Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йилга мўлжалланган Мурожаатномасининг лингвистик таҳлили

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йилга мўлжалланган Мурожаатномасининг лингвистик таҳлили

2025 йил 26 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатнома билан чиқиш қилди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари томонидан давлат раҳбарининг чиқишини лингвистик контент-таҳлили амалга оширилди.

Таҳлил замонавий лингвистик усуллар қўлланилган ҳолда амалга оширилиб, маъновий акцентлар, асосий тушунчалар ва уларнинг ўзаро боғлиқликларини аниқлашга қаратилган. Шунингдек, давлат сиёсатининг устувор йўналишларини яққол акс эттирадиган “сўзлар булути” ва диаграммалар тайёрланди.

Таҳлил (аслий тилдан)

Президент ўз Мурожаатномасида жами 9 135 та сўздан фойдаланган. Сўзлар булутини яратиш энг муҳим мавзуларни визуаллаштириш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш устувор йўналишларини чуқурроқ англаш имконини берди.

1-расм. Президент Мурожаатномасида энг кўп қўлланилган сўзлар (26.12.2025)

Лингвистик таҳлил шуни кўрсатдики, асосий калит сўзлар сифатида қуйидагилардан энг кўп фойдаланилди: «маҳалла» сўзи – 49 марта, «аҳоли» – 35 марта, «иқтисодиёт» – 28 марта, «бозор» – 26 марта, «лойиҳа» – 25 марта, «технология» – 22 марта (1-расм).

Шунингдек, «таълим», «натижа» ва «даромад» сўзлари 20 мартадан, «тадбиркор» ва «саноат» – 19 мартадан, «сув» – 18 марта, «электр» ва «ҳудуд» – 17 мартадан, «ёшлар», «инфратузилма» ва «қурилиш» – 16 марта ишлатилган.

Икки сўзли бирикмалардан «Марказий Осиё» ибораси 8 марта, «аҳоли даромади», «қишлоқ хўжалиги» ва «янги босқич» 7 мартадан, «янги технологиялар» ва «Тошкент шаҳри» 6 мартадан қўлланилган. «Давлат хизматлари», «хорижий инвестиция» ва «янги тизим» иборалари 5 мартадан ишлатилган, шунингдек «дуал таълим», «иш ўрни», «вилоят марказлари» ва «туман бюджети» иборалари эса 4 мартадан қўлланилган.

Уч сўзли бирикмалар орасида «келгуси беш йил» (9 марта), «дуал таълим асосида» (4 марта), «сувни тежайдиган технологиялар», «сув, электр энергияси» (3 мартадан) бирикмалари энг кўп фойдаланилди.

Шу тариқа, таҳлил шуни кўрсатадики, давлат сиёсатининг марказида келгуси беш йил учун аниқ стратегик вазифалар билан бирга маҳалла, аҳоли фаровонлиги ҳамда иқтисодий ва технологик ўзгаришлар асосида ривожланишнинг янги босқичига ўтиши турибди.

Нутқнинг тематик тузилмаси

Қуйида нутқ лексикасининг асосий йўналишлар бўйича тақсимланишини акс эттирувчи диаграмма келтирилган бўлиб, нутқ мазмуни 9 та асосий тематик блокка гуруҳланган.

Диаграмма яққол кўрсатадики, давлат сиёсатининг марказида маҳалла даражасида амалга ошириладиган технологик ривожланиш ва инсон манфаатлари турибди. Барча ислоҳотларнинг якуний мақсади барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашдан иборат (2-расм).

2-расм. Нутқ таркибидаги сўзларнинг йўналишлар бўйича тақсимланиши

Ривожланиш йўналишларининг ўзаро боғлиқлиги

Тақдим этилган таҳлилда Ўзбекистоннинг яқин йиллардаги давлат сиёсатининг турли йўналишлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кўрсатувчи асосий сўзлар ажратиб кўрсатилган.

Иқтисодиётнинг технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтиши давлат сиёсатининг марказий элементи ҳисобланади ва хомашё моделига таянишдан воз кечиб, юқори технологияли саноатга ўтишни назарда тутади. Ушбу йўналиш «инвестициялар», «технологиялар», «бозор» ва «маҳсулот» каби тушунчалар билан чамбарчас боғлиқ.

Иқтисодий ўсиш ва фаровонлик блокида ислоҳотларнинг асосий натижалари акс эттирилган бўлиб, сўнгги уч йилда иқтисодиёт ҳажмининг 145 миллиард долларгача ўсиши ва камбағаллик даражасининг икки баробарга қисқариши шулар жумласидандир ҳамда у бевосита «аҳоли», «иқтисодиёт», «маҳалла» ва «хизматлар» тушунчалари билан боғлиқ.

Ислоҳотларнинг ижтимоий пойдевори маҳалла ва ижтимоий ҳамжиҳатликни ривожлантириш орқали шакллантирилади. Бу йўналиш «маҳалла», «ёшлар», «жамият» ва «қадриятлар» тушунчалари билан боғлиқ.

Лексикани йўналишлар бўйича структуралаш натижаларига кўра, нутқ марказида иқтисодиётни технологик модернизация қилиш ҳамда «маҳаллабай» тизимига асосланган инсонга йўналтирилган бошқарув модели тургани аниқланди.

Иқтисодий ўсишнинг аҳоли фаровонлигини ошириш ва маҳаллий инфратузилмани ривожлантириш билан ўзаро боғлиқлиги, шунингдек инсон капиталига эътиборни кучайтириш, бандликни кенгайтириш ва давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш устувор йўналишлари таъкидланади.

3-расм. Ривожланиш йўналишларининг ўзаро боғлиқлиги

Маъносига кўра ажратилган блоклар қаторида ички талабни рағбатлантириш, уй-жой ва туризм йўналишини ривожлантириш, транспорт тизимини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш вазифалари ҳам белгилаб берилган.

Алоҳида эътибор «яшил» кун тартибига қаратилган бўлиб, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, «яшил макон» ташаббусини кенгайтириш, шунингдек иқлим хатарларига бардошлиликни ошириш масалалари қамраб олинган.

Ташқи сиёсат блокида Ўзбекистоннинг очиқлиги, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва глобал иқтисодий тизимга интеграциялашуви таъкидланган.

Лингвистик таҳлил давлат раҳбарининг ушбу чиқишининг асоси ислоҳотлар мақсади барқарор ўсиш, аҳоли ҳаёт сифатини ошириш ва Ўзбекистон позицияларини янада мустаҳкамлаш сифатида «инсон қадри – маҳалла – фаровонликнинг ошиши» боғланмаси атрофида шаклланганини тасдиқлайди.

Илёс Раббимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

қўшимча маълумотлар учун қуйидаги телефон орқали мурожаат қилиш мумкин:

(78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар