Вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ишлаб чиқилган.
Ҳозирги вақтда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг истиқболли ва жадал ривожланаётган тармоқларидан бири ҳисобланади. У билан боғлиқ фаолият доираси жуда кенг бўлиб, савдо, транспорт, алоқа ва ахборотлаштиришдан молиялаштириш, суғурта, таълим ва соғлиқни сақлаш, шунингдек, воситачиликнинг кенг доирасини қамраб олади.
Аҳолининг ҳар хил турдаги хизматларга бўлган талабининг муттасил ошиб бораётгани ва тегишли инфратузилмани (ижтимоий, транспорт-коммуникация, савдо ва бошқалар) ривожлантириш бўйича давлат томонидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар хизмат кўрсатиш соҳасининг барча тармоқларини жадал ривожлантиришни таъминлади.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январь-март ойларида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 662,8 млрд. сўмга ошиб, 3 392,0 млрд. сўмга етди.
Таққослама эквивалентда 2021 йилнинг январь-март ойларига (107,6 %) нисбатан ўсиш суръати 115,9%ни ташкил этди.
2022 йил январь-март ойларида юқори ўсиш молия соҳасидаги хизматларда (39,3%), бошқа хизматларда (19,3%), алоқа ва ахборотлаштириш хизматларида (17,1%), соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматларида (14,4%), шунингдек, савдо хизматларида (14,2%) қайд этилди. Кўрсатилган бозор хизматлари ҳажмининг бироз ўсиши ижара хизматларида (101,7%) қайд этилди.
2022 йил январь-март ойларида таълим соҳасидаги хизматлар ҳажми 175,3 млрд. сўмни ёки кўрсатилган бозор хизматлари умумий ҳажмининг 5,2%ини ташкил этди. 2021 йил январь-мартга нисбатан ўсиш суръати 103,1%ни ташкил этган. Таққослаш учун: 2021 йил январь-мартда хизматлар ҳажми 152,6 млрд. сўмни ташкил этди. 2020 йилга нисбатан эса 17,3%га ўсиш қайд этилган.
2022- йилнинг январ-март ойларида соғлиқни сақлаш хизматлари ҳажми 66,2 млрд. сўмни ташкил этди. Хизматларнинг умумий ҳажмида уларнинг улуши 1,9%ни ташкил этди. 2021 йилнинг январь-мартига нисбатан ўсиш суръати 114,4%ни ташкил этган. Таққослаш учун: 2021 йил январь-мартда ушбу хизматлар ҳажми 52,1 млрд. сўмни ёки уларнинг умумий ҳажмининг 1,9%ини ташкил этган.
2022 йилнинг январь-март ойларида аҳоли жон бошига кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 1 713,2 минг сўмга етди. 2021 йилнинг январь-февраль ойларига нисбатан ўсиш суръати 114,2%ни ташкил этди.
Аҳоли жон бошига кўрсатиладиган бозор хизматлари ҳажмининг ўсиши ҳар ойда кузатилмоқда. 2022 йилнинг январь-март ойи учун ушбу кўрсаткич ҳудудлар бўйича Бухоро шаҳрида 4 563,6 минг сўмдан Шофиркон туманида 767,4 минг сўмгачани ташкил этди.
Хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар таркибида, савдо фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар юқори улушни эгаллайди (43,8 %).
Яшаш ва овқатланиш бўйича хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг улуши 11,9%ни ташкил этди.
Хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар таркибида ташиш ва сақлаш фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотларнинг улуши 9,2%га етди.
Соғлиқни сақлаш, шунингдек, ижтимоий хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларнинг улуши 3,9%ни ташкил этди.
Ахборот ва алоқа фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотларнинг жами хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар таркибидаги улуши 1,7%га тенг бўлди.
2022 йил январь-март ойларида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 2 123,1 млрд. сўмга тенг бўлиб, ишлаб чиқарилган бозор хизматларининг умумий ҳажмида уларнинг улуши 62,6%ни ташкил этди.
Изоҳ қолдириш