Марказий банк Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи тўғрисида маълумот берди.
2019 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси кўрсаткичларининг шаклланишига ташқи қарздорликларнинг ортиши, тўғридан-тўғри инвестицияларнинг жалб қилиниши ҳамда улар бўйича «йиғилиб қолган» мажбуриятларнинг сўндирилиши ва келиб тушаётган трансчегаравий пул ўтказмаларининг ўсиши каби омиллар ўз таъсирини ўтказди.
Юқорида келтирилган омилларнинг таъсири остида тўлов балансининг жорий ҳисоби 1,4 млрд. долларга тенг дефицитни кўрсатди. Бунда, савдо баланси ва халқаро хизматларнинг манфий сальдоси (6,1 млрд. долл.) бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг мусбат сальдоси (4,7 млрд. долл.) билан қисман қопланди.
Шу билан бирга, молиявий ҳисобнинг манфий сальдоси резидентлар молиявий мажбуриятларининг кўпайиши (6,1 млрд. долл.), шунингдек резидентлар томонидан молиявий активларнинг сотиб олиниши (1,3 млрд. долл.) натижасида 4,8 млрд. долларни ташкил қилди. Бунда, резерв активлари 662 млн. долларга кўпайди.
Ўзбекистон Республикасининг соф инвестицион позицияси жорий йилнинг 1 октябрида 13,7 млрд. долларни ташкил қилди. Бунда, қолган мамлакатларга нисбатан давлат бошқаруви ва банк секторлари «соф кредиторлар», бошқа секторлар эса «соф қарздорлар» ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг жами ташқи қарзи жорий йилнинг 1 октябрида 21,5 млрд. долларни ташкил қилган бўлиб, ундан 13,8 млрд. доллари давлат секторининг қарзлари, 7,7 млрд. доллари хусусий ташқи қарз ҳисобланади, дейилади Марказий банк ахборотида.
Изоҳ қолдириш