ЕОИИга аъзо бўлиш учун пухта тайёргарлик зарур

ЕОИИга аъзо бўлиш учун пухта тайёргарлик зарур

2019 йилнинг охирги ойларида турли давраларда мамлакатимизнинг ЕОИИга аъзо бўлиш масаласи қизғин муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Фикр-мулоҳазалар турли-туман, кимлардир мазкур иттифоққа аъзо бўлишни ёқлаяпти, бошқа бировлар эса бунга мутлақо қарши. Шу сабаб мен ҳам Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиш масаласининг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақидаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман.

2014 йил 29 майда Остона шаҳрида имзоланган “Евроосиё Иқтисодий Итттифоқи ҳақида”ги шартноманинг 4-моддасида уни тузишнинг асосий мақсадлари қуйидагича белгиланган:

- аъзо-давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш мақсадида улар иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун шароитлар яратиш;

- Иттифоқ доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга интилиш;

- глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларни ҳар тарафлама модернизация, кооперация қилиш ва улар рақобатбардошлигини ошириш.

Хўш, бу мақсадларнинг қайси бири бизнинг манфаатларимизга тўғри келмайди? Бу мақсадлар 2016 йил сентябрь ойидан бошланган Ўзбекистон Республикаси янги иқтисодий сиёсатининг асосларини белгилаб берган “Ҳаракатлар Стратегияси” мақсадларига тўғри келаётганлиги кўриниб турибди. Демак, ЕОИИ ва бугунги Ўзбекистон иқтисодий сиёсатларининг асосий мақсадлари бир-бирига мос келади.

Россия, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон давлатларининг умумий майдони 20,3 миллион квадрат километрни ташкил этади, аҳолисининг сони 186 миллион киши, ЯИМ ҳажми 1, 9 триллион АҚШ долларига тенг. Кўриниб турибдики, ЕОИИ ҳажми жиҳатидан жуда катта бозор ва бу бозорнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиш Ўзбекистонга улкан имкониятлар яратиб беради.

Ўзбекистон узоқ йиллар мобайнида ЕОИИ давлатлари билан битта давлат таркибида бўлган ва шу боис мазкур давлатлар билан жуда яқин иқтисодий алоқалар мавжуд. Биргина қўшни давлатлар билан қай даражада яқин иқтисодий ҳамкорликда яшаганлигимизни олиб қарайлик.

Марказий Осиё давлатлари асрлар мобайнида табиий-иқлим, ер-сув, аҳолининг кўчманчи ёки ўтроқ ҳолда яшаши билан боғлиқ турли омиллар таъсири остида бир-бирини тўлдириб турадиган ягона ҳудудий комплекс ҳолида шаклланган.

1992-2016 йиллар мобайнида бешта давлатнинг иқтисодий алоқалари сусайди, ўртада сунъий тўсиқлар пайдо бўлди. Бу давлатларнинг ҳаммасига салбий таъсир кўрсатди.

Мамлакатимизнинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев дарҳол ташқи сиёсатни буткул ўзгартириб, ҳамма давлатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан алоқаларни кенгайтирди. Иқтисодий алоқаларнинг кучайиши Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётларига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсата бошлади, тобора камайиб бораётган ўзаро савдо айланмаси ҳажми охирги йилларда яна оша бошлади.

Айни вақтда Ўзбекистон ҳудудида Россия капитали иштирокида 950 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, Россияда эса Ўзбекистоннинг иқтисодий субъектлари иштирокида 550 дан ортиқ корхона мавжуд. Икки мамлакатнинг минтақалараро ҳамкорлиги ҳам янада кенгаймоқда ва бугун ўзбекистонлик тадбиркорлар Россиянинг 70 га яқин ҳудудларидаги корхоналар билан ҳамкорлик қилишмоқда.

Белоруссия билан машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга ошириляпти.

Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 200 дан ортиқ корхона, Қирғизистон инвесторлари иштирокида эса 96 га яқин компания фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатда, Қозоғистон ҳудудида 150 га яқин Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма корхонаси, Қирғизистон ҳудудида эса 200 дан ортиқ Қирғизистон-Ўзбекистон қўшма корхоналари фаолият кўрсатмоқда.

2016-2019 йилларда ЕОИИ аъзо давлатлари билан ҳамкорликнинг кучайиши йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтиради.

Иттифоқ доирасида товарларнинг бож тўловларисиз олиб ўтилиши, давлатларнинг ички бозорларига маҳаллий товарларимизнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз кириб бориши, божхона идоралари фаолиятини тартибга солишнинг умумий ва мукаммал тизимини яратиш, капитал ҳаракати эркинлигини таъминлаш имкониятларини яхшилайди.

Мамлакатимизда экспортни, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш стратегик вазифа қилиб белгиланган. Бунинг учун салоҳиятли ва барқарор истеъмол бозори зарур бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ЕОИИ билан интеграциялашув биз учун бу борада жуда муҳим имкониятлар яратади. Қолаверса, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларимизни ЕОИИ мамлакатларига божхона тўловларисиз экспорт қилиш имкониятини беради.

Чорвачилик соҳасида эса ҳозирча гўшт маҳсулотларини импорт қилишимизга тўғри келяпти. Бу масалани ҳам ЕОИИ ҳисобига ҳал этишимиз мумкин бўлади.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга сарфланаётган сувнинг деярли 80 фоизи Қирғизистон ва Тожикистондан келади. Бу борада мавжуд жиддий келишмовчиликларни ҳам ЕОИИ доирасида нисбатан осонроқ ҳал этиш имконияти пайдо бўлади.

Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Жанубий Қозоғистонни ўз ичига олувчи минтақавий энерготизимни Марказий Осиё бирлашган энергетика тизими сифатида шакллантириш 1991 йилда якунланган эди. У ўз ичига 25 минг МВт умумий қувватга эга 83 та электр станциясини қамраб олганди. Бироқ, давлатлар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли ягона энергетика тизими бузилиб кетди.

ЕОИИ доирасида ягона электр энергия бозорини яратиш ва шу йўл орқали барча аъзо давлатларни нисбатан арзон электр энергияси билан таъминлаш имкониятини яратади. Бу Иттифоқ аъзоларининг иқтисодий ўсишига ижобий таъсир қилади.

Ўзбекистон ЕОИИга аъзо мамлакатлар ичида меҳнат ресурслари сони бўйича Россиядан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Бу эса, Ўзбекистоннинг меҳнат ресурсларига бойлигини, меҳнат салоҳияти юқорилигини кўрсатади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси ўта муҳим муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозирда 2,4 миллионга яқин Ўзбекистон фуқаролари ишлаш учун чет элга чиқиб кетган. Ташқи мигрантларнинг асосий қисми Россия Федерациясига (2,2 млн. киши ёки 91,7 %) тўғри келмоқда.

Иттифоққа аъзо бўлиш меҳнат муносабатлари масаласида Ўзбекистон учун қуйидаги ижобий натижаларни беради:

-мигрантларнинг хорижий мамлакатдаги ишлаши, яшаши, турмуш шароити яхшиланишига олиб келади;

-мигрантларнинг қонуний йўл билан чиқиб кетишини ва уларнинг аниқ ҳисобини юритишни таъминлайди;

-меҳнат бозоридаги таклифнинг ҳамда аҳолининг четга чиқишга қизиқишининг юқорилигини ҳисобга олиб, меҳнат бозорида мувозанатни таъминлайди;

-патент тўловлари бекор қилинади ва бу мигрантларга ойига ўртача 150 – 170 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча фойда олиб келади;

-мамлакатимизга хорижий валюта оқимини кўпайтиради, қайтиб келган мигрантлар мамлакатга малакали тайёр ишчи кучи бўлиб қайтади.

Сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, бозор иқтисодиёти, иқтисодий фаолиятни ташкил этиш, хусусийлаштириш концепциялари ва дастурларини яратиш ва уларни амалиётга жорий этишда бундан 20 – 25 йил олдин амалга оширишимиз лозим бўлган жиддий тадбирларни биз энди яқин келгуси истиқболда бажаришимиз шарт. Ана ўшанда ЕОИИга аъзоликнинг айрим салбий жиҳатлари ҳал бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, ЕОИИга аъзоликнинг ижобий жиҳатлари жуда кўп ҳамда Ўзбекистоннинг манфаатларига тўла мос келади. Ҳамма гап ЕОИИ га аъзо бўлишга пухта тайёргарлик кўришга боғлиқ. Ана шунда бу тадбир халқимизнинг манфаатларига хизмат қилади ва мамлакатимиз иқтисодиёти янада ўсишига ёрдам беради.

Одил Олимжонов,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар