Ҳисобот учун эмас натижа учун ишлаш вақти келди – Қаландар Абдураҳмонов

Ҳисобот учун эмас натижа учун ишлаш вақти келди – Қаландар Абдураҳмонов

Фанлар академияси, илмий тадқиқот муассасалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Шу даврда 24 та илмий ташкилот ва 4 та инновацион технопарк фаолияти йўлга қўйилгани, давлатимиз раҳбари академиклар, илм-фан намояндалари билан бир неча бор учрашиб, соҳа олдида турган долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қилгани ҳамда уларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб бергани, олимларнинг иш ҳақи уч баробар оширилгани, илмий муассасаларнинг моддий-техник базасини янгилаш учун катта миқдорда маблағлар йўналтирилгани бу борада амалга оширилаётган ишларнинг кўлами ва миқёсини кўрсатиб турибди.

Куни кеча Президентимиз раислигида илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифаларни муҳокама қилишга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши бу соҳадаги ишлар изчил давом эттирилаётганидан далолат беради.

Мажлисда яратилаётган зарур шароит ва имкониятларга қарамасдан, илм-фан соҳасидаги изланишларда амалий натижадорликни ошириш бўйича ўзгаришлар кўзга ташланмаётгани ҳақли равишда танқид қилиб ўтилди. Мамлакатимиздаги юздан зиёд илмий ташкилот фаолиятида олиб борилаётган изланишларда ўзгаришлар сезилмаётгани, 24 та муассаса ўтган йили халқаро миқёсда тан олинган журналларда биронта ҳам илмий мақола чоп эттирмагани соҳада, айниқса, олимларимиз, илмий тадқиқотчиларимиз онгида янгиланиш жараёнлари жуда секин кечаётганини кўрсатади.

Йиғилишда таъкидланганидек, Инновацион ривожланиш вазирлиги илмдан – ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўзаро боғлаб турадиган яхлит тизим ва муҳитни ҳануз яратмагани соҳадаги ишлар натижадорлигига салбий таъсир этмоқда.

Президентимиз томонидан олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотларнинг самарадорлик даражаси ўта пастлиги ҳам тўғри танқид қилинди. Бизнинг кўп йиллик фаолиятимиз бевосита олий таълим тизими билан боғлиқ экани учун бундай камчиликни амалда доим ҳис қилиб келамиз. Бундай қолоқликнинг сабаби шундаки, илмий тадқиқот жараёнлари ҳаёт талабларидан узоқ бўлиб қолмоқда. Амалга оширилаётган илмий ишларнинг миллий тараққиётимиз, хусусан, ишлаб чиқариш соҳалари учун янги ва долзарб экани, эртага қандай самара бериши ҳақида ўйлаш, жон куйдириш бу борада ҳали ҳам етакчи ўринга чиқмаяпти. Ҳолбуки, ҳаётга теранроқ назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир соҳа ва тармоқда ўзининг илмий ечимини кутиб турган, инновацион ёндашувларни тақозо этадиган муаммолар етарлича топилади. Илм-фан ва инновациялар соҳасининг асосий вазифаси уларни вақтида ўзининг ўрганиш предмети, тадқиқот объектига айлантириб, улар бўйича қулай ва самарали ечим берадиган илмий ишланмалар, аниқ лойиҳаларни таклиф этишдан иборат бўлиши керак. Бунинг учун илм-фан ва инновациялар соҳаси, бу йўналишда фаолият кўрсатаётган олимлар, илмий тадқиқотчилар ҳаётдан, ўзгаришлар жараёнидан камида бир қадам олдинда юриши керак. Лекин, афсуски, биз ҳали бундай фаолиятга тўлиқ тайёр эмаслигимиз кўпгина ҳолатларда яққол сезилиб қолмоқда.

Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан илм-фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш, илмий институтларга буюртмаларни шакллантириш бўйича долзарб йўналишлар кўрсатилиб, уларнинг ҳар бирида қандай вазифаларни илмий ва инновацион ёндашув асосида ҳал қилиш зарурлиги ҳар жиҳатдан асослаб берилди. Масалан, мажлисда алоҳида эътибор қаратилган қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш масаласини олиб кўрайлик. Маълумки, мамлакатимизда бу борада илгари катта илмий мактаб шаклланган эди. Пахта, мева-сабзавот, узумнинг янги-янги навларини яратган олимлар, академикларнинг номларини халқимиз яхши билади. Афсуски, кейинги 15-20 йилда эътиборсизлик, етарли шароитнинг йўқлиги туфайли ана шу илмий мактабларнинг анъаналари секин-секин йўқолиб кетди. Эндиги вазифа – ана шу мактабларни тиклаб, уларни бугунги давр талаблари асосида ривожлантириш ва янги анъаналар билан бойитишдан иборат. Айниқса, дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлиги энг муҳим ва долзарб масалага айланаётган ҳозирги вақтда бу ғоят улкан аҳамиятга эга.

Ёки мажлисда жиддий эътибор қаратилган яна бир масала – сув хўжалиги соҳасидаги муаммоларни илмий ечимлар орқали ҳал қилиш масаласини олайлик. Биз яшаётган минтақада, умуман, дунё миқёсида сув масаласи тобора долзарб бўлиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бинобарин, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги, бутун иқтисодиётимизнинг ривожланиши, халқимизнинг обод ва фаровон ҳаёти кўп жиҳатдан ана шу йўналишларда инновацион ва оқилона ечимларни топиш билан боғлиқ.

Президентимиз, шунингдек, кимё саноати ва нефть-газ тармоқлари, ёқилғи-энергетика, қазилма бойликлар, фармацевтика саноати тараққиётида замонавий илмий тадқиқотларни кучайтириш ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. “Бир нарсани билишимиз керак: илмсиз, инновациясиз олдимизга қўйган мақсадларга ҳеч қачон эриша олмаймиз. Ҳисобот учун эмас, натижа учун ишлаш керак”, деб уқтириб ўтди давлатимиз раҳбари.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда жаҳон миқёсида рақобат тобора кучайиб бормоқда. Ушбу рақобатда муносиб иштирок этиш, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган муаммоларни муваффақиятли ҳал қилиш, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш учун аввало илм-фан ва инновациялар соҳасидаги фаолиятимиз самарасини оширишимиз, барча соҳа ва тармоқлар учун инновацион ишланма ва лойиҳаларни тайёрлаб, вақтида амалиётга жорий этишимиз зарур. Айниқса, илм-фан ва инновациялар соҳасида ўз билим ва истеъдоди билан янги уфқлар очиш, кашфиётлар қилишга қодир ёш олимлар, ихтирочи ва рационализаторлар, инновацион ғоялар муаллифларини, уларни самарали амалга ошира оладиган муҳандис ва менежерларни вояга етказишимиз лозим.

Ҳозирги кунда биз Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида таълим жараёнларини, илмий изланиш ва тадқиқотларни айни шу талаблар асосида ташкил этмоқдамиз. Муҳтарам Президентимизнинг мазкур йиғилишда олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларни чуқур ўрганиб ва улардан тегишли хулосалар чиқариб, бу борадаги фаолиятимизни албатта қайтадан кўриб чиқамиз ва уни янада самарали ташкил этамиз.

Қаландар Абдураҳмонов,

академик

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар