2021 йил 20 декабрь куни Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Жиззах вилояти аҳолисига мурожаат қилди. Сессия иши ва вилоят ҳокими мурожаати ҳокимликнинг facebook расмий саҳифасида ва вилоят телеканалида тўғридан-тўғри эфирга узатилди.
Тасвирий ифодаловчи сўзлардан фойдаланиб, таҳлилчилар вилоят ҳокими нимага кўпроқ эътибор қаратаётганини аниқлашди.
Вилоят ҳокими ўз нутқида жами 7 575 сўздан фойдаланган. Энг кўп “Янги” сўзини - 45 марта, “Ёшлар” сўзини – 31 марта, “Жиззах” сўзини – 29 марта, “Ривожлантириш”, “Таълим”, сўзларини 28 мартадан, “Ижтимоий” сўзини 19 марта қўллаган. Бундан ташқари, “Аҳоли”, “Ўзбекистон”, “Маҳалла”, “Саноат”, “Мактаб”, “Тадбиркорлик”, “Иқтисодиёт”, “Инвестиция сўзлари ҳам кўп такрорланган.
Мурожаатномада асосий эътибор 2021 йил давомида эришилган иқтисодий ўсиш суръатлари, амалга оширилган инвестицион лойиҳалар ва “Обод қишлоқ” дастурининг ижросига ҳамда 2022 йилда вилоятда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишларига қаратилган.
Жумладан, 2021 йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 7,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 10 фоизга (9,9%), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 4,3 фоизга ва хизматлар 29,5 фоиз ўсиши, шунингдек, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 14,7 млн.сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 1,7 млн.сўмга ортиши ҳамда аҳоли реал даромадлар ҳажми 12,5 млн.сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Инвестиция дастурлари доирасида 5,0 трлн.сўмлик 504 та инвестиция лойиҳалари фойдаланишга топширилиб, фақат ушбу лойиҳаларнинг ўзидан 5 минг нафар янги иш ўринлари яратилди. 260,0 млн.доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига мувофиқ вилоят бўйича 286 та маҳаллалардаги 2 866 та объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Аҳолини тоза ичимлик суви ва канализация хизматлари билан таъминлаш мақсадида “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик сув таъминоти тизимини яхшилаш” лойиҳаси амалга оширилди.
Мактабгача таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида, жорий йилда 315 та нодавлат (оилавий) болалар боғчалари ташкил этилиб, 8,8 минг нафар мактабгача таълим ёшидаги болалар қўшимча қамраб олинди. Мактабгача таълимга қамров даражаси йил бошидаги 65 фоиз дан 71,6 фоизга етказилди.
Халқ таълими тизими олиб борилган ислоҳотлар натижасида, ўтган йили 15,6% битирувчилармиз олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган бўлса, жорий йилда битирувчиларнинг 33,3 фоизи (+17,7 %) ёки 6 277 нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирдилар.
Жорий йилда, вилоятда олий таълим муассасалари сони 4 тадан 6 тага етказилди. Хусусан, 2 та («Sambhram» Унивесритети ва Қозон федерал университети Жиззах филиали) ташкил этилди.
Олий таълим муассасаларига талабаларнинг қабул кўрсаткичлари 2021/2022 ўқув йилида ўтган йилга нисбатан 1076 нафарга кўпайтирилиб, 7982 нафарга етказилди. Сўнгги 5 йилда олий таълим билан қамраб олиш даражаси қарийб 2 баробарга (3170 нафардан 6426 нафарга) оширишга эришилди.
2022 йилдаги асосий вазифалар Президентимизнинг 2021 йил 6 ноябрдаги лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз” нутқида белгиланган “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси”нининг 7 та устувор йўналишларини келиб чиқиб белгиланди.
Хусусан, 2022 йилда вилоятда :
- ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича вилоятдаги 80 мингдан зиёд ишсизлар ва меҳнат бозорига кириб келадиган 30 мингга яқин ёшлар бандлигини таъминлаш учун 101,1 мингта доимий ва мавсумий янги иш ўринлари ташкил этилади;
- маҳалла ва туманларнинг янги “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, драйвер соҳаларда оилавий тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш белгиланди. Бунинг учун вилоятлаги 299 та маҳаллаларда аниқланган 571 та “Ўсиш нуқталари” асосида ўсиш таъминланади. 2022 йилда ушбу “ўсиш нуқталари” шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, тегишли ташкилот ва идоралар ҳамда “ҳоким ёрдамчилари” томонидан фуқароларга субсидиялар ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ва бошқа имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳисобига амалга оширилади.
- қишлоқ хўжалиги ва томорқаларни ривожлантириш бўйича барча куч ва имкониятлар ишга солинади. Пахта ва ғалла экинларидан қисқартирилган 7226 гектар ер майдонларини аҳолига 10 сотихдан 1 гектаргача деҳқон хўжалиги қилиб ажратиб бериш ҳисобига 16 912 нафар янги иш ўринлари яратилиб, 73,6 минг тонна қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштирилади.
- Маҳаллий саноатни ривожлантириш ва ҳудудий инвестиция дастурларини амалга ошириш энг муҳим вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
2022 йилда шаҳар ва туманларда умумий қиймати 8,7 трлн. сўмлик 314 та янги инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 8 971 та янги иш ўринлари яратилади. Маҳаллий саноатни ривожлантириш мақсадида вилоятда 7 та тармоқ йўналиши бўйича 3,7 трлн сўмлик 154 та лойиҳа хисобига 17 699 та янги иш ўринли яратилади
- “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизими бўйича олиб бораётган ишларимиз изчил давом эттирилиб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилади.
- Аҳолининг уй-жой ва яшаш шароитларини яхшилаш устувор вазифалардан бири бўлади. 2022 йилда 14 та ҳар бири 80 хонадонли жами 1 120 хонадонга мўлжалланган 16 қаватли уй-жойлар янги тизим асосида “қурилиш кластери” томонидан амалга оширилади.
23 та қишлоқ ва 3 та маҳалла “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари амалга оширилади.
Ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш доирасида 4 та боғча, 16 та мактаб, 15 та тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади.
- “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси доирасида маҳаллаларда дарахт экиш ва кўкаломзорлаштириш тадбирлари давом эттирилади.
ҳар бир туман ва шаҳар марказларида 2 тадан, жами 85,2 гектар майдонда 26 та “яшил майдон” жамоат парклари этилади.
- ҳудудларда бирламчи тиббий ёрдам хизмати сифатини яхшилаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш доирасида Шароф Рашидов, Зомин ва Дўстлик туманларида туманлараро 30 ўрин-жойли эндокринология бўлимлари, Ғаллаорол, Дўстлик ва Зомин туманлари тиббиёт бирлашмалари негизида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари, Фориш, Бахмал, Арнасой, Мирзачўл туманлари тиббиёт бирлашмаларида 20 ўринли кардиология бўлимлари, Жиззах шаҳрида “Тиббиёт кластери” ташкил этилади.
- Мактабгача ва мактаб таълим тизимини ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўрилади. Мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 73 фоизга етказиш мақсадида 6 та давлат-хусусий шериклик асосидаги, 105 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 81 та мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳлар ташкил этилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан ишлаш бўлими
Изоҳ қолдириш