Сўнгги 10 йилда дунё кимё саноатида барқарор ривожланиш динамикаси сақланиб қолмоқда. Шу давр мобайнида кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 60 фоиздан ошди.
Бугун, кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш даражаси юртимизнинг инновацион ривожланишининг муҳим мезонларидандир. Маҳаллий саноатни янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришда қўшимча қиймат занжирини яратиш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни кенгайтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турларини кўпайтириш мақсадида кимё саноатининг салоҳиятини ривожлантириш учун кенг замин яратилмоқда.
«Ўзкимёсаноат» AЖ маълумотларига кўра, жорий йилда кимё саноатининг ўсиш суръати 108,2 фоизни ташкил этди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 - йил 10 – мартдаги қарорига мувофиқ 15 турдаги умумий қиймати 369,4 млрд. сўм бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган эди. Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари учун қўшимча лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда 22 турдаги кимё саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига эришилди.
Бундан ташқари, ўтган йилнинг ҳозирги даврига нисбатан ишлаб чиқариш ҳажми ошишига эришилиб, калийли ўғитлар, натрий хлорид, автоулов шиналари ва бошқа 12 турдаги янги маҳсулотлар кимё саноати томонидан ўзлаштирилди.
Қўшимча қилиб айтганда, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини пасайтириш бўйича қўлланилган чора-тадбирлар натижасида 255,12 млрд. сўм (йиллик харажатларга нисбатан 3,6% фоиз) миқдорида харажатларни пасайтиришга эришилди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Электрон кооперация портали орқали савдо қилинаётган маҳсулотларнинг қариб 13 фоизини айнан кимё саноати маҳсулотлари ташкил қилиши маҳаллий кимё саноатининг ривожланаётганидан далолат беради.
Портал орқали шу кунгача 241 млрд. сўм миқдоридаги кимё саноати маҳсулотлари савдо қилинган. Ҳозирда порталда жами 3597 дан ортиқ маҳаллий кимё саноати корхоналари рўйхатдан ўтган бўлиб, умумий 2,763 турдаги маҳсулотлар савдога қўйилган.
Жумладан, «Навоийазот» томонидан маҳсулот сотиб олиш бўйича қиймати 18,4 млрд. сўмлик жами 180 та маҳсулот сотиш бўйича қиймати 50,6 млрд. сўмлик 117 та шартномалар тузилган. «Максам-Чирчиқ» AЖ томонидан маҳсулот сотиб олиш бўйича қиймати 76,4 млрд. сўмлик 627 та ҳамкорлик шартномалари имзоланган.
Шунингдек, «Деҳқонобод Калий Заводи» AЖ ва «Биринчи Резинотехника Заводи» МЧЖ томонидан сотиб олиш бўйича умумий қиймати 21,5 млрд. сўмлик 243 та шартнома тузилган.
Изоҳ қолдириш