Коронавирус инқирозига қарши курашишда пул-кредит сиёсати ва молиявий тартибга солиш чоралари

Коронавирус инқирозига қарши курашишда пул-кредит сиёсати ва молиявий тартибга солиш чоралари

Ҳозирги кунда коронавирус пандемияси COVID-19 жаҳон ҳамжамияти учун энг катта муаммога айланиб турибди. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) пандемияни урушга қиёсламоқда ва унинг “уруш” даври камида бир чоракдан икки чоракгача давом этишини прогноз қилмоқда. Жамғарма экспертларининг хулосасига кўра, коронавирус инқирозига қарши курашиш “уруш даврида”ги чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади.

Шундан келиб чиқиб, мамлакатлар коронавирус инқирозига қарши инновацион ва ноодатий усуллар билан курашишмоқда. Кўплаб мамлакатлар томонидан вируснинг тарқалишини чеклаш мақсадида ўқув даргоҳлари, кўнгилочар масканлар, спорт иншоотлари ёпилиб, тугаш муддати номаълум карантин эълон қилинди. Муҳим бўлмаган корхона ва ташкилотлар фаолияти вақтинча тўхтатилиб, одамларнинг уйда қолишлари талаб этилмоқда. Бундай оғир шароитда аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик вакилларини қўллаб-қувватлаш доирасида солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсати соҳаларида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу мақолада Ўзбекистонда ва COVID-19 таъсиридан энг катта азият чекаётган Ғарбий Европа мамлакатларида (Италия, Испания ва Германия) ҳамда Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган Россия ва Қозоғистонда коронавирус инқирозига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида пул-кредит сиёсати ва молиявий тартибга солиш чоралари ҳақида фикр юритилади.

Ўзбекистонда пул-кредит сиёсати ва молиявий тартибга солиш чоралари

Ўзбекистонда коронавирус инқирозига қарши курашиш доирасида аҳоли ва иқтисодиётни COVID-19 таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди ва мазкур жамғармага 10 трлн. сўм (1 млрд. АҚШ долларидан кўпроқ ёки ЯИМнинг 1,5 фоизи) миқдоридаги маблағлар жалб қилиниши эълон қилинди.

Шунингдек, тезкор ва фавқулодда вазиятга ўз вақтида жавоб қайтариш мақсадида бир қатор вазирликлар ва давлат бошқарув органлари томонидан инсон ҳаёти ва соғлиғини иқтисодий манфаатлардан устун қўйган ҳолда қатъий ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз ваколатлари доирасида пул-кредит сиёсати ва молиявий тартибга солиш чоралари орқали COVID-19 таъсиридан азият чекаётган аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда тижорат банкларига ёрдам кўрсатмоқда.

Хусусан, тижорат банклари томонидан туристик операторларга, меҳмонхона бизнеси субъектларига, транспорт-логистика компанияларига ва туризм тармоғининг бошқа корхоналарига, шунингдек, ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар бўйича умумий суммаси 5 трлн. сўмлик қарздорликларни тўлашни (жарима санкцияларини ҳисобламаган ҳолда) 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктиришга рухсат берилди. Чунки, карантин шароитида инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритилиши ва баъзи бир корхоналарнинг фаолиятини вақтинчалик тўхтатилиши тижорат банкларига босимни кучайтирмоқда ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик вакиллари кредит тўловлари бўйича муаммоларга учрамоқда.

Бундай қийин шароитда ХВЖнинг берган тавсиялар Марказий банк томонидан ўз вақтида, мақсадли ва келишилган ҳолда амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар мамлакатимизнинг коронавирус инқирозидан катта талофатларсиз чиқиб кетишида муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради. Зеро, ХВЖ экспертлари марказий банклар инқироз даврида жиддий, аммо вақтинчалик зарбаларга учраган қарз олувчилар ва иқтисодий секторлар учун кредит портфеллари бўйича тўловларни қайта режалаштиришда фаол бўлишлари учун тижорат банклари билан аниқ ва тушунарли алоқа қилишлари кераклигини тавсия этишмоқда. Шунингдек, бундай оғир вазиятда регуляторнинг вазифаси банкларнинг капитал ва ликвидлилик буферларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодиётни кредитлаш фаолиятларини давом эттиришини таъминлаш бўлиши лозимлигини таъкидлашмоқда.

Шунинг учун, мамлакатимизда коронавирусга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва иқтисодий фаолликнинг кескин пасайиши сабабли молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик шахсларнинг кредитлари бўйича 7,9 трлн. сўм миқдоридаги қарздорлик кечиктирилди ва қўшимча 7 трлн. сўм миқдоридаги тўловлар реструктуризация қилиниши белгилаб олинди.

Жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 2020 йил апрель-сентябрь ойларида сўндирилиши лозим бўлган 4,7 трлн. сўм миқдоридаги кредитлар муддати узайтирилди.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан хусусий тадбиркорлик корхоналарига айланма маблағларни тўлдириш учун, шу жумладан, истеъмол бозорини энг зарур товарлар билан тўлдириш учун қайта тикланадиган револьвер кредитлар ажратила бошланди.

Шу билан бирга, Марказий банк томонидан коронавирус инқирози даврида тижорат банклари ва тўлов тизимларининг узлуксиз ва барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида:

  • тижорат банкларига 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Марказий банкда депозитга ўтказилиши лозим бўлган мажбурий захираларнинг 35 фоизини (2020 йил 31 мартга қадар 25 фоиз) вакиллик ҳисобварақларида сақлаб қолдиришга рухсат берилди; пул-кредит сиёсатининг мазкур инструментига киритилган ўзгартириш яқин келажакда тижорат банкларини 2,6 трлн. сўм ҳажмидаги қўшимча ликвидлик билан таъминлашга имкон беради;
  • ликвидлилик етишмовчилигига дуч келган тижорат банкларига ҳар ойда умумий суммаси 1 трлн. сўмгача бўлган миқдорда қисқа муддатли ликвидлик тақдим этиш ва заруриятдан келиб чиқиб, 3 йил муддатгача 2 трлн. сўмгача миқдорда қўшича ликвидлик тақдим этишнинг махсус механизмини жорий этиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Ғарбий Европа давлатларида пул-кредит сиёсати ва молиявий тартибга солиш чоралари

Ҳозирда Ғарбий Европа мамлакатлари, айниқса, Италия, Испания ва Германия коронавирус пандемияси ўчоғига айланди. Шунинг учун, мазкур давлатларда инқироз таъсирини камайтириш мақсадида юмшоқ пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатларини амалга ошириш учун бюджет қоидалари ва чекловлари тўхтатилмоқда ва бюджет дефицитининг ошишига йўл қўйилмоқда.

Европа Марказий Банки (ECB) мавжуд активларни сотиб олиш дастури (APP) бўйича 2020 йил охиригача қўшимча 120 млрд. евро миқдорида ва Пандемик фавқулодда сотиб олиш дастури (PEPP) бўйича яна қўшимча 750 млрд. евро миқдорида активларни сотиб олиш орқали пул-кредит сиёсати томонидан иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қарор қилди.

Молиявий регулятор банклар қийин вазиятда қолган мижозларини ва иқтисодиётни кенгроқ қўллаб-қувватлашни давом эттиришлари учун пруденциал талабларни енгиллаштирмоқда. Хусусан, ECB муҳим аҳамиятга эга молия институтларига the Pillar 2 Guidance (P2G) билан белгиланган капитал даражасидан (капитални сақлаш буфери (CCB) ва ликвидликни қоплаш коэффициентидан (LCR)) пастроқ даражада вақтинча фаолият олиб боришга имкон берди.

Италия ҳукумати томонидан қабул қилинган асосий чора-тадбирлар пакети доирасида баъзи уй-хўжаликлари ва кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун кредитларни тўлашга, шу жумладан, ипотека ва овердрафтлар бўйича қарзларни қайтаришга мораторий эълон қилинди. Кичик ва ўрта бизнес субъектларига бериладиган кредитлар бўйича давлат кафолатлари тақдим этилмоқда. Молия ва номолия компанияларга солиқ тўловларини кечиктириш шаклида имтиёзлар берилди. Шунингдек, давлат тараққиёт банкига (Cassa Depositi e Prestiti) 0,5 млрд. евро миқдорида давлат кафолати тақдим этилди. Давлат кафолати тижорат банкларига кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун кредит бериш ва ликвидлилигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Испания ҳукумати фирмалар ва ўз-ўзини иш билан таъминлаган шахслар учун 100 млрд. еврогача бўлган миқдорда давлат кредит кафолатларини тақдим этди. Шунингдек, ҳукумат томонидан экспортёрлар учун Испания экспорт суғурта-кредит компанияси орқали 2 млрд. еврогача давлат кафолатлари ҳамда махсус 2017 йил қурғоқчилик кредит линияларидан фойдаланган ҳолда фермерларга кредит муддатини узайтириш кафолатлари тақдим этилди. Бошқа чора-тадбирлар қаторига Instituto de Credito Oficial (ICO) кредит линиялари учун қўшимча молиялаштириш (10 млрд. евро), туризм соҳаси учун махсус кредит линиясини жорий этиш (400 млн. евро), аҳолининг энг заиф қатлами, шу жумладан уй хўжаликлари, ўз-ўзини иш билан таъминлаганлар ва гаровга қўйилган кўчмас мулкларини ижара берган мулкдорлар учун ипотека тўловларини тўлашга уч ойлик мораторий бериш ва бошқалар киради.

Германияда Евро ҳудуд миқёсида қабул қилинган чораларга қўшимча равишда:

1) банклар учун контрциклик капитал буфери 0,25 фоиздан нолгача туширилди;

2) KfW давлат тараққиёт банки орқали тижорат банклари билан ҳамкорликда компанияларга 100 млрд. евро миқдорида қўшимча қисқа муддатли ликвидлик тақдим этилди;

3) зарар кўрган йирик компанияларнинг акцияларини тўғридан-тўғри сотиб олиш ва уларнинг капитал мавқеини мустаҳкамлаш учун 100 млрд. евро ажратилди.

Россия Федерациясида пул-кредит сиёсати ва молиявий тартибга солиш чоралари

Россия Марказий банки (РМБ) асосий фоиз ставкаси йиллик 6 фоиз даражада ўзгаришсиз сақлаб қолган бўлсада, COVID-19 таъсир кўрсатаётган соҳаларга ёрдам бериш мақсадида банклар учун молиявий тартибга солиш талабларини вақтинча енгиллаштирди ва иқтисодиётнинг айрим тармоқларига берилган валюта кредитлари учун янада қулай шароитларни жорий этди.

Шунингдек, РМБ тизимли равишда муҳим бўлган кредит ташкилотлари учун ликвидлик қоидаларини енгиллаштириш, аҳоли учун тўлов тизими барқарорлигини таъминлаш, онлайн савдо майдончаларини ривожлантириш ва пандемиядан азият чекаётган чакана қарз олувчиларни ҳимоя қилиш чораларини тасдиқлади. РМБ кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш бўйича қайта молиялаш дастурини кенгайтирди ва кредит ташкилотларига 500 млрд. рубль миқдорида кредитларни йилига 4 фоиз ставкаси билан 1 йил муддатга тақдим этди. Бунда, юқори кредит рейтингига эга бўлган кредит ташкилотлари томонидан гаровсиз кредитлар тақдим этилиши ва бундай рейтингга эга бўлмаган кредит ташкилотлари томонидан эса «Корпорация «МСП» кафолати билан кредитлар ажратилиши белгиланди.

Аввалги қайта молиялаш дастури бўйича тақдим этилган 175 млрд. рубль миқдоридаги кредитлар бўйича фоиз ставкасини 6 фоиздан 4 фоизгача пасайтирди ҳамда қарз олувчи учун кредитлар фоиз ставкаси 8,5 фоиздан ошмаслиги кераклигини белгилаб қўйди.

Ишбилармонлик фаолиятининг пасайиши шароитида қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган жисмоний шахслар – қарз олувчиларга кредит тўловларини 6 ойгача кечиктириш орқали кредит таътилларидан фойдаланиш имконияти берилди. Россия Думаси 2020 йил 1 апрель куни тегишли қонун қабул қилди.

Қозоғистонда пул-кредит сиёсати ва молиявий тартибга солиш чоралари

2020 йил 10 март куни Қозоғистон Миллий банки (ҚМБ) нефть нархининг пасайиши билан тенге алмашув курсига босим кучайгандан сўнг асосий фоиз ставкасини 9,25 фоиздан 12 фоизга кўтарди ва фоиз корридорини 1 фоиздан 1,5 фоизгача кенгайтирди. Тижорат банкларига ҚМБ ва молиявий назорат агентлиги томонидан қарзларни тўлашни кечиктиришга ва фавқулодда вазиятда зарар кўрган қарздорлар учун жарималар ва қўшимча тўловлар ундирмасликка кўрсатма берилди. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес кредитлари бўйича тартибга солиш талаблари енгиллаштирилди. Бунда, таваккалчилик мезони (risk weights) миллий валютада кредитлар учун 75 фоиздан 50 фоизга, хорижий валютадаги кредитлар учун 200 фоиздан 100 фоизга туширилди. 23 март куни ҳукумат фавқулодда ҳолат давомида чакана қарз олувчилар учун кредитларни қайтаришни тўхтатиб туришга буйруқ берди.

Халилуллоҳ Ҳамидов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг

Етакчи илмий ходими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар