Франциянинг етакчи «Les Echos» нашрида “Covid: давлатлар салоҳиятига қараб иқтисодий тикланиш нотекис бўлиши кутилмоқда” номли мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистон иқтисодиёти Covid-19 инқирозидан жадал суръатларда тикланаётган 15 давлат қаторидан жой олган.
«Les Echos» иқтисодий ва молиявий янгиликларни ёритишга ихтисослашган етакчи француз газетасидир. Газета адади - 132 минг нусха. Нашр электрон тарзда ҳам фаолият юритади, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларига эга. Порталга ҳар ой 4 миллиондан ортиқ одам ташриф буюради.
Қайд этилишича, электрон саноат Осиё мамлакатлари тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқда. «Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, тикланишдан энг кўп фойда оладиган 15 мамлакат Осиё ва Африкада жойлашган», - дейди нашрга «Coface» бош иқтисодчиси Жульен Марсилли.
Рўйхатда Бангладеш, Миср ва Кот д'Ивуар, шунингдек, Ўзбекистон ҳам бор. Рўйхатнинг сўнгги поғоналарини Венесуэла, Ливан ва Ливия эгаллаган бўлса, улардан олдинги сафларда юқори сайёҳлик салоҳиятига эга мамлакатлар, хусусан, Кариб денгизи ҳавзаси давлатлари бор.
Муаллиф сўзларига кўра, кўплаб минтақалар эпидемиянинг янги тўлқини билан курашни давом эттирар экан, Вьетнам, Корея Республикаси ва Тайван каби электроникага ихтисослашган давлатлар яна пешқадам бўлиб ҳаракат қилмоқда. 2021 йил охирига бориб, АҚШ ва Хитой пандемиягача бўлган даражага қайтиши кутилмоқда.
«Coface» иқтисодчиларининг фикрича, иқтисодий ўсиш 2020 ва 2021 йил кўрсаткичларини жамлаган ҳолда 2019 йил натижалари билан таққослаш орқали ўлчаниши керак. Тадқиқот натижалари жорий йил охирида 177 мамлакатдан 62 таси (ёки 35%) инқирозгача бўлган ривожланиш даражасига етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
COFACE (Compagnie Française d'Assurance pour le Commerce Extérieur) – савдо ва ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ таҳдидларни суғурта қилишга ихтисослашган халқаро суғурта компаниясидир. «Coface» Франция ҳукумати томонидан 1946 йилда француз экспортчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. 1994 йилда хусусийлаштирилган. Акциялар назорат пакети айни пайтда «Natixis» банкига тегишли. 67 мамлакатда фаолият кўрсатади, 120 та филиалга эга. Жаҳон миқёсида ушбу суғурта компанияси хизматларидан фойдаланувчи мижозлар сони 50 мингдан ошади.
Изоҳ қолдириш