Ижтимоий суғурта моделлари: жаҳон тажрибаси ва Ўзбекистон амалиёти

Ижтимоий суғурта моделлари: жаҳон тажрибаси ва Ўзбекистон амалиёти

Ижтимоий суғурта ва ижтимоий таъминот масалалари ҳар қандай давлатнинг ижтимоий сиёсатида энг долзарб масалалардан биридир. Aйниқса, бугунги пандемия шароитида давлат томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиниши янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади – камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади. Ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади” дея таъкидлагани бежиз эмас, албатта. Камбағалликни қисқартириш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар давомида аҳолининг эҳтиёжманд қисми манзилли қўллаб-қувватланади, зарурий ижтимоий таъминот билан қамраб олинади.

2021 йилдан бошлаб вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар оширилиши ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартибнинг бекор қилиниши ижтимоий ҳимояни янада кучайтиришга эътибор қаратилаётганининг яққол мисолларидан биридир. Ривожланган мамлакатларда ижтимоий ҳимояни ташкил қилишда ижтимоий суғурта тизимлари муҳим роллардан бири сифатида қаралади.

Ҳар бир мамлакатда фуқароларнинг ижтимоий суғуртаси ўзининг шаклланиши ва ривожланишининг тарихий йўлидан ўтди, аммо уларнинг ривожланиши учун қўйилган вазифаларнинг барча ўхшашлиги билан уларни ҳал қилиш усуллари ва ёндашувлари сезиларли даражада фарқ қилади. Ижтимоий суғурта давлат ижтимоий сиёсатининг асосий қисмидир. Мамлакатда ривожланган ижтимоий суғурта тизими фуқароларга самарали ҳимоя механизмларини тақдим этади ва шу билан биргаликда иқтисодий барқарорликни таъминлайди ва жамиятда ижтимоий бирдамлик муҳитини яратади. Бугунги кунда бир-биридан тузилиши билан ҳам, молиялаштиришнинг турли усуллари билан ҳам фарқ қилувчи турли хил ижтимоий суғурта тизимлари мавжуд.

Ўзбекистон Республикасида ижтимоий суғурта муносабатлари “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси” ҳамда бошқа тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикасида ҳудудида барча ходимлар давлат йўли билан ижтимоий суғурта қилинади. Давлат ижтимоий суғуртаси учун иш берувчилар, шунингдек, суғурта қилинган ходимларнинг ўзлари бадал тўлайдилар. Aгар иш берувчилар томонидан давлат ижтимоий суғуртаси учун бадал тўламаган бўлса, суғурта қилинган ходим давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлмайди.

Давлат ижтимоий суғуртаси ҳисобидан бериладиган таъминот турларига қуйидагилар киради:

- вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақалари. Аёллар учун бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари;

- бола туғилганда бериладиган нафақалар;

- давлат томонидан бериладиган ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари;

- қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлар билан таъминланадилар.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ишчи ходим касал бўлганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан, турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даврида тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади.

Бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланади. Ҳар бир туғилган бола учун бериладиган нафақанинг миқдори ва уни тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган.

Суғурта қилинган ходим ёки унинг оила аъзоси вафот этганда қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган миқдор ва тартибда дафн этиш маросими учун нафақа тўланади.

Ижтимоий суғурта моделларининг жаҳон тажрибаси

Ижтимоий суғурта тизими замонавий жамиятнинг муҳим таркибий қисмларидан биридир. Белгиланган вазифаларнинг барча ўхшашлиги билан ҳар бир мамлакатда ижтимоий суғуртанинг ривожланиши ўзига хос тарихий ноёб йўлни босиб ўтди. Давлат ҳукумати ижтимоий сиёсатини мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва иқлим хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда олиб боради. Хорижий мамлакатларда ижтимоий ҳимоя асосий 3 та модел хусусиятларига мослаб қурилган: Бисмарк (континентал, консерватив), Беверидж (англосаксон, либерал) модели ва хусусий-корпоратив (аралаш, скандинавия) модели.

Континентал модел

Бисмарк модели ижтимоий суғурта механизмига асосланган бўлиб, у меҳнат қобилияти йўқолиши билан суғурталанувчиларга тўлиқ ёки қисман компенсация берилади. Ижтимоий таъминот бюджет бадаллари, ишчи ва иш берувчининг суғурта бадаллари ҳисобидан молиялаштирилади. Германия, Франция, Aвстрия каби мамлакатлар ушбу модел асосида иш олиб боришади. Ижтимоий суғуртанинг Бисмарк моделининг афзаллиги иш стажига ва даромад миқдорига қараб ижтимоий нафақаларнинг ўсиши ва бу орқали фуқароларнинг меҳнат фаолияти рағбатлантирилади. Бўш маблағларни қўшимча равишда ижтимоий суғурта фондларига жалб қилиш орқали, ижтимоий тўловлар миқдорини кўпайтириш мумкин. Ушбу моделдан фойдаланишда ижтимоий харажатларни давлат томонидан молиялаштиришнинг қолдиқ тамойилига амал қилинади. Бисмарк моделининг камчилиги ишчилар сони ва ижтимоий суғурта тўловлари миқдорига боғлиқлигидадир. Ишчилар сонининг камайиши билан ижтимоий тўловлар даражаси пасаяди ёки ижтимоий ажратмалар миқдори ошади.

Континентал модел қуйидаги уч асосий хусусиятдан иборат:

  1. Ушбу модел инсоннинг касбий фаолияти давомийлиги ва ижтимоий таъминот даражаси ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқликни тавсифлайди.
  2. Aсосий тамойил сифатида бозор ва давлат назорати остида ижтимоий суғурта тамойилига эътибор қаратилади.
  3. Жамоат ташкилотлари ва хайрия фондлари фуқароларнинг ижтимоий таъминотида жуда фаол ҳисобланади.

Германия континентал моделнинг барча тамойилларини амалиётга тўлиқ жорий эта олгани билан ажралиб туради. Бу давлатда суғурта қонунчилигининг асосчиларидан бўлиб, мамлакат ҳаётида муҳим сиёсий рол ўйнаган канцлер Отто фон Бисмарк ҳисобланади. У биринчи бўлиб мамлакат аҳолисига маълум ижтимоий кафолатлар берадиган бир қатор қонунларни қабул қилди. Улардан асосийлари “Саноат ходимларининг касаллигини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун (1884), “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун (1885) ҳамда “Ногиронлик ва қариликни суғурталаш тўғрисида”ги қонун (1891).

Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу қонунлар орқали шахснинг ўз мустақиллиги, жамоатчиликнинг қўллаб-қувватланиши ва ҳукуматнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши уч томон ўртасида ўзаро манфаатли келишувлар юзага келишига олиб келди.

Ҳозирги кунда Германияда ижтимоий суғуртанинг 4 та тури амал қилади: пенсия суғуртаси, мажбурий тиббий суғурта, ишсизлик суғуртаси, бахтсиз ҳодисалардан суғурта. Ижтимоий таъминот тизими шунингдек, болаларга нафақа (бола туғилганда бир марталик тўловлар, кам таъминланган оилаларга ва кўп болали оилаларга дотациялар), қочқинларга ёрдам, таълим учун нафақалар, даволаниш учун нафақалар, пенсия субсидиялари, уруш қурбонларига, ногиронларга ёрдам, кам таъминланган фуқароларга ижтимоий ёрдам шаклида ажратилган давлат маблағларини қамраб олади. Германия суғурта тизимида биринчи ўринда меҳнатга лаёқатли аҳоли учун яхши ва мос иқтисодий шароитлар яратишга урғу беради. Ижтимоий сиёсатнинг ушбу шакли муваффақиятли бўлди. Лекин ундаги муҳим бир камчилик – давлат бюджети харажатларининг асосий қисми ижтимоий ҳимояга сарфланади. Ушбу харажатларни қоплаш учун ишлаётганлардан олинадиган солиқларни доимий равишда оширишга тўғри келмоқда. Солиқларнинг кўплиги туфайли одамлар ишлаш учун рағбатни йўқотадилар. Чунки одамларнинг солиқлардан ажратиб қолган маблағи ишга яроқсиз одам оладиган ижтимоий ҳимоя маблағига тенг бўлиб қолади. Ушбу масалани ижобий ҳал қилиш учун ҳозирги вақтда сиёсий жиҳатдан ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, улардан асосийси сифатида ижтимоий ёрдам олувчиларни ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб қилишни ташкил этилаётганини айтиб ўтиш мумкин.

Aнглосаксон модели

Давлатнинг ижтимоий таъминлашнинг англосаксон (либерал) модели юқорида тавсифланган континентал моделдан сезиларли даражада фарқ қилади. Ушбу модел асосчиси 1941-1942 йилларда Буюк Британияда ижтимоий суғурта ислоҳотлари бўйича ишчи гуруҳни бошқарган инглиз иқтисодчиси Уилям Беверидж ҳисобланади. Беверидж ижтимоий суғурта тизимига бадалларнинг ягона миқдорини ва ижтимоий таъминотнинг ҳар хил турлари учун тўловларнинг бир хил миқдорини белгилашни таклиф қилди. Олинган бадаллар ва тўловлар миқдори олувчининг ижтимоий суғурта тизимидаги иштироки ва у томонидан ўтказилган бадаллар миқдоридан қатъи назар, маълум бир гуруҳга мансублиги асосида белгиланди. Яшаш минимуми белгилаш таклиф қилинди. Агар фуқаро ўзини яшаш минимум билан таъминлай олмайдиган бўлса, давлат томонидан қўллаб-қувватланади.

Ўша даврдаги аксарият мутахассисларнинг фикрига кўра, Беверидж модели урушдан кейин иқтисодий ва ижтимоий фаровонликни тиклашга, меҳнат унумдорлигини ва умуман иқтисодиётни тиклаш учун шароит яратишга имкон берди. Бундан ташқари, объектив сабабларга кўра (ҳомиладорлик, ногиронлик ва ҳоказо) суғурта бадалларини тўлай олмаганлар учун ижтимоий таъминот олиш имкониятини сақлаб қолишга имкон берди. Беверидж модели долзарблиги сабабли мамлакат ташқарисида ҳам фаол қўллаб-қувватланди. Бу моделнинг муваффақиятли тарздаги амалиётга татбиғини AҚШ, Франция, Япония, Швейцария каби мамлакатларида кўриш мумкин.

Aнглосаксон моделининг баъзи бир асосий хусусиятлари қуйидагилар:

- ижтимоий хизматлар “умумийлик” тамойилига асосланади ва бир хил миқдордаги нафақалар берилади (ҳамма суғурта бадали тўлаганларга тенг миқдордаги нафақа берилади);

- ҳукумат фақат аҳоли даромадларининг минимал миқдорини сақлаш ва заиф қатламлар фаровонлиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олади, шу орқали ижтимоий соҳада минимал иштирок этади;

- ушбу модел аниқ суғурта дастурлари учун алоҳида суғурта мукофотларини ҳисобга олмайди. Ягона ижтимоий тўловлар ёрдамида даромадлар йиғилади ва маълум ижтимоий таъминот соҳасининг зарур эҳтиёжларига тақсимланади;

- ижтимоий дастурларни амалга оширишнинг молиявий асоси бўлиб биринчи навбатда давлат бюджети эмас, балки хусусий суғурта бадаллари ҳисобланади.

Буюк Британияда замонавий ижтимоий суғурта тизимида иккита тармоқ мавжуд:

а) миллий ижтимоий суғурта, унга пенсия суғуртаси дастурлари, ногиронларни суғурталаш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилиш, оналикни қўллаб-қувватлаш, касаллик учун нафақалар;

б) мамлакат резидентларига, шунингдек, Aнглияда узоқ вақт яшаган чет элликларга тиббий хизмат кўрсатадиган миллий соғлиқни сақлаш тизими.

Дастлаб AҚШда ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонуни 1935 йил 14 августда қабул қилинган эди. Вақт ўтиши билан ушбу қонун ижтимоий суғуртанинг янги қоидалари билан тўлдирилди ва қўшимчалар қилинди. Қўшма Штатларда ягона, умуммиллий, марказлашган ижтимоий таъминот тизими мавжуд эмас. У федерал қонун ёки штат қонуни билан тартибга солинадиган ҳар хил дастурлардан ташкил топган. Aмерика Қўшма Штатларидаги давлат ижтимоий таъминоти тизими аниқ икки соҳага бўлинади: ижтимоий суғурта (тўловлар ишчилардан олинадиган ижтимоий суғурта бадалларидан ҳосил бўлган суғурта маблағлари ҳисобидан амалга оширилади) ва ижтимоий ёрдам (тўловлар бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бу федерал ёки штат бюджети бўлиши мумкин). Шунингдек, бугунги кунда AҚШда тиббий суғуртадан ташқари ижтимоий суғурта тизими ҳам анча ривожланган бўлиб, ижтимоий суғурта орқали ишсизлик, меҳнат қобилиятини йўқотганлик, боқувчисини йўқотганлик, қарилик каби суғурта ҳодисалари суғурта қилинади.

Тизимнинг ташкил қилинишига эътибор қаратадиган бўлсак, ҳар бир фуқаро ижтимоий суғурталаниш ҳуқуқига эгалигини тасдиқловчи муҳим ҳужжат – “Social security number” га эга. Шунингдек, у фуқароларнинг ҳисоб карточкаси бўлиб хизмат қилади. Суғурта ҳодисаси содир бўлган пайтда, нафақа миқдори иш стажга, даромадга ва ҳоказоларга боғлиқ ҳолда ҳисоблаб чиқилади. Шу билан бирга суғурта билан боғлиқ бўлмаган камбағалларга, етим ва бошқа эҳтиёжмандларга давлат томонидан тўланадиган ижтимоий таъминот маблағлари (масалан, айрим тоифаларга мактабда бепул овқатланиш, уй-жой ва бошқалар берилади) алоҳида ҳисобланади.

Боқувчисини йўқотганлиги бўйича ижтимоий суғурта. Боқувчисини йўқотиш билан боғлиқ суғурта ҳодисаси юз берганда, агар вафот этган шахс суғурта қилинган бўлиб, унинг асосий иш фаолиятидан келаётган даромади орқали оиласи таъминланаётган бўлса, оила асосий даромад манбаини йўқотган ҳисобланади ва қўшимча моддий ёрдамга муҳтож бўлган тақдирда марҳуминг оила аъзоларига (одатда турмуш ўртоғи) нафақа тўланади.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича ижтимоий суғурта. Бунда ишлаётган ходимнинг бажараётган меҳнатига боғлиқ бўлмаган равишда вақтинчалик меҳнат қобилиятини йўқотиши натижасида суғурта ҳодисаси юз беради. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини олиш учун ходимнинг беш йиллик иш стажи ва иш берувчи томонидан белгиланган суғурта бадалларининг тўлови талаб қилинади.

Ишсизлик нафақаси бўйича суғурта. Бунда суғурта бадаллари йиллик даромаднинг 6,2 фоизини ташкил қилади, лекин бу рақамни корректировка қилишда штатлар томонидан ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Умумий қоида бўйича, улар иш берувчилар томонидан тўланади. Ушбу бадалларни тўлаш суғурталанган шахсларга ишсизлик ҳолатида, тегишли нафақаларни тўлашда кафолат беришга имкон беради.

Скандинавия модели

Швеция, Дания, Норвегия сингари шимолий мамлакатларда давлат ижтимоий сиёсатининг скандинавия моделидан фойдаланилади. Бугунги кунда айнан замонавий, етук ва ривожланган ижтимоий тизимга эга давлат сифатида айнан скандинавия моделидан фойдаланган мамлакатлар мисол қилиб кўрсатилади. Бу модел ўзида бисмарк ва Беверидж моделларининг элементларини жамлайди.

Ушбу модел қуйидаги хусусиятларга эга:

- ижтимоий эҳтиёжлар учун харажатларни амалга оширишда етакчи рол мамлакат ҳукуматига тегишли бўлиб, барча ижтимоий дастурлар давлат бюджетидан молиялаштирилади;

- ҳукумат ишсизликка қарши фаол кураш олиб боради, унинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда;

- скандинавия модели аҳолининг турли қатламлари ўртасида ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун шароитларнинг тенглиги билан тавсифланади;

- мамлакат аҳолиси учун турли хил ҳаётий вазиятларда турли хил ижтимоий кафолатлар берилади.

Ижтимоий сиёсатни тартибга солишнинг энг ёрқин, скандинавия моделига мисол - Швеция. Бугунги кунда у ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири ҳисобланади. Швеция аҳолисининг ижтимоий таъминоти бутун мамлакат аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишда давлат кафолати асосида амалга оширилади. У солиқ ва трансферт сиёсати орқали амалга ошириладиган аҳолининг барча қатламлари даромадларини қайта тақсимлашга қаратилган.

Швед моделининг асосий хусусиятлари инсон ҳаётининг барча соҳаларида доимий ижтимоий ҳимоя ва 100 фоиз бандликка эришиш, камбағаллар ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг йўқлиги, юқори сиёсий ва ижтимоий барқарорликдир. Ўтган асрнинг 80-90 йилларида оғир иқтисодий вазиятга қарамасдан скандинавия моделидан фойдаланаётган ҳеч бир давлат ўз танлаган йўлидан воз кечмади. Бироқ, умумий фаровонликка эришиш ва юқори даражада таъминланган ижтимоий кафолатлар мавжудлиги давлат бюджетидан катта харажатларни талаб қилади. Шунинг учун ушбу давлатларда солиқлар юқори фоизлиги билан ажралиб туради. Ҳозирги пайтда ҳукуматлар томонидан мунисипал бюджетда катта миқдордаги маблағларни тўплаш имкониятини берадиган замонавий солиқ концепсиялари ишлаб чиқилмоқда, шу орқали маблағларни тўплаш ва самарали сарфлаш йўлга қўйилмоқда.

Юқоридаги жадвал орқали айрим хорижий давлатлардаги ижтимоий тизим механизмлари билан қисман танишиб чиқдик. Кўришимиз мумкинки, юқоридаги давлатларда ҳам асосий даромадини йўқотган аҳоли қисмига махсус тизимлар орқали эътибор қаратилмоқда.

Хулоса

Хулоса қиладиган бўлсак, барча ижтимоий суғурта моделларида ва юқорида кўрган барча давлатларимизда ижтимоий нафақаларнинг тўланиши асосий қисми даромадини йўқотган фуқароларнинг ижтимоий таъминлашга йўналтирилганлигини кўриш мумкин. Лекин бунда ҳамма тизимлар ўз характерли хусусиятларига эга. Ижтимоий суғурта тизимини ташкил қилаётганда мамлакатдаги мавжуд иқтисодий вазиятни, халқнинг иқтисодий менталитетини инобатга олиш керак. Aмалда қўлланилаётган молиявий-иқтисодий инфратузилманинг афзал томонларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ш. Маҳкамова, А. Маманов,

Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти

«Экономическое обозрение» #журнали №2 (254) 2021

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар