Тошкентда Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг 46-йиллик йиғилиши якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуман давомида ИТБга аъзо мамлакатларнинг карантин чекловлари пайтида аҳолини ҳимоя қилишни таъминлаш, пандемиянинг иқтисодий оқибатларини бартараф этиш ва глобал иқтисодий инқироз шароитида халқаро ҳамкорликнинг янги схемалари ва механизмларини яратиш каби инқирозга қарши чораларни қўллаш тажрибасини муҳокама қилиш учун платформа бўлганлиги таъкидланди.
Бир қатор мавзуларга оид панель муҳокамалари ва мунозаралари бўлиб ўтди, уларда COVID-19 оқибатларига қарамасдан барқарорликни юксалтириш чора-тадбирлари, халқаро ҳамкорлик масалалари, иқтисодиётни қайта ишга тушириш ва тиклаш механизмлари, инвестицияларни жалб қилиш ва ковиддан кейинги даврда савдони фаоллаштириш, бизнесни рақамлаштириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларига инновацияларни жорий этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда бандликни ошириш йўллари ва бошқа тегишли мавзулар кўриб чиқилди.
Йиллик анжуман якунида Ўзбекистон ҳукумати, Саудия Арабистони ва ИТБ томонидан 100 миллион долларлик бошланғич сармояга эга Ўзбекистон Иқтисодий имкониятларини кенгайтириш жамғармасини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
“Мен ИТБ гуруҳи ва ўнта аъзо мамлакат ўртасида умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларига тенг 30 та молиявий келишув имзолангани хусусида хабар қилишдан мамнунман, улар қуйидаги турли секторлардаги амалиёт ва лойиҳаларни қамраб олади: соғлиқни сақлаш (COVID-19 ва вакциналар), сув таъминоти ва санитария, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги, исламий молия, кичик ва ўрта бизнес.
Шундан 330 миллион АҚШ долларига тенг маблағ Ўзбекистон Республикаси манфаатларини кўзлаб сарфланади”, дея таъкидлади ИТБ гуруҳининг раиси доктор Муҳаммад Ал Жассир матбуот анжуманида.
Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) ва «Трастбанк» ўртасида 15 млн доллар миқдорида савдони молиялаштириш линиясини очиш тўғрисида битим имзоланди. Шунингдек, «Туронбанк» билан ҳисоботларни Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (ХМҲС)га мувофиқ амалга оширишда техник ёрдам кўрсатиш тўғрисида битим ҳам имзоланди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг қишлоқ инфратузилмасини модернизация қилиш учун ушбу ҳудудлар аҳолисининг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган «Обод Қишлоқ» дастури доирасида жами 200 млн долларлик кредит шартномаси имзоланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон онкологик хизмат кўрсатиш муассасаларини жами 80 миллион долларлик замонавий юқори технологияли ускуналар билан жиҳозлаш бўйича кредит шартномаси имзоланди. Натижада касалликларни ташхислаш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш ҳамда беморларни муваффақиятли соғломлаштириш имкониятлари ошади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида Ислом банки ва молияси учун норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш бўйича грант Битими имзоланди. Унинг натижасида Ўзбекистонда Ислом молиялаштириш механизмларини жорий этиш имкони яратилади.
Шунингдек, Халқаро Ислом академияси ва ИТБ томонидан Академия негизида Ислом тараққиётининг «ақлли» синфини яратиш учун техник ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланди.
Имзоланган шартномаларнинг умумий миқдори 330 миллион доллардан ошди.
Изоҳ қолдириш