Жиззах вилоятининг доимий аҳолиси сони 2024 йил январь-июнь ҳолатига 1 521,9 минг кишини ташкил этиб, йил бошига нисбатан 14,5 минг кишига ёки 101%га кўпайди. Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 714,2 минг кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 46,9%), қишлоқ аҳолиси сони 807,7 минг киши (53,1%)ни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида энг кўп аҳоли сони Ш.Рашидов туманида 245,7 минг кишини (вилоят аҳолиси сонидаги улуши 16,1%ни) ва Жиззах шаҳрида 197,8 минг кишини (13%), аксинча энг кам аҳоли сони Янгиобод туманида 30 минг кишини (2%) ва Арнасой 49,1 минг киши (3,2%)ни ташкил этди.
3518 киши никоҳ қайд этган бўлиб, ҳар 1000 аҳолига 4,7 промиллени ташкил этди ҳамда ўтган йилга нисбатан 0,1 промиллега камайди. 841 киши никоҳдан ажримлар қайд этган бўлиб, ҳар 1000 аҳолига никоҳдан ажралишлар коеффициенти 1,1 промиллени ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 0,1 промиллега камайиш кузатилди.
Энг кўп ажримлар Жиззах шаҳрида 178 та (ҳар минг кишига – 1,8) ва Ш.Рашидов туманида 125 та (1), аксинча энг кам ажримлар Янгиобод туманида 10 та (0,7) ва Зафаробод (1) ҳамда Дўстлик (0,7) туманларида 26 тадан ташкил этди.
2024 йил январь-июнь ҳолатига 18,6 минг нафар бола (ҳар минг аҳолига – 24,7) туғилганлиги қайд этилган бўлиб (2023 йилга нисбатан 2,1 промиллега камайган), шундан энг кўп туғилишлар Ш.Рашидов 3 323 нафар (ҳар минг кишига – 27,3) ва Ғаллаорол 2 535 нафар (27,1) туманларида, аксинча энг кам туғилишлар Янгиобод 280 нафар (18,8) ҳамда Мирзачўл туманларида 511 нафар (18,5)ни ташкил этди.
Қайд этилган ўлимлар сони 2 962 та бўлиб, ҳар минг аҳолига ўлим коеффициенти 3,9 промиллени ташкил этди ва 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 0,5 промиллега камайди.
Ўлимнинг асосий сабаблари бўйича: қон айланиши тизими касалликларидан- 1 582, ўсимталардан-278, нафас олиш аъзолари-270, бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан-236, овқат ҳазм қилиш аъзолари-146, юқумли ва паразитар касалликлардан-35, бошқа касалликлардан-415.
Вилоят бўйича доимий яшаш мақсадида кўчиб келганлар 3 297 киши, ҳар 1000 аҳолига кўчиб келиш коеффициенти 4,4 промиллени ташкил етиб, ўтган йилга нисбатан 0,3 промиллега ошган. Доимий яшаш мақсадида кўчиб кетганлар 4 510 киши, ҳар 1000 аҳолига кўчиб кетиш коеффициенти 6 промиллени ташкил етиб, ўтган йилга нисбатан 0,4 промиллега ошган.
Изоҳ қолдириш