Инфографика: Ўзбекистон ва Покистон ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик

Инфографика: Ўзбекистон ва Покистон ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўнгги 9 йил давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни таҳлил қилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон нафақат анъанавий савдо-иқтисодий ҳамкорлар билан, балки янги экспорт бозорларига чиқишга қаратилган йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутаётган мамлакатлар билан ҳам ҳамкорликни фаоллаштирди.

Бундай давлатлар орасида Покистон алоҳида ўрин эгаллайди. У Жанубий Осиёда аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турадиган, иқтисодий ривожланиш салоҳияти юқори бўлган мамлакат бўлиб, Ўзбекистон унинг иштирокида «трансафғон темир йўл йўналиши»ни барпо этиш бўйича йирик ва истиқболли лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда.

2022 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Покистонга расмий ташрифи бўлиб ўтди. Ушбу ташриф давомида стратегик шерикликни янада ривожлантириш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўзаро ниятлар тасдиқланди.

2025 йил февраль ойида эса Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи амалга оширилди. Музокаралар чоғида савдо, саноат ва транспорт соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш механизмлари муҳокама қилинди ҳамда икки мамлакат ўртасида Стратегик шериклик олий кенгашини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро савдода энг кўп қулайлик яратиш режими амал қилади. Шунингдек, томонлар ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамда Транзит савдоси тўғрисидаги битим имзоланган.

Икки томонлама савдо динамикаси

2017–2025 йиллар давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12,2 баробарга ошиб, 2025 йил якунларига кўра 445,9 млн долларни ташкил этди. Шу даврда Ўзбекистоннинг Покистонга экспорти 32 баробарга ўсиб, 325 млн долларга етди, Покистондан импорт эса 4,6 баробарга кўпайиб, 120,9 млн долларни ташкил қилди.

Экспорт ҳажмининг жадал ўсиши натижасида Ўзбекистоннинг Покистон билан ташқи савдо сальдоси 2019 йилдан бошлаб ижобий кўрсаткичга ўтди.

2025 йилда Ўзбекистон экспорти таркиби қуйидаги йўналишлардан шаклланди:

  • Озиқ-овқат маҳсулотлари (қурутилган дуккакли сабзавотлар, ёнғоқ ва ерёнғоқ) — 260,2 млн доллар (80%);
  • Саноат маҳсулотлари (ип-калава) — 21,2 млн доллар (6,5%);
  • Ноозиқ-овқат хомашёси — 13,2 млн доллар (4,1%);
  • Хизматлар (асосан транспорт) — 30,1 млн доллар (9,3%).

2025 йилда Покистондан импорт таркибида асосий улуш қуйидагилар ҳиссасига тўғри келди:

  • Озиқ-овқат маҳсулотлари (гўшт, картошка, цитрус мевалар) — 56,2 млн доллар (46,5%);
  • Кимёвий маҳсулотлар (дори-дармонлар, ювиш воситалари) — 45,3 млн доллар (37,5%);
  • Саноат маҳсулотлари — 6,4 млн доллар (5,3%);
  • Хизматлар — 4 млн доллар (3,3%).

Инвестициявий ҳамкорлик

2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокида 208 та корхона фаолият юритмоқда. Шундан 18 таси қўшма корхона, 190 таси эса 100% Покистон капитали асосида ташкил этилган корхоналардир.

2017–2024 йиллар давомида Покистондан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитларнинг жами ҳажми 62,5 млн долларни ташкил қилди. Бу маблағнинг 47,4 млн доллари 2024 йилнинг ўзида жалб этилган.

Ўзбекистон–Покистон инвестициявий ҳамкорлиги, асосан, қайта ишлаш саноати тармоқларида ривожланмоқда. Хусусан, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика йўналишлари билан бирга, транспорт ва логистика соҳалари (жумладан, инфратузилма лойиҳалари) ҳамда АКТ ва инженерлик хизматларида ҳам қўшма ташаббуслар кенгаймоқда.

Транспорт соҳасида ҳамкорлик

Ўзбекистон ва Покистон, шунингдек Жанубий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ўртасида савдо ҳажмини оширишга тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири — тўғридан-тўғри темир йўл қатновининг мавжуд эмаслигидир.

Шу боис Ўзбекистон Покистон иштирокида «Мазори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўл линиясини қуриш лойиҳасини амалга оширишдан манфаатдор. Ушбу лойиҳа мамлакатлар ўртасида қисқа ва иқтисодий жиҳатдан мақбул транспорт коридорини шакллантиради.

Лойиҳанинг амалга оширилиши:

  • Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ўзаро савдо-сотиқни кенгайтириш учун қулай шарт-шароит яратади;
  • ҳар икки давлатнинг транзит салоҳиятини оширади;
  • Марказий ва Жанубий Осиё ҳудудларини қисқа транспорт йўлаги орқали боғлайди;
  • Марказий Осиё мамлакатлари учун Покистоннинг «Гвадар» ва «Карочи» портларига чиқиш имкониятини очади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар