Экспорт қилувчиларнинг суғурта мукофоти учун тўлов харажатлари компенсация қилинади

Экспорт қилувчиларнинг суғурта мукофоти учун тўлов харажатлари компенсация қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг 25.08.2020 йилдаги 512-сон қарори билан Экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда, суғурта мукофоти учун тўлов харажатларини компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжат Президентнинг 7.05.2020 йилдаги «Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4707-сон қарори ижроси доирасида ишлаб чиқилган.

Низомга мувофиқ, гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланган экспорт қилувчиларга суғурта мукофоти учун тўлов харажатлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия маблағлари ҳисобидан суғурта пулининг 1%идан ортиқ бўлмаган миқдорда компенсация қилиб берилади.

Компенсация тўланиши учун қуйидагилар шартларга риоя этилган бўлиши:

  • суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофоти суғурталовчига суғурта қилдирувчи томонидан тўланган бўлиши (суғурта мукофоти суғурталовчига тўғридан-тўғри қоплаб бериладиган ҳолатлар бундан мустасно);
  • экспорт шартномалари (инвойслар) Ташқи савдо операцияларининг ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган бўлиши (битта инвойс бўйича $5 минггача товарларни (хизматларни) экспорт қилиш ҳолатларидан ташқари), экспортолди молиялаштириш шартномаси бўйича суғурта амалга оширилиши ҳолатлари бундан мустасно;
  • аввал олинган компенсация бўйича суғурта шартномаси муддатидан аввал бекор қилинган бўлса, суғурта қилдирувчи томонидан компенсациянинг тегишли қисми қайтарилган бўлиши;
  • тадбиркорлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича фақат суғурта қилдирувчининг ўз тадбиркорлик хавфи ва молияловчи шахс фойдасига суғурталаниши;
  • суғурта шартномасининг тури Низом, Фуқаролик кодекси ва суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган шартларга мос келиши шарт.

Компенсация олиш учун аризаларни кўриб чиқиш тартиби Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади. Ариза ва зарур ҳужжатлар олинганидан кейин Агентлик уларни кўриб чиқади ва 7 иш куни давомида хулоса беради.

Молия вазирлиги тақдим этилган буюртманомага мувофиқ 3 иш куни давомида компенсация маблағларини Агентликнинг ҳисобварағига, Агентлик эса ҳисобварағидан бир иш куни давомида суғурта қилдирувчи ёки суғурталовчининг ҳисобварағига ўтказиб беради.

Низомда қуйидагилар ҳам кўрсатилган:

  • суғурта мукофотини қоплаб бериш учун талаб этиладиган ҳужжатлар ва уларни кўриб чиқиш тартиби;
  • суғурта мукофотини қоплаб беришни рад этиш сабаблари;
  • суғурта мукофотини қоплаш учун тўловларни амалга ошириш тартиби.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.08.2020 йилдан кучга кирган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар