (касаллик юқтирган шахс билан мулоқотда бўлган кишиларни аниқлаш жараёни) ва бошқа пандемияга қарши жавоб чораларини ҳукуматдан кўра самаралироқ амалга ошириши давлатнинг халқдаги ўзига бўлган ишончни шу каби хусусий компанияларга бой беришига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу компаниялар аллақачон карантин ва ижтимоий масофаланиш шароитларида иқтисодий фаолиятни турли шаклларда давом эттириш учун ижодий инновациялар таклиф қилишни бошлаб юбордилар. Бироқ, бу каби гигантлар таклиф қиладиган технологиялар зарурий маҳсулотларга айланиб боргани сари ушбу хусусий компанияларнинг куч-қудрати ҳам ортиб бораверади. Айни пайтда бу компаниялар шахсий маълумотларни йиғишда ва фойдаланувчиларнинг хатти-ҳаракатларини манипуляция қилишда давом этадилар; давлат эса Силикон Водийсига хизмат қилувчи "чўри"га айланиб боради. Бу эса ушбу пандемия иқтисодиёти чемпионларининг борган сари катталашиб боришига, натижада мавжуд ижтимоий-иқтисодий тенгсизликнинг янада кучайишига олиб келади. Бу сценарий бўйича узоқ муддатда жамиятнинг борадиган ери илк икки сценарий каби дистопик манзилдир.

  1. "Ижтимоий фаровонлик 3.0" (welfare state 3.0) сценарийси.

Бу ягона оптимистик сценарий. Ижтимоий фаровонликка асосланган илк давлатлар Ғарбда Буюк Депрессия ва Иккинчи Жаҳон Уруши натижасида юзага келди. Ижтимоий ҳимоя, ишсизлик нафақаси, оммавий тиббий суғурта кабилар ижтимоий фаровонлик давлатига хос хусусиятлардир. Бундай давлатнинг иккинчи версияси 1980 йилларда, АҚШда Роналд Реганнинг ва Буюк Британияда Маргарет Тэтчернинг ҳукуматга келиши ҳамда Совет Иттифоқининг инқирозга учраши билан вужудга келди. Кўпгина Ғарб мамлакатларида, хусусан, АҚШ ва Британияда ижтимоий фаровонлик 2.0 аввалги ижтимоий ҳимоя элементларининг заифлашуви ҳамда касаба уюшмаларининг самарасизлаштирилиши билан белгиланади. Ажемўғлу назарда тутаётган ижтимоий фаровонлик 3.0 эса кучли ва яхши мувофиқлаштирилган ижтимоий хавфсизлик тармоғи (social safety net), ҳозиргидан кўра самаралироқ ишлайдиган ҳукумат ва анча такомиллаштирилган оммавий соғлиқни сақлаш тизими кабиларни ўз ичига олади. Бу сценарийнинг "Хитойсимон" давлат сценарийсидан фарқи шундаки, бунда давлатнинг кучланиши демократик институтларнинг ҳамда давлат фаолиятини назорат қилиш ва ундан ҳисобдорликни талаб қилиш учун етарли сиёсий иштирок механизмларининг кучланиши билан параллел равишда рўй беради.

Ажемўғлунинг фикрича, илк уч сценарий учун етарли эҳтимол мавжуд ва "ижтимоий фаровонлик 3.0" шунчаки орзу каби кўриниши мумкин. Бироқ айтиш жоизки, шунга ўхшаш ҳолат аввал ҳам рўй берган (ижтимоий фаровонлик 1.0). Робинсон билан биргаликда ёзган "Тор Йўлак" (The Narrow Corridor: States, Societies, and the Fate of Liberty) китобида муаллиф юқоридаги тўртинчи йўлнинг бир вақтнинг ўзида ҳақиқий давлат салоҳияти (state capacity), демократия ва эркинликка эришишнинг ягона йўли эканлигини кўрсатиб берган. Албатта, янги шаклдаги ва аввалгиларидан самаралироқ ижтимоий фаровонликка эришишнинг осонлик билан ёки ўз-ўзидан, табиий равишда юз беришини кутиш ўта соддаликдир. Демократия ва ҳисобдорликни кучайтириш билан бир қаторда давлат масъулиятини кенгайтириш, энг асосийси, бунда тўғри мувозанатни топа олиш ҳозиргидек пандемия шароити у ёқда турсин, энг яхши вақтларда ҳам осон иш эмас. Бироқ, Иккинчи Жаҳон Уруши насли сингари, бизнинг синаб кўришдан бошқа чорамиз йўқ, дейди Ажемўғлу.

Хўш, мамлакатимиз учун ушбу тўрт траекториядан қай бирининг эҳтимоли юқорироқ? Кўриниб турибдики, учинчи траектория ҳозирда Ўзбекистон учун энг эҳтимоли оз бўлган сценарий: давлатнинг ўз ҳокимиятини рақамли гигантларнинг технологик ҳукмронлигига бой бериши ҳақидаги фикрлар балки келажакда невараларимизни хавотирга солиши мумкин, лекин бизда бунга ҳозирча ҳеч қандай асос йўқ. Давлатнинг ва унга яқин шахсларнинг иқтисодиётга ва жамият ҳаётига аралашуви шундоқ ҳам ҳаддан ташқари юқори эканлигини ҳисобга олсак, иккинчи (Хитойсимон) сценарийдан ҳам, менимча, унчалик хавотир олмасак бўлади. Тўғрироғи, шу ҳолатда эканимизнинг ўзи хавотир учун етиб ортади. Айтиш жоизки, иқтисодимизнинг кушандаси бўлган монополистларимиз ҳам айнан давлатнинг иқтисодиётга ноўрин - ҳалол рақобатни эмас, маълум гуруҳларнинг халқни осонроқ талай олишини таъминлаш учун - аралашуви натижасида оёқда туришибди. Демак, бизда танлов асосан биринчи ва тўртинчи траектория орасида бўлиши керак: ҳаммаси "эски ҳаммом, эски тос" кўринишида қоладими ёки ижтимоий (ва ўз-ўзидан, иқтисодий) фаровонлик томон сакраш учун етарли сиёсий ирода ва оммавий журъат топа оламизми?

Беҳзод Алимов PhD, Турин Университети

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар