Ҳудудларни ривожлантириш учун 1,5 трлн сўм ажратилади

Ҳудудларни ривожлантириш учун 1,5 трлн сўм ажратилади

“Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йилда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун 17,1 трлн сўм, шунингдек, Президент топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун 1,5 трлн сўм маблағлар ажратилади.

Туман марказлари ва шаҳарларнинг меъморий қиёфасини замонавийлаштириш ва ободонлаштиришга 2021 йилда 1,4 трлн сўм маблағ ажратилади.

Мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг моддий-техника базасини ривожлантиришга уларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан маблағлар ажратилиши муносабати билан, уларга йўналтириладиган марказлашган инвестиция ҳажмлари мос равишда қисқартирилади.

2022 йилдан бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритилади.

Қарорга кўра, 2021 йилда эксперимент тариқасида 10 та объектга инжиниринг хизматларини кўрсатиш учун тадбиркорлар жалб этилади.

Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро тузилмалар ҳамкорлигида “Давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолаш (PIMA)” тизими синов тариқасида айрим тармоқларда қўлланилади, кейинчалик босқичма-босқич кенг жорий қилинади.

Қарорга кўра, 2021-2023 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантириш ва амалга ошириш доирасида, жумладан:

  • туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ва бирламчи тиббий-санитария муассасаларининг моддий-техник базаси ривожлантирилади, шунингдек, тармоқда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари кенгайтирилади;
  • умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун ажратиладиган маблағларни 2 бараварга кўпайтириш ҳисобига хизмат муддати 10 йилдан ошган ўқув парталари 2021 – 2022 йилларда тўлиқ янгиланади;
  • мактабгача таълим ташкилотлари, биринчи навбатда, аҳолиси нисбатан зич жойлашган ва қамров даражаси паст бўлган аҳоли яшаш пунктларида ҳамда янги барпо этилаётган массивларда қурилади;
  • ОТМларни қуриш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари кенг жалб қилинади ҳамда тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг бир қисми йўналтирилади;
  • ичимлик суви таннархини пасайтириш ва сув йўқотишларини камайтириш мақсадида, соҳага ажратиладиган маблағларнинг 10 фоизи энергия тежамкор ускуна-жиҳозларни ўрнатиш ва махсус техникаларни харид қилишга йўналтирилади;
  • халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига халқаро молия институтлари ҳамда хусусий шерикларнинг маблағлари кенг жалб қилинади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар