«МИСиС»нинг Олмалиқ филиалида ўқиётган илғор талабалар учун 3 хил стипендия жорий қилинади

«МИСиС»нинг Олмалиқ филиалида ўқиётган илғор талабалар учун 3 хил стипендия жорий қилинади

Вилоят ҳокимига Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов ва шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов ҳамроҳлик қилди.

Дастлаб меҳмонларга филиалда рақамли муҳитни яратиш доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тақдимот қилинди. Филиалнинг 2021-2030 йилларга мўлжалланган стратегик ривожланиш концепциясининг асосий йўналишлари, уларнинг “ОКМК”да амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар билан уйғунлиги бўйича маълумот берилди.

Шундан сўнг меҳмонлар бу ерда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди. Зойир Мирзаев илмий-тадқиқот ва ўқув-тажриба хоналарини кўздан кечириб, ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича масъуллар билан суҳбатлашди. Айниқса, филиал ҳузурида ташкил этилган “Гис-геомикс” илмий-ўқув ва муҳандислик марказида олиб борилаётган тадқиқот ишларига алоҳида қизиқиш билдирилди.

Ҳозирги кунда филиал профессор-ўқитувчилари томонидан Республикамиз кон-металлургия саноати корхоналари муаммолари юзасидан жами 810 миллион сўмлик хўжалик шартномалари имзоланган ва Инновацион ривожланиш вазирлиги эълон қилган амалий мавзу бўйича 1 миллиард 288 миллион сўмлик илмий-тадқиқот ишлари бажарилмоқда. Мамлакатимиз ишлаб чиқариш корхоналарида юзага келаётган илмий муаммолар бўйича 1,5 миллиард сўмдан ортиқ илмий-тадқиқот ишлари бажарилиши режалаштирилган.

Ташриф доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашув ўтказилди.

– Энг изланувчан ва интилувчан ёшларимиз дунёнинг энг илғор тажрибаларини бориб ўзлаштирсин, – деди Зойир Мирзаев. – Бу борадаги билим ва кўникмаларини ўзимизда татбиқ этсин. Шу билан бирга, ёшлар миллийлигимиз ва маънавиятимизни унутмаслиги керак. Мана шундай ёшлар учун "Вилоят ҳокими стипендияси"ни жорий этамиз.

Шунингдек, суҳбат мобайнида инновацион ғоялар учун Инновацион ривожланиш вазирлиги ва технологиялар йўналиши бўйича “ОКМК” АЖнинг стипендиялари берилиши бўйича дастур тайёрланадиган бўлди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар