Жиззах вилоятида 553 та умумтаълим мактаблари фаолият юритади. Вилоятдаги мавжуд 229 минг нафар ўқувчиларининг энг кўп қисми Ш.Рашидов тумани (38 985 нафар), Жиззах шаҳри (35 321), Зомин (32 427), Ғаллаорол (32 427) ва Бахмал (31 058) туманларида.
Умумтаълим мактаблари битираётган ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши кўрсаткичлари бўйича вилоятдаги мактаблар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ранглар билан даражаларга бўлинди.
Унга кўра, жами мактабларнинг 60,4 фоизи “яшил”, 36 фоизи “сариқ” ва 3,6 фоизи “қизил” даражадаги мактаблар эканлиги аниқланди.
Жиззах вилоятининг умумтаълим мактабларида маънавий маърифий йўналишда 2021-2022 ўқув йилининг 1-ярим йиллигида амалга оширилган ишлар баҳоланди. Бунда ўқувчиларнинг фан ва турли тўгаракларга жалб этилиши, мактабнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳар ойда ахборот жойлаштириб бориш ҳолати, ўқувчиларнинг маънавий-маърифий йўналишдаги вилоят ва Республика тадбирларида эришган ютуқлари, таниқли шоир, ёзувчи, олим ва тадбиркорлар иштирокида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар, ўқувчилар томонидан содир этилган жиноятчилик, эрта туғриқ, суицид ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, мунтазам равишда мактабга келмайдиган ўқувчиларнинг сони каби критериялар бўйича мактаблар баҳоланиб, уларнинг рейтингги тузилди. Рейтингга кўра, Жиззах шаҳридаги “Умид” ИДУМ, 22-ИДУМ, Ғаллаорол туманидаги 56-мактаб, Арнасой туманидаги 22, 11-мактаблар юқори кўрсаткичларга эришган.
2022 йил Жиззах вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлар дастурига асосан, 2022 йилда Жиззах вилоятида 6 та янги мактаб қурилиб, қўшимча 6382 та ўқувчи ўрни ташкил этилади. 15 та мактаб реконструкция қилиниб, 10 та мактаб мукаммал таъмирланади.
Феруз Рахимов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жиззах филиали бош илмий ходими
Изоҳ қолдириш