Президент маслаҳатчиси ишчи гуруҳи ўз фаолиятини Андижон ва Фарғонада давом эттирмоқда

Президент маслаҳатчиси ишчи гуруҳи ўз фаолиятини Андижон ва Фарғонада давом эттирмоқда

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги 24 та вазирлик ва идора раҳбарларидан иборат Республика Ишчи гуруҳи аъзолари вилоятларда шароити оғир бўлган энг чекка қишлоқларда тунаб, аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш ва ўз жойида ҳал этиш бўйича ишларни бошлаганди.

Тажриба сифатида илк манзил Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани танланган эди. Мазкур тажриба кўплаб ўзининг ижобий натижаларини бергач, ушбу амалиётни бошқа ҳудудларда ҳам давом эттириш кераклиги белгиланди.

Навбатддаги манзиллар эса Андижон вилоятининг Асака тумани ҳамда Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани танлаб олинди.

Хўш, ўтган уч кунда ушбу ҳудудларда қандай амалий натижаларга эришилди? Аҳоли розилиги учун нималар қилинди?

Асака туманида Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан тумандаги 70 та маҳаллада уйма-уй юрилиб, 3 434 та хонадон, 27 та ижтимоий соҳа объектлари ўрганилди. Жами 1 892 та муаммо аниқланиб, ҳозирга қадар 100 га яқини жойида ҳал этилган бўлса, қолганлари бўйича амалий чора-тадбирлар дастури тузилиб, ечими бўйича манзилли тадбирлар режалаштириб олинди.

Жумладан, ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлган, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз 177 нафар фуқарога керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” каби қатор дастурлар бўйича деярли 3.5 миллиард имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилди.

Бешариқ туманидаги 50 та маҳаллада “хонадонбай” ўрганиш ишлари бошланган бўлиб, ҳозирга қадар 5 622 та хонадон шароитлари билан танишилди. Натижада 2 мингга яқин муаммо аниқланган бўлиб, уларнинг 150 дан зиёдига жойида ечим топилди.

Хусусан, 200 нафар аҳолини оилавий тадбиркорликка жалб қилиш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш мақсадида 4.5 миллиард сўмга яқин имтиёзли кредит ҳамда субсидия маблағлари ажратиб берилди.

Яшаш шароити оғир бўлган “Бешариқ”, “Усмонобод”, “Қият-Сартол”, “Чорбоғтўронғи” маҳалларида яшовчи 14 нафар фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун 500 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар