Беш ой муқаддам – ўтган йилнинг куз фасли охирларида Оққўрғон туманида халқ билан мулоқот тизимининг янги механизмлари, кўчадан хонадонга кириб, муаммоларни индивидуал аниқлаш ва тизимли ҳал қилишнинг янги иш услублари амалиётда синаб кўрилган эди. Бундан кўзланган асосий мақсад – Халқ қабулхоналари, секторлар ва маҳалла институтларининг уйғун фаолиятини жадаллаштириш, ҳар бир муаммо энг бирламчи нуқтада аниқланиб, уларга ечим топиладиган янги тизимни йўлга қўйишдан иборат. Бу тажриба билан қисқа вақтда раҳбарларнинг сайёр ва шахсий қабуллари хонадонларга кўчди, ёрдамга ҳақиқий муҳтож инсонларни топиб, уларга кўмак бериш, Президент виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларда кўтарилган реал муаммоларга ечим топиш, дастурлар ижросини жадаллаштириш борасидаги ишлар янги сифат босқичига кўтарилди.
Яқинда Республика ишчи гуруҳи Тошкент вилоятида аҳоли муаммоларини ўрганиш, иқтисодий-ижтимоий аҳволи энг оғир маҳаллалардаги тизимли масалаларни ҳал қилиш бўйича фаолият олиб борди. Бу жараёнда йўллар таъмири, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти каби аҳолининг энг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилди, дастурлар ижроси жадаллаштирилди.
Аслида ҳам мурожаат – бу одамлар, жамият қандай нафас олаётганини яққол намоён этадиган қайсар индикатор. Битта тизимли масалани ҳал қилиш билан эса минглаб мурожаатларга оқилона ечим топиш мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мурожаатлар таҳлилига асослангани учун ҳам том маънода халқ овозини англатиб турадиган, халқ дардига дармон бўладиган тарихий ҳужжатдир. Шу ҳужжат шарофати билан бугун Тошкент вилоятининг ҳам юзлаб маҳаллаларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари боис кўплаб тизимли масалалар ҳал бўляпти.
Ичимлик суви – инсон ҳаёти учун энг зарур неъмат, тириклик асосидир. Республика ишчи гуруҳи кўмаги билан Тошкент вилоятининг 481 та маҳалласида 114,2 км. ичимлик суви тармоғи тортиш ишлари жадаллаштирилгани билан оби ҳаёт сўралган минглаб мурожаатлар ҳал қилинмоқда. Бир эътибор беринг: айни кунларда биргина Тошкент вилоятининг 481 та маҳалласида ичимлик суви тортиляпти ва бундай кенг қамровли бунёдкорлик ҳаракати вилоят тарихида биринчи марта юз бермоқда. Бу – давлатимиз раҳбари илгари сурган “Инсон қадри учун!” ғоясининг реал ҳаётимиздаги амалий натижасига ёрқин ҳаётий исбот, минг-минглаб инсонларнинг ўз умридан рози бўлиб яшашини таъминлаш йўлидаги дадил қадамдир.
Яна бир мисол: бу жараёнда 4 та трансформатор ўрнатилиб, 41,3 км электр тармоғи тортилиши-ю 1 минг 250 дан зиёд бетон таянчлар ўрнатилиши билан 43 та маҳалладаги электр таъминоти яхшиланди. Айтайлик, Янгийўл тумани Қовунчи қишлоғида ҳам шу кунларда 3 км. электр тармоғини янгилашга киришилган. Бу билан 148 та хонадонда электр энергияси кучланиши меъёрга келтирилиб, 18 фоиз электр токи йўқотишларига барҳам берилади.
Умуман, мамлакатимизда ҳал қилинаётган ҳар бир тизимли масала замирида минглаб инсонлар ҳаётидаги ўзгаришлар, уларнинг ҳаётдан розилиги мужассам. Бу эса давлатимиз раҳбари асос солган халқ билан мулоқот тизими аслида ҳам халқ қалбидан бошланган тараққиёт магистрали эканига яна бир ҳаётий исботдир.
Бу борадаги энг муҳим вазифалардан бири – бу аҳолининг дастурхони тўкинлиги-ю рўзғори бутлигини таъминлаш, ишсиз инсонлар учун доимий иш ва барқарор даромад манбаи яратиб беришдан иборат. Айни шу мақсадда “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 463 нафар мурожаатчига 11,7 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди, 1 минг 380 нафардан зиёд ишсиз инсонлар бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Халқ қабулхоналари, секторлар ва маҳалла институтининг ўзаро уйғун ишлашини таъминлаш эса бу борадаги натижалар бардавомлигини таъминлашда муҳим платформа бўлади.
Инсон руҳиятида ҳамиша янгиланишга катта бир эҳтиёж яшайди. Республика ишчи гуруҳининг Тошкент вилоятидаги фаолияти давомида ҳам вилоятга том маънода кўклам, уйғониш кириб келди. “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан маҳаллаларда “Сумалак сайли” тадбирлари ўтказилаётган бўлса, дашту далаларда баҳорги юмушлар бошланди.
Ободонлаштириш ишлари, кўчат экиш тадбирлари янада авжлантирилди. Дарвоқе, бу йил баҳорги мавсумда Тошкент вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 10 млн. 142 минг туп мевали-манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. Нурафшон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғидаги бу жараёнларга гувоҳ бўлиб, аслида ҳам ҳар бир инсоннинг қалбида ўз боғи бўлиши, бу боғ кўркам бўлиши учун унга ҳамиша эзгулик, гўзаллик ва меҳр ниҳоллари экилиши лозимлигини англагандек бўлдик.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Република ишчи гуруҳининг Тошкент вилоятидаги ўрганишлари давомида ҳар бир туман-шаҳардаги долзарб, тизимли масалалар мурожаатлар таҳлили ва дастурлар ижросига боғлиқ ҳолда ҳар томонлама чуқур ўрганилди. Аниқланган муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва ҳал этиш мақсадида аниқ молиялаштириш манбалари, ижро муддатлари ва масъул ижрочилар белгиланган ҳолда ҳар бир туман, шаҳар учун алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Бу борадаги ишлар натижадорлиги эса ҳар бир раҳбар ва масъул фаолиятига баҳо беришда асосий мезон бўлади.
Изоҳ қолдириш