Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2020 йил 26 февралдаги АФ-139-сонли фармойишига асосан Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Акселератори доирасида 4 та йўналиш бўйича 100 кунлик муддат ичида муаммоларни ҳал қилиш белгиланган. Жорий йилнинг 16 сентябрь куни эса Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ҳукумати кўмаги билан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори (Акселератор) раҳбарларининг учрашуви видеоконференция шаклида ўтказилган эди.
Унда Ўзбекистон вазирлик ва идоралар вакиллари билан бир қаторда Бирлашга Араб Амирлиги Бош вазири ўринбосари, БАА ҳукумат Акселератори раҳбари ва жами 60 нафардан ортиқ мансабдорлар иштирок этишган эди. Йиғилишнинг асосий мақсади, давлат органлари ва ташкилотларнинг маблағларини ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги долзарб муаммоларни тезкор ва самарали ечишга сафарбар этиш йўлларини муҳокама қилишдан иборат.
Акселератор гуруҳлари томонидан олиб борилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар бўйича 25 кунлик ишлар сарҳисоб қилинди. Қуйида ҳар бир йўналиш бўйича баъзи ишлар билан танишиш мумкин.
1-йўналиш. Коммунал тўловларнинг ягона биллинг тизимини яратиш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш.
Тизимни яратиш йўлидаги мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида 10 дан ортиқ вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганишлар ўтказилди.
Маълумот учун: Ишчи гуруҳда Дубай электр ва сув таъминоти идораси масъул ходимлари ҳам жалб қилинган.
Ўрганишлар натижасида бугунги кунда мамлакатда истеъмолчи ва коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар орасидаги муносабат “истеъмолчи – алоҳида коммунал хизмат” принципига асосланганлиги, коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг мавжуд биллинг тизимларини интеграция қилиш йўлида қуйидаги муаммолар мавжудлиги аниқланди:
- Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг мавжуд биллинг тизимларидаги истеъмолчиларнинг маълумотлари орасида айрим сабабларга кўра номутаносиблик мавжуд, бунга сабаб биллинг тизимларида истеъмолчиларнинг ягона идентификатори мавжуд эмаслигида (Мисол учун, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг биллинг тизимидаги Ахмедов Бекзод «Ҳудудгазтаъминот» АЖ базасида Бегзод Аҳмедов сифатида қайд қилинган). Бу мавжуд маълумотлар базаларини интеграция қилишга тўсиқ бўлмоқда.
- Коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг мавжуд маълумотлар базалари ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларнинг тизимлари ўртасида электрон маълумотлар алмашинуви тўлиқ йўлга қўйилмаган. Натижада, баъзи ҳолларда коммунал корхоналар истеъмолчилар тўғрисидаги маълумотларни қоғоз кўринишида истеъмолчиларнинг ўзидан сўраш ҳолатлари учрамоқда. Бу истеъмолчи ва коммунал корхоналар учун ортиқча оворагарчиликларга сабаб бўлмоқда.
Коммунал тўловларнинг ягона биллинг тизимини яратиш соҳасида илғор хориж тажрибаси ўрганилди. Хусусан, Дубай амирлиги мисолида Дубай электр ва сув идораси, АҚШ мисолида FICO корхонасининг FICO Score тизими, Россия ва Қозоғистон мисолида Ягона ҳисоб-китоб марказлари тажрибалари ўрганилди.
Жаҳон тажрибаси коммунал корхоналар фаолиятини оптимизация қилиш ҳамда истеъмолчиларнинг хизматлар сифатидан қониқишини ошириш мақсадида “истеъмолчи – коммунал хизматлар бўйича ягона тизим” тамойилига ўтиш лозим эканлигини кўрсатади. Хизматларнинг ягона биллинг тизими - бу Республикада тўлов билан боғлиқ жараёнларнинг ягона биллинг тизимини яратишни назарда тутади.
Юқоридагилар ҳисобга олиниб, мавжуд биллинг тизимларида истеъмолчилар учун идентификатор яратиш ва уни маълумотлар базасига киритиш 100 кун ичида ҳал қилиниши лозим бўлган вазифа сифатида белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ лойиҳанинг дастлабки 25 кунида истеъмолчиларнинг Идентификатори сифатида Жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ва бино-иншоотнинг кадастр рақамидан фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича дастлабки техник ишларни тугаллаб, маълумотлар базаларига ЖШШИР маълумотларини киритишни бошлаган. Кейинги 50 кунлик муддат ичида ЖШШИР маълумотларини киритишни якунлаш ва кадастр маълумотларининг актуаллигини қайта кўриб чиқиш режа қилиб олинди.
2-йўналиш. Қурилишга рухсат беришни соддалаштириш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш.
Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида масъул вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ 100 кунлик иш режаси бўйича ўз фаолиятини бошлади.
Акселератор гуруҳи томонидан ўтказилган дастлабки ўрганишлар натижасида қуйидагилар аниқланди:
Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилаш учун тегишли ҳукумат қарорларига асосан “Қурилишга рухсат бериш” жараёнларидаги муддат (84 кун) ва тўланадиган маблағлар қисқартирилди. Шу билан бирга барча жараёнлар, тадбиркорларнинг рухсатнома берувчи ташкилотлар билан ўзаро мулоқотини камайтириш ҳамда ҳужжатлар алмашинувидаги вақт сарфини тежаш мақсадида тўлиқ электрон тарзга ўтказилди. Ушбу рухсат бериш жараёни асосий 6 босқич (25 та қуйи босқич)дан иборат. Ҳар бир босқичда бир ва бир нечта ташкилот ва идоралар масъул этиб белгиланган.
Лекин, бугунги кунда ҳудудий ташкилотлар томонидан юқоридаги электрон тизим билан ишлаш жараёнида айрим ноқулайликлар туғилиши, интеграция тўғри йўлга қўйилмаганлиги, ҳудудий ташкилотлар мутахассисларининг электрон тизимда ишлаш бўйича етарлича тажрибага эга эмаслиги ва тартибга солувчи ҳужжатларнинг ўзаро мувофиқлаштирилмаганлиги сабабли рухсатномаларни беришда белгиланган муддатлардан кечикиш ҳолатлари юзага келмоқда.
Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, Акселератор гуруҳи 100 кун ичида қурилишга рухсат бериш жараёнида иштирок этувчи ташкилотлар ўртасида интеграция тўғри йўлга қўйилмаганлиги оқибатида юзага келаётган кечикиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида белгилаб олинди. Натижада қуйидаги вазифалар белгиланди:
- Қурилишга рухсат бериш жараёнларини тартибга солувчи ҳукумат қарорларини инвентаризациядан ўтказиш;
- Ушбу ҳукумат қарорларини ижросини таъминлашда иштирок этувчи вазирлик ва идораларнинг қуйи тизимларида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва умумлаштириш;
- Аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқиш;
- Таклифлар асосида тегишли ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрлаш ва тегишли тартибда тасдиққа киритиш.
Ҳозирда Акселератор гуруҳи томонидан Қурилишга рухсат беришни соддалаштириш соҳасида илғор хориж тажрибаси ўрганилди. Хусусан, Дубай амирлигида қурилишга рухсат бериш тизими изчил ўрганиб чиқилди. Бунда Дубай муниципалитетининг қурилишни назорат қилиш ва қурилишга рухсат бериш бошқармаси мутахассислари билан биргаликда онлайн мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг тажрибаларини мамлакатимиз шароитига мослаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Акселератор ишчи гуруҳи лойиҳанинг дастлабки 25 кун якуни бўйича БАА давлат акселератори мутахассислари, Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳасига дахлдор ва манфаатдор бир қатор давлат ташкилотлари иштирокида онлайн учрашув ўтказилди. Унда ҳар бир ташкилот ваколат доирасида қурилиш соҳасида йўлга қўйилган тизим ва унда дуч келинаётган муаммолар билан ўртоқлашишди. Уларни бартараф этиш бўйича кўплаб таклифлар билдирилди.
Ушбу учрашувда қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи қурилиш компаниялари ҳам таклиф этилди. Қурилишга рухсатномалар олиш давлат хизмати истеъмолчилари сифатида уларнинг фикр ва мулоҳазалари ўрганилди. Аниқлаб олинган муаммолар ва таклифлар Акселератор гуруҳи келгуси ишида керакли меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш бўйича тайёрланаётган таклифларда инобатга олинадиган бўлди.
Қурилишга рухсат беришни соддалаштириш гуруҳи 100 кунлик фаолиятининг қолган муддатида қурилишга рухсат беришни тартибга солувчи барча ҳужжатларда ва рухсат бериш жараёни босқичларида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш ва берилган таклифлар асосида керакли ҳужжатларга ўзгартириш киритиш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш режа қилиб олинди.
3-йўналиш. Шаҳарларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш.
“Давархитектқурилиш” қўмитаси томонидан 23 декабрь 2009 йилда тасдиқланган “Ҳудудларни ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби, ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тўғрисида”ги ЙЎРИҚНОМА (ШНҚ 1.03.02-04*) ни қайта кўриб чиқилиши натижасида, бугунги кунда ҳудудлар бўйича ишлаб чиқиладиган шаҳарсозлик ҳужжатлари материаллари ҳамда планшетлар сони, уларни ишлаб чиқиш учун сарфланадиган маблағлар ва муддатларини қайта кўриб чиқилиши зарурлиги талаб этилмоқда.
Шунга кўра, Акселератор гуруҳи томонидан ҳудудлар бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни келишиш тартибларини соддалаштириш ҳамда ушбу ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун ажратилаётган маблағларни тежаш бўйича қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда мавжуд ШНҚ 1.03.02-04*ни қайта кўриб чиқилиши натижасида бош лойиҳа институтлари томонидан ҳудудлар бўйича ишлаб чиқиладиган шаҳарсозлик ҳужжатлари материаллари ҳамда тегишли вазирлик идоралар билан келишиш соҳасида бир қатор қулайликлар яратилиши кўзда тутилган, бунда:
а) шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ҳудуднинг мавжуд ҳолати юзасидан бошланғич маълумотларни йиғиш;
ҳар бир туман, шаҳар-шаҳарчалар ва қишлоқ (овул) аҳоли пунктлари бўйича маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан ҳокимликнинг электрон сайтида маълумотлар базасини ташкил этиш тартиби жорий этиш орқали бошланғич маълумотларни олишни соддалаштириш.
б) шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича иш ҳажми яъни тайёрланадиган материаллар (планшетлар) таркибини соддалаштириш;
ШНҚ 1.03.02-04* 14-15 иловалардаги жадвалларда Бош режаларни ишлаб чиқиш бўйича белгиланган тартибни соддалаштириш орқали 14-15 иловалардан 5 тадан планшетлар қисқартирилади.
в) ишлаб чиқилган шаҳарсозлик ҳужжатларини тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан келиш жараёнларини такомиллаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 26 апрелдаги ПФ-2595-сон Фармони билан тасдиқланган рўйхатга киритилган шаҳарлар бўйича ишлаб чиқилган бош режаларни электрон тартибда тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан келишишни жорий этиш;
бошқа ҳудудлар бўйича ишлаб чиқилган шаҳарсозлик ҳужжатларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда ҳудудий бошқар ва бўлимлар билан электрон тартибда келишишни жорий этиш орқали келишиш жараёнини 1 ой муддатда деб белгилаш.
г) шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун белгиланган муддатларни қисқартириш;
14-15 иловалардан 5 тадан планшетлар қисқартирилиши ҳисобидан ҳудудлардан шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича бошланғич маълумотлар буюртмачи томонидан киритилганидан сўнг, бош режаларни ишлаб чиқиш муддатини 12 ойдан 10 ой муддатга қисқартириш.
д) шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун ажратиладиган маблағлардан самарали фойдаланиш орқали маблағларни тежаш;
14-15 иловалардан 5 тадан планшетлар қисқартирилиши ҳамда бош режаларни ишлаб чиқиш муддатини 12 ойдан 10 ой муддатга қисқартирилиши оқибатида бош режаларни ишлаб чиқиш учун ажратилаётган маблағларни 3-19 % гача камайтириш белгилаб олинди.
Бугунги кунда таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни хорижий давлатлар тажрибаси билан биргаликда кўриб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
4-йўналиш. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим таклиф қилиш мақсадида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, бир ой мобайнида беш марта онлайн муҳокама ва уч марта жойлардаги вазиятни ўрганиш тадбирлари ўтказилди.
Акселератор гуруҳи муҳокамасига асосан, Ижтимоий иқтисодий ислоҳотлар Акселераторининг 4-йўналиши ўз мақсади сифатида “100 кун ичида Бўка туманидаги 100та аёллар дафтарига киритилган хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ёки ривожлантиришга ёрдам бериш”ни белгилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан камбағалликни камайтириш бўйича Бўка ва Чиноз туманларида амалга оширилаётган пилот лойиҳанинг узвий қисми сифатида 4-йўналиш ҳудуди деб айнан Бўка тумани танланди.
Гуруҳ муҳокамалари ва жойлардаги ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, баъзи ҳолларда банк кредити олишга талабгорларнинг тадбиркорлик кўникмалари, баъзан эса қишлоқ хотин-қизларининг мотивацияси ва ўзига ишончи етарли эмаслиги таъкидланди. Ушбу муаммони қисқа муддатда қисман бўлса-да ҳал қилиш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилди:
Биринчидан, аёллар дафтарига киритилганлар рўйхат (тахминан 600 киши) Маҳалла вазирлиги ва Бўка тумани ҳокимияти ёрдамида шакллантирилди. Бундан ташқари, ҳар бир маҳаллада дафтарга киритилган аёллар ва ишбилармонлик муҳити ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун барча 42 та маҳалла раҳбарларининг рўйхати, уларнинг алоқа маълумотлари тўпланди.
Иккинчидан, аёллар дафтарига киритилган хотин-қизлар ичидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бор, (оилавий) тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш / ривожлантиришга қизиқувчи 200 нафар хотин-қизлар танлаб олинди.
Учинчидан, Бўка туманидаги хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини ҳосил қилиш ва уларга мотивация бериш мақсадида тренинг ташкил этилди.
Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Акселераторининг 4-йўналиши доирасида 100 кунлик муддатнинг қолган қисмида қуйидаги тадбирлар бажарилиши белгиланган:
Биринчидан, Бўка туманида аёллар дафтарига киритилган ишсиз, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бор хотин-қизлар учун 250 комплект брошюра ва тарқатма материаллар ишлаб чиқиш ва чоп этиш режалаштирилган. Ушбу қўлланмаларга тадбиркорликка мотивация қилиш, аҳолига ўз-ўзини банд қилиш ва тадбиркорлик соҳасида ҳукумат томонидан тақдим этилаётган имкониятлар, оилавий тадбиркорликнинг турли турлари бўйича фойдали маслаҳатлар киритилади.
Иккинчидан, юқорида танлаб олинган 200 нафар хотин-қизлар учун касб-ҳунарга ўқитиш қисқа курслари ташкиллаштирилади. Курслар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва Бўка тумани ҳокимлиги томонидан туманнинг 4 та ҳудудида ташкиллаштирилади. Талабгорларнинг қизиқишларига кўра тикувчилик, асаларичилик, паррандачилик, иссиқхоналар, чорвачилик ва бошқа курслар ўқитилади.
Учинчидан, Акселераторда иштирок этган хотин-қизларнинг 50 нафардан ортиғига ўз бизнесларини рўйхатдан ўтказишда, бизнес план тузишда, Халқ банки, Микрокредитбанк ва Агробанк томонидан имтиёзли кредитлар ажратилишида кўмак берилади.
Акселератор жамоаси
Изоҳ қолдириш