Давлатимиз раҳбари раислигида яқинда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда мамлакатимиз ҳудудларида, жумладан Жиззах вилоятида камбағалликни қисқартириш, оғир туманлар ва оғир маҳаллаларни ривожлантириш, аҳоли даромад манбаларини кенгайтириш ҳамда аҳоли кайфиятини ошириш орқали одамларни рози қилишга қаратилган янги ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Жиззах вилоятида камбағалликни қисқартириш юзасидан 2025 йилда салмоқли ишлар амалга оширилди. Амалга оширилган чора-тадбирлар аниқ рақамлар билан ўз тасдиғини топмоқда. Хусусан, 2025 йилда 83,4 минг оила камбағалликдан чиқарилиб, вилоятда камбағаллик даражаси 11,8 фоиздан 5,8 фоизгача пасайди. 2026 йилда эса ушбу кўрсаткични 2,8 фоизга тушириш режалаштирилган. Шу билан бирга, ишсизлик даражаси ўтган йили 5,8 фоиздан 4,9 фоизгача қисқарди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларидаги 39 та маҳаллада жойлашган 500 га яқин камбағал хонадонлар чуқур ўрганилди. Ўрганиш жараёнида уларнинг камбағалликдан чиқиш имкониятлари, камбағалликка тушиб қолиш сабаблари таҳлил қилиниб, ушбу ҳолатдан чиқариш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Таҳлиллар сўнгги йилларда, жумладан 2025 йилда камбағалликни қисқартириш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилганини кўрсатди.
Даромади камбағаллик чегарасидан паст бўлган ҳар бир уй хўжалигига давлат ташкилотларидан раҳбар ходимлар бириктирилиб, уларнинг ҳолатидан мунтазам хабар олиш, даромадларини ошириш учун турли иқтисодий инструментлардан фойдаланиш чоралари кўрилди. Айниқса, маҳалла “еттилиги” томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар аҳолининг молиявий аҳволини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Видеоселектор йиғилишида 1 миллион нафар аҳолини қамраб олган ҳолда уларни камбағалликдан чиқариш ва бандлигини таъминлаш чоралари белгилаб берилди. Ушбу дастур доирасида Жиззах вилоятида 41 минг нафар аҳолини қамраб олиш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 35 фоизини доимий иш ўринларига жойлаштириш, 31 фоизини тадбиркорликка жалб этиш, 16 фоиз аҳолининг даромадларини ошириш чораларини кўриш кўзда тутилган. Шунингдек, норасмий банд аҳолини расмийлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг даромадларини кўпайтириш ва барқарор бандлигини таъминлаш белгиланди.
Йиғилишда Давлатимиз раҳбари томонидан республика бўйича 37 та оғир туман ва 903 та оғир маҳалла қайд этилиб, Жиззах вилоятида 3 та оғир туман — Арнасой, Мирзачўл ва Фориш туманлари белгиланди. Ушбу туманларга Республика ва вилоят бюджетларидан қўшимча маблағлар ажратиш режалаштирилган. Шунингдек, вилоятдан 36 та маҳалла оғир маҳаллалар рўйхатига киритилди.
Оғир маҳаллаларни ривожлантириш доирасида яшил энергетикани жорий этиш, маҳаллалар ихтисослашуви учун ички йўллар, ичимлик суви ва суғориш инфратузилмасини яхшилаш, субсидия ва ссудалар тизимини кенгайтириш, тут плантациялари барпо этиш ва пилла етиштиришга субсидиялар ажратиш чоралари белгиланди. Шунингдек, оғир маҳаллаларда оилавий кредит ставкаларини 12 фоизгача тушириш, кредит ҳажмини ошириш, аввалги 33 миллион сўмлик оилавий кредитлар миқдорини 1,5 баробарга ошириб, 50 миллион сўмгача имтиёзли ва гаровсиз кредитлар ажратишни йўлга қўйиш режалаштирилди.
Қайд этилганидек, ушбу янги ислоҳотлар “ислоҳотларни маҳалладдан бошлаш” тамойили асосида маҳаллани комплекс ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини ошириш, жамиятни юксалтиришдек буюк эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлми
Изоҳ қолдириш