“2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” Президент Фармони имзоланди.
Фармони билан Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари бўйича амалга ошириладиган вазифалар, жорий этиладиган тартиб ва амалиётлар белгиланди.
Жумладан, Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида:
- 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида “Электрон парламент” тизими жорий этилади;
- Олий Мажлис Қонунчилик палатасида йил якунига кўра қабул қилинган ҳар бир қонун халқ томонидан қандай баҳолангани ва унинг самарадорлик даражаси мониторинг қилинади;
- 2020 йил 1 июлдан Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қатор масалалар юзасидан ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартиби татбиқ қилинади;
- 2020 йил 1 августдан бошлаб Сенатда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш, шунингдек, Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш тизими йўлга қўйилади;
- 2020 йил 1 июлга қадар “Mening fikrim” веб-порталининг мобиль иловаси ишга туширилади.
Изоҳ қолдириш